Бир пайтлар “Ғалаба” номи остида чоп этилган “Китоб тонги” газетасининг сарғайган саҳифаларида Иккинчи жаҳон урушида Китобдан 3956 киши фронтга кетгани битилган. Улардан 1671 нафари омон қолган. Урушдан Шодмон Умаров қаҳрамон бўлиб, Саид Ниёзов, Абдулла Эгамов ва бошқалар кўплаб жанговар орден ва медалларни тақиб қайтишган. Кейинчалик улар таълим қишлоқ хўжалиги, партия, ташкилотларида меҳнат қилишди.
Бугун эса шундай дориломон кунларга етиб келганидан қалбини шукроналик туйғуси чўлғаб олган отахонлар Китобда 9 нафар... Уларни қутлаш, йўқлаш, байрам билан муборакбод этиш учун хонадонларига туман ҳокимлиги, мудофаа ишлари бўлими, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, касаба уюшмаси ташкилотлари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, почта алоқа боғламаси раҳбарлари кириб келишди.
Ташриф Минглар қишлоғида яшовчи Маҳмуд ота Ризаевнинг хонадонидан бошланди. Дарвоза яқинидаги чорпояда ўтирган Маҳмуд отанинг ҳаётдан мамнунлиги шундоққина кўриниб турибди, атрофида фарзандлари парвона. Даста-даста гул кўтариб 6-мактаб ўқувчилари ҳам келишган. Уларнинг бири қўйиб бири шеърлар айтишди. Шеърларида Ватанни, мардликни, жасоратни мадҳ этишди.
Фахрийлардан яна бири – варганзалик Мирзамурод ота Раҳимов кўплаб варганзаликларнинг севимли устози, узоқ йиллар 54-умумтаълим мактабида ишлаган. У кишига ҳеч ким 92 ёш бермайди. “Кеча хабар олгани келсам отахон ўт ўриб юрибдилар”, – дейди ҳазил аралаш Қаторбоғ қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Зиёдулла Мирзаев. – Куч-қувватлари йигитларникидан қолишмайди”.
Бештераклик Мусурмон ота Ҳусановга кексалик ўз таъсирини кўрсатган. 5 йилдирки тўшакда михланиб, кўзлари ожиз бўлиб қолган. Яхшиямки, Тоҳиржон ўғиллари, Мақсудаой келинлари бор. Улар отахонни оқ ювиб, оқ тараб юрибдилар.
Китобнинг қирлар қўйнида, тоғлар этагида жойлашган Юқори Оёқчи қишлоғида яна бир Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси – Ҳаким ота Қодиров истиқомат қилади. Отахон анча тетик, бардам, кампирлари Қамбар момо билан бирга қарийб 70 йилдан буён умргузаронлик қилиб келаяптилар. Келинлари Насиба қайнона ва қайнотаси атрофида парвона, набиралари Жавлон бобосининг энг яқин ҳамроҳи.
Шариф ота Қобилов ҳам урушнинг қонли кунларини бошидан кечирганлардан бири. 95 ёшга кирган отахон уруш даҳшатларини ҳали-ҳануз унутолмайди. Фарзандлари, набиралари ва эвараларини ҳамиша тинчликнинг қадрига етишга чақиргани чақирган.
Чиғатой қишлоғида яшовчи Саид ота Султонов Украина, Белоруссия фронтларида жанг қилган. Сталин-градни озод этишда қатнашиб яраланган. “Ҳалиям жароҳатнинг изи бор, – дейди Саид ота. – Аммо урушнинг юракдаги жароҳати ундан-да чуқур, битмас”. Шунинг учун ҳам уруш ҳақида гап кетса Саид отанинг юзлари жиддий тортади, урушни ажал бозори, қиёмат, деб атайди.
Паландаралик Ниёз ота Рўзиев бугун танасига азоб бериб келаётган уруш ва кексалик оғриқларини унутиб, тонг саҳардан атрофини қуршаб олган ўғил-қизларига, фарзандидай бўлиб қолган келинига табассум қилди, очиқ чеҳра билан дарвозага кўз тикди. Урушдан кейин бутун умрини болалар тарбиясига бағишлаб, устоз-мураббий даражасига кўтарилган отахонни байрам кунлари йўқловчилар ҳаммадан кўп бўлиши табиий.
Ҳаловат қишлоғида яшовчи Носир ота Эшқобилов 94 ёшга қадам қўйдилар. Кўп йиллар хўжаликда ишлаган, тракторчилик қилган отахон бугунги кунда набираси Мансуржоннинг қарамоғида, зериккан пайтлари унинг ҳамроҳлигида гузардаги тўй-маъракаларга чиқиб туради.
Бектемирлик Мажид ота Хидировнинг кайфияти ҳамиша баланд. Тўқсонга яқинлашиб қолган бўлсаям кексаликка изн бергиси келмайди, ўзини бардам, бақувват ҳис этади. Атрофга қарайди-ю кунда бир яшнаётган қишлоғи, эртаклардагидай мўъжизакор, жўшқин ва осуда ҳаётни кўриб ёшариб қолгиси келади. Беихтиёр дилидаги сўзлари тилига кўчади: “Шукур! Минг шукур! Шундай кунларга етказганига шукур...”
Аслида “шукур” сўзи ҳар бир Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг кўнглидаги сўз. Бу сўзни беихтиёр тилга чиқариб юборганларини ўзлариям сезишмайди. Узоқ ва мазмунли умр, меҳр ва оқибат, қадр ва қиммат, мулозамат ва эътибор... Буларнинг ҳаммаси отахонлар қалбини тўлқинлантириб юборади.
– Президентимиз фармонига асосан 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 800 минг сўм миқдорида бир марталик пул мукофотларини топширдик, – дейди “Нуроний” жамғармаси Китоб туман кенгаши раиси Мейлик Бурхонов. – Бирйўла касаба уюшмаси федерациясининг 400 минг сўм моддий ёрдам пули, шунингдек, турли ташкилотлар ва ҳомийлар томонидан ташкиллаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари, ўзларига ва қаровчиларига кийим-кечаклар, набираларига совғалар, бир бошдан қўй берилди. Отахонларнинг боши осмонга етди, Юртбошимизга қайта-қайта миннатдорлик билдиришди.
Аслида бу ташриф нафақат уруш қатнашчилари, балки уларнинг оила аъзоларининг ҳам қувончига қувонч қўшди. Оддийгина ўзбекона бурчини бажариб, қайнотасига фарзанддай бўлиб қолган келинлар ҳам, боболари атрофида ўтириб уларнинг эртакка айланган уруш хотираларини тинглаган невара-эваралар ҳам мамнун бўлишди.
Шубҳасиз, Президентимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига кўрсатилган бундай эҳтиром улар билан ёнма-ён яшаётган фарзандлари, набиралари, келинлари қалбидаги қадр-қиммат туйғуларини янада жўш урдирди.
Лола ЎРОҚОВА,
Китоб тумани.