Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ.

23.02.2017


БУГУН ҲАРАКАТДАГИ ТАДБИРКОР ЮТАДИ

Барча жойларда бўлгани каби вилоятимизда ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал равнақ топаяпти. Тегишли дастурлар асосида кўплаб истиқболли лойиҳалар ва ташаббусларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган йили 3 триллион 557 миллиард сўм ёки вилоят иқтисодиётига жалб қилинган инвестицияларнинг 70 фоизи бевосита ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтирилган. Бу эса ҳудудда 320 дан ортиқ  янги саноат корхоналарини ташкил этиш ҳамда 213 та корхонада модернизация ишларини амалга ошириш имконини берди. Натижада вилоятда замонавий технологиялар асосида сифатли ва рақобатбардош, юқори қўшилган қийматга эга, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами ортди. Қолаверса, ушбу ислоҳотлар ҳудуд саноати сезиларли ўсишига замин ҳозирлади.

2 ТУРДАГИ ЯНГИ МАҲСУЛОТ

Қарши шаҳридаги “Қашқадарё плазма” масъулияти чекланган жамияти бир неча йилдан бери самарали фаолият кўрсатиб келаяпти. Металлга ишлов беришга ихтисослашган ушбу корхонада жорий йилнинг ўзидаёқ 2 та янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

- Эндиликда қишлоқ хўжалиги учун зарур техникалар – ерни енгил текислаш ҳамда ерни чуқур юмшатишга мўлжалланган агрегатларни мунтазам ишлаб чиқараяпмиз, - дейди корхона раҳбари Сулаймон Тўйчиев. – Ушбу мосламалар ўзининг ихчамлиги ва фойдаланиш учун қулайлиги билан ажралиб туради. Биргина ерни чуқур юмшатиш агрегатининг афзаллиги ҳақида гапирадиган бўлсак, у тупроқни 40 сантиметр чуқурликкача юмшатиш имконини беради. Ушбу маҳсулотларимизга фермер хўжаликлари томонидан қизиқиш юқори бўлаяпти. Бундан    ташқари, вилоямиздаги етакчи саноат корхоналари билан кооперация асосида ишлашни ташкил қилганмиз. Уларга зарур эҳтиёт ва бутловчи қисмларни етказиб бераяпмиз. Цехимиз замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Мавжуд плазмали дастгоҳимиз 30 сантиметргача қалинликдаги металл прокатларни кеса олади. Бу эса маҳсулот хилма-хиллигини оширишда бизга қўл келаяпти.

Тадбиркорнинг айтишича, ўтган йили ҳам корхонада янгиликка қўл урилган. Хусусан, мазкур тадбиркорлик субъекти томонидан темирйўллар учун махсус белгилар, плуг, йиғма каравот, электромонтёрлар учун устунга чиқиш мосламаси ишлаб чиқариш бошлаб юборилган.

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШДА ҲАМ ОМИЛКОР

Сир эмаски, бугун қишлоқ жойларда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожида асосан фермерлар етакчи куч сифатида намоён бўлаяпти. Уларнинг саъй-ҳаракати билан янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилаяпти. Бу бозорга янги рақобатбардош маҳсулот кириб келиши баробарида аҳоли бандлиги таъминлашга ҳам ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Қамаши туманидаги “Жаббор бобо ўғли Азамат” фермер хўжалиги раҳбари Усмон Азаматов ана шундай ташаббускор фермерлардан биридир.

- Деҳқончиликдан келаётган даромад ҳисобидан тармоқларни кенгайтиришга қарор қилдик ва бир неча йил олдин қандолат ҳамда нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни, маиший хизмат кўрсатишни бошладик, - дейди фермер. – Ҳозирги кунда цехимизда 10 турга яқин ширинликлар, оби нон пиширилаяпти. Айни вақтда бир кунда ўртача 200 килограмм унни қайта ишлаш имконига эгамиз. Ускуналаримиз чет элники. 8 нафар ёшни иш билан таъминлаганмиз. Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам ишларимиз кўнгилдагидек. Савдо дўконимиз, гўзаллик салонимиз бор. Бу ерда ҳам асосан ёшлар меҳнат қилаяпти. Ўтган йили тижорат банкидан кредит олиб, чорва бош сонини кўпайтирдик. 20 бош қорамол боқаяпмиз. Келгусида ҳам кўп режаларни рўёбга чиқармоқчимиз.

