Унинг туғилган санаси баъзи манбаларда номаълум, баъзиларида 858 йил деб кўрсатилади. Аммо она қишлоғи ҳозирги Тожикистон Республикасидаги Панжрудак қишлоғи эканлиги маълум. Ёшлигиданоқ илмга чанқоқ, туғма қобилиятга эга ва қизиқувчан Рудакий мусиқачи, ашулачи ва шоир сифатида ном қозонади. Замонасининг машҳур чолғучиси Абул Аббос Бахтиёрга шогирд тушиб, турли хил чолғу асбобларини маҳорат билан чалиш санъатини пухта эгаллайди. Шоирнинг:
Рудакий қўлига созини олди,
Бодани қўйки, куйлади-чалди,
мисраларидан мусиқага бўлган иштиёқини англаб олиш қийин эмас. Шунингдек, Рудакий дин илмида ҳам юқори натижаларга эришган. Араб тилини мукаммал ўрганган. Қуръонни ҳифз этиб, халқ маъракаларида ёқимли товуш билан қироатлар ўқиган. Унинг маҳоратини эшитган Бухоро ҳокими Наср ибн Аҳмад Сомоний эса Рудакийни ўз саройига таклиф этади ва уни сарой шоирларига раҳнамо этиб тайинлайди. Шоир ижодининг гуллаб-яшнаши том маънода ана шу сарой муҳити билан боғлиқ бўлса-да, бу ердаги ҳаёт Рудакий учун умрининг охиригача бир текисда осойишта кечмади. Қирқ йил сарой шоирларига бошчилик қилган, бу ердаги адабий муҳитнинг юксалиши учун умри бўйи хизмат қилган аллома қариган чоғида фитнага учраб, кўзига мил тортилган. Мол-мулки таланиб, Бухородан қувиб юборилган. Унинг:
Жаҳон шундай эди, аввал бошидан,
Азалдан то охир шундай қолади.
Гоҳ тожу тахт бериб, кўтарар чунон,
Кўплар сени кўриб, ақли толади.
Сўнгра заиф жонинг ер билан қориб,
Бошинга неча хил бало солади,
деган ўтли мисралари ўз умри асосида чиқарган хулосаси бўлса ажаб эмас. Чунки икки кўзи сўқир, кексаликда мадорсиз ва қашшоқ шоир умри охиридаги хўрликлардан қаттиқ азият чекади. Сарсон-саргардон ўз қишлоғига келиб, 942 йилда (баъзи манбаларда 941 йилда) вафот этади. Ҳозирда Панжрудак қишлоғидан шоирнинг қабри топилган ва мақбара тикланган.
Рудакий меросининг жуда кам қисмигина бизгача етиб келган. Тарихий манбаларда қайд этилишича, шоир умри давомида юз минг байтдан иборат шеърлар яратган. У Мовароуннаҳрда биринчи бўлиб девон тузган. Форс-тожик шеъриятининг деярли барча шаклларида ижод қилган ва мазкур шаклларни ишлаб берган. Ғазал, рубоий, қасида, мадҳия, марсия, панду ҳикмат, ҳасби ҳол, мазаммат, ҳажв ва чистон жанрларида бир неча нодир асарлар яратган. Аммо унинг ана шу улкан адабий меросидан бизгача етиб келгани минг байт атрофидаги шеърлари холос. Лекин ана шу камгина намуналардан ҳам Рудакийнинг доҳиёна шеърий маҳоратини билиб олиш қийин эмас. Унинг шеърлари ниҳоятда халқчил ва осон ўқилади. Шоир ўз ижодида дунёнинг тузилиши, ҳаёт ҳодисалари, инсон феъл-атвори ва хатти-ҳаракатлари ҳақида фалсафий мушоҳадалар юритади, панд-насиҳатлар қилади, ишқу муҳаббатни баланд пардаларда куйлайди, дунёвий севгини улуғлайди. Мисол учун унинг:
Қўлингдаги тиғ бўлса ҳам олмос,
Одамни ноҳақ ўлдирмоққамас.
Яратилган эмас тиғ ситам учун,
Узумдан мақсад эмас мусаллас.
Ўлдирилган жонсиз танани кўриб,
Исо бармоқ тишлаб қолди бир нафас.
Деди: "Кимнинг хунин
сендан олдилар,
Хунингдан қутилмас
қотилинг ҳам, бас"
Сенинг эшигинга
мушт туширишар,
Биров эшигини
чертмоқлик абас,
деган шеърида кишиларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибат ва юксак инсоний фазилатлари ҳақида муаллифнинг панд-насиҳатлари айтилади.
Бу дунё омонат, ҳаммамиз меҳмон,
Хасисларча кўнгил боғламоқ хато,
мисралари билан бошланувчи шеърида аллома дунё ва инсон фалсафасини чуқур акс эттиради. Шарқ шеъриятининг асосий мавзуларидан бирига айланган муҳаббат мавзуси Рудакий шеърларида ҳам катта ўрин эгаллайди. Ошиқ ва маъшуқ тимсоли гўзал ташбеҳлар, қочирмалар билан ифодалаб берилади:
Рўмоли остида майин ипакми,
Нимадир ялтирар мисоли дебо.
Қомати жаннатий ҳурлар қомати,
Оёқлари ўрдак пойидек зебо.
Ёки:
Ўзингдан узоқроқ тутгил чироғинг,
Уни хира қилур ҳусни порлоғинг.
Оламни тутмиш дил кабоблар иси,
Сезмасанг хастадир, эй дил, димоғинг, каби шеърларида ёр жамоли мадҳ этилса,
Ғамингдин кўзларим тўкди ақиқ-дур,
Ғамидан юзимда минг гул очилур.
Жоним ичра ниҳон тутган сиримни,
Кўз ёшим фош этиб элга сочилур
каби мисраларида ишқ гирдобига тушган ошиқнинг ҳижрон азоблари шоирона маҳорат билан чизиб берилади.
Рудакий ўз замонасининг буюк аллома шоири сифатида ном қозонган бўлса-да, у ва ижоди ҳақида бизгача жуда кам маълумотлар етиб келган.
Шундай бўлса-да, бизга маълум маълумотлар, алломанинг сақланиб қолган ижод маҳсули Рудакий шахси ва истеъдоди ҳақида ёрқин тасаввур уйғота олади.
ЖАҲОНГИР тайёрлади.