Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан ўтган йили "Обод қишлоқ" лойиҳаси доирасида ишлар бошланган эди. 2018 йилда вилоятимизда ҳам Президент қарорига асосан 26 та, ички имкониятлардан келиб чиқиб яна 3 та, жами 29 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинида ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Жорий йилда эса вилоятда ҳар бир ҳудуддан 3 та, яъни 13 та тумандаги 39 та қишлоқ ва маҳаллада аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш, мазкур қишлоқ ёки маҳаллаларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Ушбу ишлар учун барча манбалар ҳисобидан 411 миллиард 730 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Дастурнинг амалга оширилиши натижасида мазкур маҳалла ва қишлоқлардаги 37 минг 855 та хонадонда истиқомат қилаётган 221 минг 331 нафар аҳоли яшаш учун қулай шарт-шароитларга эга бўлиши кўзда тутилган.
Қайд этиш ўринли, ўтган йили "Обод қишлоқ" дастурига киритилган барча қишлоқларда ҳам ишлар аввал режа қилингани каби бажарилгани йўқ. Баъзи маҳаллаларда белгиланган иш ўринлари яратилмаган бўлса, баъзиларида йўл, тоза ичимлик суви муаммолари ҳамон сақланиб турибди. Ўйлаймизки, бу йил ўтган йилдан қолган ишлар тўлиқ тугатилиши билан бирга, Дастурга янги киритилган 39 та маҳалланинг қиёфасида, аҳолининг яшаш шароитида чиндан кутилган ўзгаришлар бўлади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