Газетамизнинг шу йил 3 ноябрь сонида, сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида "Шунча йўлдан нима истаб келдинг, Нисо?" номли мақола эълон қилинган эди. Бахтинисонинг кўнгил кечинмалари акс эттирилган бу мақола (аслида у эссе ё мансурамиди ёки...) кўпчиликнинг қалбини зир титратди.
Яқинда Бахтинисо пойтахтдан - ёзувчи Назар Эшонқулдан мактуб олди. Адиб унинг дастлаб газетамизда босилган ўша мақоласи ва бошқа насрий битиклари юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирган эди. Ундаги эътироф унча-бунча қаламкашга насиб этавермаслиги бор гап. Шу боис мактуб эгасининг рухсати билан уни газетамизда чоп этишга қарор қилдик.
***
Бахтинисо!
Салом. Барча яқинларингизга салом.
Юборган наср намуналарингизни ўқидим. Ҳали шеърларингизни ўқий олмадим. Ўқимасам ҳам, уларнинг ажойиб эканини биламан. Ўқиб чиққач, яна сизга ёзаман. Ҳозир эса ўзингиз ийманибгина "газетларга юборганман" деган насрингиз ҳақида.
Бахтинисо, мен сизни мақтаётганим ҳам, кўнглингизни кўтариш учун ҳам айтаётганим йўқ. Сиз туғма ёзувчи, ижодкорсиз, аллақачон ёзувчи бўлиб улгургансиз. Албатта, ҳали малака, техника кам. Ана шу нарса сезилаяпти. Малака ҳам сизнинг иродангизга, албатта, бўйсунади.
Ўқиганларимда мен иккита катта роман кўрдим. Фақат буни ҳали малакаси тўла шаклланмаган, ёзувчиликнинг ўзига хос айёрликларидан узоқ бўлган Бахтинисо ҳар томонга, кўнглининг ҳар бурчагига сочиб юборган ва ана шу сочмаларни менга юборган. Аслида бу сочмалар иккита йирик романнинг хамиртуруши, хамиртуруши ҳам эмас, илдизи, уруғи. Уни сабот билан кўкартириш қолган, холос.
Биринчи романни (адиб Бахтинисонинг адабий-бадиий сайтларда эълон қилинган, муштарийлар қалбини сел қилган "Худо ва йиғи" бадиасини назарда тутмоқда - таҳр.) шартли равишда "ЕТИМ УЛОҚ" деб номласак, ёшлик ўйинларини ўйнаган, отасининг, онасининг изидан борган қизнинг 17 ёшгача бўлган қалб кечинмалари. Бу романнинг қаҳрамонлари МОМО, ОНА, ЕТИМ УЛОҚ, ОНА, ОТА, ЯНГА, ТОҒА, дугоналар. 17 ёшгача кирган барча хотира, барча кечинмалар, ҳиссиёт, бошидан ўтказганлар адабиёт учун жуда керак. Бу - тайёр роман. Психологик роман. Бундай романни Марсель Пруст ёзган. У етти китобдан иборат. "Завол топган вақт изидан" деб номланади. Пруст ижоди билан танасини қақшатган, умидсиз деб ташхис қўйилган касалликни ижод билан енгган, унинг устидан ғалаба қилган. Еттита роман ҳам дунё адабиётининг дурдонаси саналади. Ёзганларингиз унинг романини эслатди... Афсуски, ўзбекчага таржима қилинмаган. Сизга ўзбекона "прустлик" тилайман.
Иккинчиси - Касаллик бошланишидан токи туркиялик профессорнинг кўригигача, балким операция кунигачадир?!! Бу романни "Румий бобо, мен келдим!" деб номласак ҳам бўлади. Бу роман касалликнинг бошланишидан тортиб, токи Румий хоки-пойигача бўлган даврни қамраб олади. Балки роман ҳазрат Румий мақабарасини зиёрат қилиб турган жойдан бошланиб, яна шу ерда тугар? Ана шу лаҳзаларга сиз ичингиздаги дард, алам, оғриқ, умид, илинж, изтироб, тушкунлик, матонат - ҳаммасини ёзинг. Ҳар икки романнинг Бош Қаҳрамони, албатта, Бахтинисо бўлади ва у, албатта, касалликдан ғолиб келади. Ўзбек адабиётида янги роман даврини бошлаб беради.
Сиз одамларга руҳий далда ва мадад берадиган марказ очиш орзунгиз ҳақида ёзибсиз. Илоё, очинг, шу кунларга етказсин. Лекин мана шу икки роман марказ очилмасдан ҳам марказ вазифасини ўтай бошлайди. Бундан ташқари сизда табиий дунё адабиётида "поток сознания" аталадиган "шуур оқими", яъни бутун бошли кечинмалар ва ҳиссиётлар оқими бор. Фақат шу оқимни тартибга солиб, ичингиздагини қоғозга тортиб чиқарсангиз бўлди. Бу том маънода ўзбек адабиёти учун янги романлар, янги қаҳрамонлар, янги босқич бўлади.
Менга яна учинчи роман ҳам кўринаяпти. Аммо роман Бахтинисонинг учта операциясидан кейинги роман. Худо хоҳласа, бу романнинг йўналишини ўзингиз танлаб, номни ҳам ўзингиз қўясиз.
Ўқиганларим ҳақида менинг мухтасар фикрим шу.
Назар ЭШОНҚУЛ