Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

09.08.2018


БУ ЙИЛГИ АБИТУРИЕНТНИНГ ОМАДИ НИМАДА?

Инглиз сиёсий арбоби Уинстон Черчилль “Демократия мукаммал   бошқарув эмас, бироқ ҳозирча инсоният бундан яхшисини ўйлаб топгани йўқ” деганидек, тест синовлари ҳам киши билимини синовдан ўтказишда мукаммал тизим эмас, бироқ бундан афзали йўқ ҳозирча.

Ўз навбатида бу йилги абитуриентларнинг омади борлигини ҳам тан олиш керак. Кимдир “Ҳа энди, имтиҳон манежда ўтказилгани билан адолатли бўлиб қолармиди, “ўйин” қиладиган одам хоҳлаган жойида қилаверади” ёки “Назорат кучайтирилгани билан, ана, Самарқандда тест саволлари ташқарига чиқиб кетди-ку” қабилида фикр билдириши мумкин. Тўғри, мутлақ мукаммал тизимни яратиш қийин, бироқ биргина шу йил жорий қилинган ўзгаришларни аввалги аҳвол билан бир солиштириб кўрсак, улар оламшумул бўлмагани билан ўқиган талабгор ўз билимига таяна олмоқда.

5-СИНФ ЎҚУВЧИСИГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ДАРСЛИК ПРОФЕССОРНИ ҲАМ ДОВДИРАТИБ ҚЎЯ(Р)ДИ

Тарих фани бўйича тестга тайёрланганлар яхши билади, аввал 5-6-синфлар учун мўлжалланган яхлит жаҳон тарихи дарслиги бўларди. Жуда қизиқ, фактларга тўла китоб эдию, бироқ у ҳатто университет талабасига ҳам оғирлик қилар, бордию бирор профессорга шу китобни ёдлаб чиқиш топширилганда, у ҳам довдираб қолиши табиий эди. Наилож, ўқишга кирмоқчимисиз, ёдлаб чиқишингиз шарт!

Кейин ўша дарслик 6-синфлар учун алоҳида шаклга келтирилди. Абдужаббор Кабиров муаллифлигидаги бу китобни ҳам осон деб бўлмасди. Қадимги Миср, Месопотамия, Эрон, Юнонистон, Риму бошқа давлатлар тарихи миридан-сиригача айтилган бу китобнинг русча вариантини биз университетда қийналиб ўқидик. Ҳозиргача ақлим бовар қилмайди: қандай қилиб бу китоб 6-синф ўқувчисига, 12 яшар болага тақдим қилинган? Ахир, ғўр бола қадимги Мисрнинг 26-фиръавнлиги даврида қилинган ислоҳотнию Крит оролида цивилизация қачон пайдо бўлганини қандай эслаб қолсин?!

Аслида бундай китоблар боланинг тарихга қизиқишини кучайтириш ўрнига фандан бездирарди. Тўғри, китобда жуда яхши маълумотлар келтирилган, бироқ ўқувчининг ёши инобатга олинмаганди. Тиши чиқмаган болага чайнамай гўшт тутмайди-ку ҳеч ким. Аммо ўша йилларнинг авлоди тиши ўтмаса-да, қийин китобларни “ҳазм” қилишга мажбур бўлган.

Ёки яқин-яқинларгача мактабларда ўқитилган, 2007 йилдан муомаладан чиқарилган 9-синф дарслиги ҳам ўта мураккаблиги билан абитуриентларнинг бошини шиширгани бор гап. Давлатлар тарихини амалласа бўларди, аммо охирида “илм-фан ва маданият” қисми бор эдики, XIX аср охири – ХХ аср бошида яшаган олимлару кашфиётчилар, рассомлар, адибу шоирлар, уларнинг қилган ишлари, яшаган йиллари, қайси давлатдан экани унча-мунча компьютер хотирасини тўлдириб қўяди, десак муболаға бўлмайди.

Бундай олганда, университетга тарихдан ҳамма нарсани билиб кирардигу, амалда ҳеч нарсани билмасдик. Чунки олий ўқув юртига қабул тест  орқали амалга ошириларкан, бунда фикрлаш эмас, ёдлаш кифоя. Ўқиш давомида шуни билиб олдикки, чет элда абитуриентдан бу қадар “кенг” билим талаб қилинмас, ҳатто у профессор бўлганда ҳам, дейлик, месопотамиялик Шаррукен тузган мунтазам қўшин сонини билмаслиги мумкин экан (ваҳоланки буни бизда 6-синф боласи ҳам “билади”). Бунинг ўрнига улар кичик мавзуни атрофлича ёритар, масалан, кельтларнинг байроғи, у қандай бўлган, нега шундай, шу масалани керак бўлса умри давомида ўрганаркан. Балки шу сабабдир, дунё тарихи бўйича қилинган тадқиқотлар кўп уларда. Бизда-чи? Масалан, Амир Темур даври тангалари ҳақида қанчалик батафсил маълумот бор? Ёки Соҳибқирон қилган биринчи кенг қурилиш – Қарши девори ҳақида нималарни биламиз?

Шундай экан, жуда кенг миқёсдаги тарихни ёдлаш билан талабага айланганлар кейинги қаричини ҳам шундай олиши – катта-катта даврлар, масалан, бутун бошли Аштархонийлар, Шайбонийлар даври ҳақида илмий ишлар қилиб ташлашига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади.

Хуллас, бир инсоннинг илм йўлини ана шундай тест тизими белгилаб бераётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Бироқ бугунги дарсликларга кўз ташларканман, улар аввалгиларига қараганда ўн карра осонроқ эканига амин бўламан. Ҳарҳолда фактлар қалаштириб ташлангани йўқ. Биргина 8-синф Ўзбекистон тарихи дарслигида бундан аввалги нашрларида келтирилган маълумотлар кескин қисқартириб ташланган, инсофан иш тутилган. “Қолгани қаерга кетди”, деган савол туғилиши мумкин: қолгани олий таълим давомида ўргатилади. Шундай қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Шундай экан, бу йилги абитуриентнинг биринчи омади – инсоф билан тузилган дарсликларда деб айтиш мумкин.

ДАРСЛИК АЛМАШИШИГА ТОБИНГИЗ ҚАНДАЙ?

Дарҳақиқат, дарслик алмашиши – абитуриентнинг шўри. Бундай ҳолат 2007 йилда юз берган. Ўқув йили бошланиб, бир неча ой ўтгандан кейин анча “озғин” янги дарсликлар пайдо бўлди (кейин билсак, зўрники тегирмон юрғизар – дарсликлар ҳам худди ер сотгандай тендер билан бериларкан). Биров бу йил бу китоблардан савол келмайди, деди, биров келади, деди. Май ойларига бориб, тест саволлари айнан ўша китоблардан тузилиши ойдинлашди. Балки соҳа амалдорлари шу ҳақда расман маълум қилгандир. Ҳар ҳолда биз – абитуриентлар аниқ хабарга эга эмасдик.

Хуллас, “семиз” китоблардан шунча ўқиганимиз ҳавога учди-кетди – янгиларини ўзлаштириш учун июнь-июлдаги озгина муддат етиб-етмай қолди.

Айни пайтдаги абитуриентларни дарсликларнинг кутилмаган ўзгариши безовта қилаётгани йўқ ҳисоби. Китоблар қайта нашр этилаётган бўлиши мумкин, бироқ мутлақо янгиси билан ўрин алмашмаяпти. Табиийки, уларни йил давомида кўнгилни бузмай бемалол ўзлаштириш мумкин.

“ПАРАВОЗ”ЛАР ЮРМАЙ ҚОЛДИ...