ЯНГИ ЦЕХ МАҲСУЛДОРЛИКНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Таъкидлаш жоиз, вилоятимизда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларнинг аксарияти озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслардир. Чунки ҳудудда сифатли ва арзон истеъмол товарларига талаб йилдан йилга ошаяпти. Кичик бизнес вакиллари ҳам ўз фаолиятида айни шу жиҳатни эътибордан четда қолдирмаяпти. Хусусан, масъуллари ишни доимо бозор талабларига ҳамоҳанг ташкил этишга интилаётган Косон туманидаги “Сардор сут харид савдо” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган сут маҳсулотлари ҳам бугун ўз харидорини топган.

- Айни дамда цехимизда йилига 540 тонна сутни қайта ишлаш имкони мавжуд ва ушбу қувватдан тўла фойдаланаяпмиз, - дейди корхона раҳбари Ойбек Тонготаров. – Ҳозирги вақтда 10 турга яқин маҳсулот ишлаб чиқараяпмиз. Қатиқ, сметана, кефир, творог, сариёғ шулар сирасига киради. Ўтган йили икки хил пишлоқ тайёрлашни ҳам йўлга қўйдик. Мактабгача таълим муассалари бизнинг асосий харидорларимиздир. Туманимиздаги дўконларга ҳам маҳсулот тарқатаяпмиз.

Ишбилармоннинг сўзларига кўра, у жорий йилда сутни қайта ишлаш бўйича янги цех қуриб ишга туширишни мақсад қилган. Бунинг учун қарийб 50 миллион сўм маблағ йўналтирилади ва замонавий ускуналар келтирилади. Натижада қўшимча 10 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Асосийси, мазкур лойиҳа рўёбга чиқса, корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми янада ортади.

АСАЛНИ ҚАДОҚЛАШ - ГАЛДАГИ ВАЗИФА

Бугунги кунда Шаҳрисабз туманида фаолият олиб бораётган “Асалчилик Н.Х.Ж” фермер хўжалигида парваришланаётган асалари оилалари сони 270 тага етказилган. Олинадиган асал миқдори ҳам шунга яраша. Маҳсулот харидоргирлигини ошириш мақсадида жорий йилда асални қадоқлашни йўлга қўйиш мақсад қилинган.

- Карпат зотли асалариларни боқаяпмиз, - дейди фермер Жасур Асқаров. – Озуқа базаси бўйича бизда муаммо йўқ. Чунки 10 гектар лалми ерда махсар ўстираяпмиз. Махсар гуллаганда яхши шира беради. Пишиб етилган   мевасини эса ёғ олиш учун “Косон      ёғ-экстракция” акциядорлик жамиятига бераяпмиз. Ўтган йили 10 тонна ҳосил олгандик. Қолаверса, боғдорчилик ҳам хўжалигимизда асосий тармоқ ҳисобланади. 5 гектар майдонда олма дарахтлари парваришланаяпти. 2,4 гектар майдонда эса узумзор ташкил қилганмиз. Ўтган йили 13 тонна винобоп узум етиштирдик. Келгусида асални қадоқлашни бошламоқчимиз. Чет эл технологиялари билан танишаяпмиз.

Дарҳақиқат, юртимизда тадбиркор ва ишбилармонларнинг ташаббуслари, бизнес-ғоялари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти, уларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилиши учун кўмак кўрсатилмоқда. Мисол учун, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига ўтган йили тижорат банклари томонидан 702 миллиард сўм ёки 2014 йилга нисбатан 202 миллиард сўм кўп кредит маблағлари ажратилган. Бунинг натижаси эса ҳудудда тадбиркорликнинг кескин ривожланишида ифода топмоқда.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ.

Report typo