Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мусо МУРОДОВ таржимаси

26.10.2017


БРУНЕЙНИНГ СЕРХАРАЖАТ СУЛТОНИ

Хассанал Балкиах йигирма ёшида Бруней тахтига ўтириб, унинг 29-султони бўлганди. Чавгон ўйнаш унинг жону дили. Вертолётда учишни ҳам хуш кўради. Бундан ўн йил бурун Хассанал мамлакат конституциясини қайтадан ёзди. Унга кўра, энди султон хато қилмайдиган, бенуқсон кишига айланди. Бундан буёғига султоннинг ҳеч бир қарори, у хоҳ давлат, хоҳ шахсий аҳамиятга молик бўлсин, шубҳа остига олиниши мумкин эмас. Султон ва унинг оиласини ҳақорат қилган киши жиноий жавобгарликка тортилади. Хассанал Балкиах бир вақтнинг ўзида ҳам давлат бошлиғи, ҳам диний етакчи, бош вазир, мудофаа ва молия вазири, шунингдек, Бруней қуролли кучлари бош қўмондони ҳамдир.

Султон оиласига яқин амалдорнинг “Fortune” журналига берган интервьюсида таъкидланишича, султон Хассанал ва унинг укаси Жефрининг пулларига дунёдаги барча беморларни даволаса бўларкан.

Султонликдаги жаннат монанд ҳаёт тарзи ҳақида дунё аҳли фақат 2011 йилга келиб хабардор бўлган. “Vanity Fair” журналида ҳукмдор фаолиятига оид танқидий мақола чоп этилгач, дунё афкор оммаси  ҳайратдан ёқа ушлади.

Султоннинг бир нечта ҳашаматли саройи бор. Улардан энг каттаси Нурул-Имон, унинг 1788 та хонаси, 257 та ваннахонаси, 5 та сузиш ҳавзаси, бир ярим минг кишига мўлжалланган масжид, 5 минг кишига мўлжалланган зиёфатлар ўтказиладиган зали ҳамда 500 та автомобиль сиғадиган гаражи, шунингдек, 200 та от боқиладиган кондиционерли отхонаси ҳам бор. Ушбу сарой Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган.

Ҳаво очиқ кунлари Нурул-Имон ял-ял товланади. Унинг гумбази 20 қиротли олтин билан безатилган. Султон гаражида дунёнинг энг қиммат автомобиллари сақланади. Бу уловлар учун беҳуда пул сарфланган, барибир улардан фойдаланишмайди. Чунки юрадиган йўлнинг ўзи йўқ. Бруней йўлларининг аксарият қисми ҳалиям асфальтланмаган.

Султон гольф ўйнашни ҳам яхши кўради. Бир сафар шаҳзода Чарльз билан гольф ўйнаётганида туфлиси оёғини бироз қисгани учун саройдан янгисини олиб келишга бутун бошли вертолётни жўнатган.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Кўплаб ҳашаматли меҳмонхоналар, 17 та самолёт, 9 мингта автомобиль, дунёнинг 12 мамлакатида 150 та уй ва яна бир қанча нарсалар султон оиласига тегишли мол-мулклар рўйхатига киради.

2012 йилда “Forbes” журнали ер ости бойликлари – нефть ва газга бой Брунейни дунёнинг энг бой мамлакатлари бешталигига киритганди. Мамлакат 1970 йилдан бошлаб нефть экспорт қилади. Бугун давлат бюджетининг 90 фоизини “қора олтин” сотувидан тушган даромад ташкил этади. Айни пайтда 71 яшар султон Хассанал Балкиахнинг бойлиги 20 миллиард долларни ташкил этади.

Мамлакат бойиган сари султон ва унинг яқинлари ҳам мос равишда бойиб боради. Келаётган даромаддан ўз улушини олиб турган ҳокими мутлақ ва унинг оиласи жаҳоннинг энг бадавлат оилаларидан бирига айланди. Мамлакат фуқароларига сиёсий партия, мухолифат, сайловлар, мустақил ОАВ деган тушунчалар мутлақо бегона. Буларнинг кераги ҳам йўқ. Даромад солиғи тўламаса, таълим ва тиббий хизмат бепул бўлса, яхшигина пенсия тўланса, уй ёки машина олмоқчи бўлганларга жуда кам фоизли кредит ажратилса – яна нима керак уларга?! “Lancet” журнали тадқиқотларига кўра, Бруней султонлиги БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари” лойиҳасини амалга оширишда 188 та давлат ўртасида 25-ўринни эгаллаб келади.

Султоннинг укаси Жефрига 10 йил давомида ҳар бир кунлик харажатлари учун 747 минг доллардан маблағ сарфлангани манаман деган миллиардерни ҳам ҳайратда қолдириши турган гап. Жефри фойдаланадиган ҳар бир нарса олтин билан безатилган. Ҳатто ахлат қутисигача тиллодан.

Ўзининг 50 йиллик юбилейига бағишлаб ўтказилган зиёфатга султон 17 миллион доллар тўлаб, кимсан нақ Майкл Жексонни таклиф қилади. Шунингдек, зиёфатга бутун мамлакат фуқаролари ҳам таклиф этилади.  Ўзининг шахсий самолётини олтин ва қимматбаҳо тошлар билан безаб, ҳашаматли саройга айлантиради. Қариндошлари ва дўсту биродарларига 17 миллиард долларлик совға-салом харид қилади. Ҳотамтой султон қизининг туғилган кунига 100 миллион долларга Airbus A340  совға қилган.

Шаҳзода Жефри ўзини америкаликларга хос Робин исми билан аташларини ёқтиради. У Америка билан боғлиқ барча нарсага ишқибоз: автомобиль дейсизми, кийим-кечак, “оммавий маданият” ёки  бошқа нарса, кўнглига ёқдими, тамом.

Шаҳзоданинг “шўхликлари” жонига теккан султон уни давлат ғазнасига катта талафот етказганликда айблаб, Лондон судига берган. Тортишув 10 йил давом этди ва султон фойдасига ҳал бўлди. Жефри сарфлаган пулларининг бир қисминигина қайтарди, холос. Бироқ ҳеч қанча вақт ўтмасдан иккаласи ҳам гўёки ҳеч нарса бўлмагандек гина-кудуратни унутиб, яна аввалгидек айшу ишратни давом эттиришди.

2014 йилга келиб роҳат-фароғатда   кечаётган ҳаётга путур ета бошлади. Нефтнинг баҳоси кескин тушиб кетди. Акаларининг ахлоқсизлиги ҳамда  давлат маблағларини сарфлашда исрофгарчиликка йўл қўйиб, мамлакатни жар ёқасига олиб келгани учун султоннинг иккинчи укаси Муҳаммад уларни маломатга қўяди. Бундан қаттиқ таъсирланган Балкиах уни вазир этиб тайинлайди ва иқтисодиётни ислоҳ қилишни унинг ўзига топширади. Муҳаммад эса кўп ҳам ўйлаб ўтирмай, ғазнадан икки миллиард доллар олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади, натижада шармандаларча истеъфога чиқарилади.

Сўнг мамлакатдаги иқтисодий тангликни ўнглаш учун султоннинг ўзи жиддий шуғулланишига тўғри келади. Биринчи навбатда у ўзининг нафсини тийишга қарор қилади ва мамлакатда хусусий бизнесни ривожлантиришга эътибор берди. Энг оқсаётган соҳалардан бири - туризмни ривожлантириш учун қатор лойиҳалар амалга оширила бошланди. Бироқ ҳозирча буларнинг ҳеч бири кутилган натижани бермаяпти. Айниқса, хорижлик сайёҳларни жалб этиш борасида тўсиқлар кўп. Чамаси тийиқсиз харажатлар мамлакат ҳаётининг ҳар бир жабҳасига ўзининг таъсирини кўрсатиб улгурган.

Сергей МАНУКОВ

Манба: kommersant.ru

Рус тилидан Мусо МУРОДОВ таржимаси

Report typo