Бу йил вилоятимиздан бир кунда 100 дан зиёд “паравоз” ушланибди. Яъни ўрин алмашиб кириб, абитуриентни изидан тортадиганлар, шу ишни ғайриқонуний тарзда мўмай даромад манбаига айлантириб олганлар оёғига тушов солинибди. Катта ўзгариш-ку бу! Илгариям шундай гаплар эшитармидик? Бир “паравоз”нинг 4-5 минг ва ундан кўп “кўк”идан ишлаб чиққани қулоғимизга чалингану бир кунда 100 нафари қўлга тушганини ҳеч эшитганимиз йўқ-да. Бу – 100 нафар билимли абитуриентнинг йўли очилди дегани-ку.

Бу йилдан янги аппаратлар ишга солинибди: кишини юзидан таниб оларкан. Аввал укаси, таниши, дўсти ўрнига тестга кирганлар, жуда бўлмаса имтиҳонга кириб ўзини синаб кўриш табиий ҳол эди. Мана, ҳар қиёфага кира оладиган “Фантомас”лар фаолиятини чекласа бўларкан.

“БУНКЕР”ДА ҲАММАЁҚ ТИНЧ...

Илгари “бункер” отлиқ қатлам бўларди. Зўр билимли, катта балл билан ўқишга кирганлар, домлалар учун имтиҳон ўтадиган жойда алоҳида шароит ҳозирланиб (гўёки ҳеч ким дахл қила олмайдиган бункер), тест саволлари чиқариб берилар, айримлари гуруҳларга ҳам сингдириларди. Айтишларича, бундайларнинг    бошқалардан аниқ фарқи бўлар, масалан, чимчилоғида тиккасига чизилган яшил чизиқми, хуллас, шунга ўхшаш белгидан ажратиб олинарди. Назоратчилар бундайларга тегмас, улар эса такасалтангларни талабага айлантиришга зўр берарди.

Энди имтиҳонлар ягона бинода ўтказиладиган бўлди ва ундай “бункер”лар ҳувиллаб қолди.

МАНЕЖНИНГ ФОЙДАСИ

Имтиҳонларнинг умумий бинода ўтишини кимдир қабул қила олмаётган бўлиши мумкин, аммо бу ерда видеокузатув имконияти мавжудлиги кўп нарсани осонлаштираяпти.

Аввал имтиҳон алоҳида хоналарда бўлар, уларга умумтаълим мактабларидан бириктирилган назоратчилар шпаргалка ё бошқа воситалардан фойдаланишга рухсат бериши эвазига абитуриентларнинг ҳар биридан 30-40 минг сўмдан “йиғим” ундирар, шу билан амалда ўқигану, имтиҳонга шпаргалка, телефон олиб кирмаган ўғил-қизларнинг талаба бўлишига тўсқинлик қилишарди.

Имтиҳон манежда ўтаркан, ўшандай назоратчиларнинг “ризқи қийилди”. Бордию абитуриент шпаргалкадан фойдаланиб тест ечгани кейинчалик видеоёзувлар ёрдамида аниқланса ҳам унга нисбатан чора кўриладиган бўлди. Буям ўқиган-тайёрланганлар имкониятини ошириши шубҳасиз.

“РЕКТОРСКАЯ ГРУППА”

Аввал шундай ибора бор эди. Давлат тест маркази масъули ҳамда баъзи олий ўқув юртлари ректорлари телевидениеда бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини айтиб, бутун мамлакатда кулгига қолган, “ўзга сайёраликлар” деган нисбатга ҳам эга бўлишганди.

Аслида “ректорская группа”лар ҳамма олий ўқув юртида бор эди, нуфузли олийгоҳларда айниқса анча фаол ишларди.

Бундай “группа”ларнинг мазмуни шундан иборатки, аввалдан келишилган (пулини берган) абитуриентлар битта хонада жамланади (уларни ДТМ варақалари рақами изма-из келишидан билиб олса бўларди). Кейин ҳар бир фан бўйича кучли тест ечарлар киради-да (“ректорская группа”лар жойлашган хоналар дахлсиз бўлади, уларга ҳеч ким ғиринг демайди), тест саволларини ишлаб беради. Бундай “группа”ларга тушганлар албатта талаба бўлишини умрида тест топширмаган, чекка қишлоқдаги оддий деҳқон ҳам биларди.

Ниҳоят, “ректорская”лар ҳам яқин тарихнинг ёқимсиз сарқитига айланиб турибди...

Х-ВАРИАНТЛАР

 Х-вариант дегани – имтиҳон куни тушадиган саволларнинг жавоби. Улар илгари Давлат тест маркази орқали сизиб чиқар, айрим ҳолларда битта фандан 36 та саволга ҳам жавоб бўларди. Шу сабаб айрим олий ўқув юртларига кириш баллари инсофсиз бир тарзда жуда кўтарилиб кетган, 200 баллдан тушгиси келмас, бу борада қилинган шикоятлар билан эса биров қизиқмас эди.

Бу йил ҳозирча бундай вариантлар ҳақида эшитмадик. Эшитмайлик ҳам.

ТЕСТМИ БУ, БОШҚОТИРМА?!

Александр Македонский Бақтрияни босиб олганидан 779 йил ўтиб қандай воқеа содир бўлган?

Ғалати савол-а? Жавобни топиш учун аввал Бақтрия эгалланган санани билиш керак. Бир амаллаб ўша сана милоддан аввалги 330 йил эканини билдингиз ҳам дейлик. Унинг милоддан аввал эканини ҳисобга олиб, 779 дан айирамиз (айирув-қўшувда, милодий ва ундан аввалгида хато қила кўрманг, ҳисоб чиқмайди!). 449 қолдими? Демак, милодий шу йилда юз берган воқеа-ҳодисаларни бирма-бир ёдга олиш керак. Бундай саволларни ишлаган тарихчиларимиз бу кетишда математик бўлиб кетиши керак эди, афсуски, бундай бўлмади – улардан математик чиқмади.

Ёки тест бўлиб келган Хива хонлигида ижтимоий аҳвол нисбатан қайси ҳукмдор даврида яхшиланди, деган саволни олайлик. Шундай савол бўлиши мумкинми? Хўш, ким билади қайси ҳукмдор даврида аҳвол нисбатан яхшиланганини? Ким бориб кўрган? Фақат манбалар орқали қандайдир тасаввурга эга бўлиш мумкин, холос.

Гап шундаки, дарсликда айнан фалончи даврида “нисбатан яхшиланди” деган маълумот келтирилган экан. Ўзидан аввалги ҳукмдорга нисбатан яхшиландими ё бошқаларга, бу ҳақда гап йўқ. Балки дарслик муаллифи бу маълумотдан тест саволи тузилишини билганида, масалани конкретлаштирар, аниқ ҳолатни айтарди. Умумий, мавҳум бир ҳолатни аниқ савол қилиб бериб бўлмайди-ку.

Айтмоқчи бўлганим – тест саволлари дарсликнинг айнан бирор жойидан “юлиб” тузилаётгани ҳеч кимни фикрлашга ўргатмайди, фақат ёд оладиган тўтиқушга айлантиради, холос.

Эшитаяпмиз – бу йилги саволлар у қадар қийин эмас (янаям аниғини кейинроқ биламиз).

* * *

Кўрдикки, бу йилги абитуриент кўп нарсада ютаяпти. Ўқиган, пухта тайёрланган бўлса, талабалик нақд. Шундай экан, катта ҳаётга дадил қадам ташлашга аҳд қилган эй абитуриент, борингни, билимингни кўрсат, ҳеч ким оёғингдан чалаётгани, йўлингга тўсиқ бўлаётгани йўқ, сендан аввал 20 йил тест ишлаб, боши тошга урилган ака-опаларинг ҳаққи – ҳалол йўл билан талабага айлан, абитуриент номини оқла!..

Б.ЎКТАМ

 

Report typo