Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қашқадарёликлар ҳам фаол иштирок этиб, ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз беришмоқда.
Белгиланган тартибга кўра, сайловчилар овоз бериш биноларига бориб, участка сайлов комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиб, сайловчилар рўйхатига имзо қўйишмоқда ва сайлов бюллетенини олиб, уни яширин овоз бериш кабинасида тўлдиришмоқда.
Қарши туманидаги 356-сайлов участкасида биринчилар сафида шу тумандаги Алишер Навоий номли маҳалласида яшовчи 85 ёшли Инжи момо Бадахшонова овоз берди. Узоқ йиллар давомида хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритиб, ҳозир болалари ва набиралари даврасида қарилик гаштини сураётган бу нуроний онахон сайлов участкасидан чиқар экан, эртанги кунимиз, мамлакатимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги учун овоз берганини таъкидлади ва юртимизда доимо тинчлик бўлиши учун дуо қилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, бугун соат 11:00 ҳолатида вилоятимизда 562 минг 347 нафар сайловчи, яъни Қашқадарёдаги жами сайловчиларнинг 30,4 фоизи овоз берган.
Суратларда: вилоятимиздаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёнидан лавҳалар.