Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • БУГУНГИ ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ ЗАМИРИДА – УЛАРНИНГ ХИЗМАТЛАРИ МУЖАССАМ

М.ЖЎРАЕВ

12.12.2017


БУГУНГИ ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ ЗАМИРИДА – УЛАРНИНГ ХИЗМАТЛАРИ МУЖАССАМ

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ва туманларда ташкил этилган студияларга жам бўлган 10 минг нафардан ортиқ фермерлар, механизаторлар, ирригаторлар, теримчилар, агрономлар, томорқа ер эгалари ва бошқа кўплаб қишлоқ хўжалиги мутахассислари видеокўприк асосида Президентимизнинг табригини тўғридан-тўғри  эшитиш имконига эга бўлди. Шу билан бирга, бу тадбирда 2017 йилда мамлакатимизнинг аграр секторида эришилган ютуқлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди. Айниқса, хирмонимиз мўл, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини таъминлашда қашқадарёлик соҳибкорлар ҳам юксак жасорат намунасини кўрсатгани эътироф этилди. Бу йил воҳамиз деҳқонлари давлатга республикамиз бўйича энг кўп – 420 минг тонна сифатли пахта хомашёси ва 1 миллион тоннадан зиёд ғалла топширди. Қолган тармоқларда ҳам жиддий сифат ўзгаришлари қўлга киритилди.

- Қишлоқ хўжалиги – одамларга ризқ улашадиган соҳа, - дейди Касби туманидаги “Қамаши русти-рости” фермер хўжалиги раҳбари Эшқурбон Хоналиев. - Қорнимиз тўқлиги ҳам, устимиз бутлиги ҳам ушбу тармоқ ривожига боғлиқ. Бинобарин, биз бой бўлсак, давлат ҳам бой бўлади, фаровонлик ортади. Маърузани эшитарканмиз, илмдан, маърифатдан анча узоқлашиб қолганимизни тушундик. Олдимизга янги режалар қўйдик. Фойдаланилмаган имкониятларимизни ишга солмоқчимиз. Қувончимга яна бир сабаб шуки, касб байрами муносабати билан камтарона меҳнатимиз юксак қадрланиб, кўплаб ҳамкасбларимиз қаторида Президентимиз томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим.

Дарҳақиқат, деҳқончиликда жамғарилган мўл ҳосил юртда аҳоли турмуш фаровонлиги янада ошиши, бозорларда тўкинлик таъминланишидан далолат қилади. Залворли қишлоқ хўжалиги ташвишларидан асосий мақсад ҳам аслида шу – юксак хирмон кўтариш, ризқ сероблигига эришиш. Ушбу эзгу ният рўёби эса мамлакат тобора равнақ топишига кенг шароит ҳозирлайди.

Шу маънода вилоятимиз бўйлаб ўтказилган ҳосил байрамларида ҳам қишлоқ хўжалиги жабҳасида жонбозлик кўрсатаётган воҳадошларимизга ҳурмат кўрсатиш, улар меҳнатини муносиб рағбатлантириш истаги алоҳида ўрин тутди. Жумладан, Қарши шаҳрида ташкил этилган маросимда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев қатнашиб, омилкорлиги билан ажралиб турган бир гуруҳ фермер, сувчи, теримчи, агроном, механизатор ва бошқа қишлоқ хўжалиги ходимлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларини тақдирлади. Уларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Туманлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига Президент совғаси – янги хизмат автомобиллари берилди.

- Меҳнат фаолиятимни мустақиллигимизнинг илк йилларида бошлаганман, - дейди тадбир иштирокчиси, Шаҳрисабз туманидаги “Агротехсервис МТП” механизатори Остон Тўраев. – Асосан ҳайдов тракторини бошқараман. Касбимдан обрў-эътибор, қадр топдим. Бу йил илк бор биз учун алоҳида бир сана байрам сифатида нишонланди. Совғалар олдик. Мароқли ҳордиқ чиқардик. Жуда мамнун бўлдим. Меҳнатим улуғланаётганини ҳис қилдим.

Шу куни вилоят мусиқали драма театрида қишлоқ хўжалиги ходимлари учун махсус концерт дастури намойиш этилди. Воҳамиз санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқларда бободеҳқонларнинг залворли меҳнати, юртимиздаги мўл-кўллик, тинчлик-осойишталик мадҳ этилди.

- Рағбат бўлса, ишлагинг, ўзингни кўрсатгинг келади, - дейди қамашилик Салтанат Турсоатова. – Президентимиз ҳам соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир кишининг манфаатдорлигини таъминлаш кераклигини қайд этди. Ишлаяптими, фойдасини, роҳатини кўрсин, деди давлатимиз раҳбари. Мана бунинг исботи. Бу йил мен ҳам теримда фаол қатнашдим. Илк терим пайтида кунига 200 килограммдан орттириб пахта тердим. Мавсум охирида бу миқдор 4 тоннадан ошди. Шунга яраша пул олдим. Терим ҳақи кўтарилгани ҳам бизга кўмак бўлди. Бугун байрамда совға билан тақдирландим. Бундан миннатдорман.

Вилоят ҳосил байрами Қарши шаҳридаги ҳашаматли тўйхоналардан бирида давом эттирилди. Соҳа вакилларига атаб дастурхон ёзилди,  дилларни хушнуд этувчи қўшиқлар куйланди.

Тадбир келгуси 2018 йил нафақат мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги, балки барча соҳалар учун янада баракали келиши, ютуқларимиз кўпайиши, юртимизда тинчлик абадий бўлиши учун билдирилган тилаклар билан якунланди.

М.ЖЎРАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo