Маълумотларга кўра, жорий сайловда вилоятда 660 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 6 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилган бўлиб, 15 майга қадар 143 нафар маҳалла раиси ва уларнинг 1313 нафар маслаҳатчиси сайланди.
Маълумки, бизда демократик тамойилларга ҳамоҳанг тарзда маҳалла оқсоқоли ва унинг маслаҳатчилари муайян ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан сайланади. Сайловларда ҳар ким шахсий фикрига таянган ҳолда ўзи маъқул билган номзодни қўллаб-қувватлаш ҳуқуқига эга. Шуни ҳисобга олиб бой ҳаётий тажрибага ва халқ орасида ўз обрўйига эга фуқароларимизнинг ўтказилаётган сайловларга муносабатлари билан қизиқдик:
Эсонбой РАЖАБОВ, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси:
- Истиқлол йилларида ушбу сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича бой миллий тажриба орттирилди. Айни чоғда, Ўзбекистоннинг маҳалла институтини ривожлантириш борасидаги амалий тажрибаси хорижда кенг эътироф этилмоқда.
Энг муҳими, маҳалла тизими самарадорлигини янада оширишда барча маҳаллалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва бўлинмалари фаол иштирок этмоқда. Бу, шубҳасиз, ушбу тизимнинг тобора такомиллашиб, халқ ишончини тўла оқлашига хизмат қилади. Бунинг тасдиғини жорий йилда қабул қилинган "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижроси доирасида маҳалла тизимида амалга оширилаётган кўплаб эзгу ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, "соғлом бола тарбиясида маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг катта ўрни ва таъсири бор". Шундай экан, фуқаролар йиғинлари раисларини сайлашда бой ҳаётий тажрибага эга, халқ учун тиним билмайдиган, уддабурон номзодларни қўллаб-қувватлаш айни муддао.
Зебо АКОБИРОВА, вилоят ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси: - Халқимизнинг "Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она" деган мақолида чуқур маъно мужассам. Ибратли, намунали оилада, мактабда ёхуд маҳаллада вояга етаётган ўғил-қизлар келажакда жамият учун нафи тегадиган етук инсонлар бўлиб етишади. Таълим-тарбиянинг мақсади ҳам аслида шу.
Жорий йилнинг март ойидан бошлаб жойларда сайловларни муносиб ўтказишга доир семинар ва ўқув-тренинглар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда сенаторлар, депутатлар, олимлар, экспертлар, ҳуқуқшунослар, тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари соҳага доир миллий қонунчилик, маҳалла институтини такомиллаштириш, улар қошидаги комиссиялар фаолияти ҳақида иштирокчиларга атрофлича маълумотлар бердилар. Қолаверса, оммавий ахборот воситаларида ушбу муҳим жараёнга оид масалалар кенг ёритиб борилмоқда.
Тушундимки, бўлажак маҳалла оқсоқоли ҳар жабҳада тадбиркор, уддабурон бўлгани яхши. Чунки ана шундай раис маҳаллада ёшлар бандлигини таъминлашга, ҳудудни обод ва кўркам қилишга ўзида ҳафсала топа олади.
Сайгул ЙЎЛДОШЕВА, Қарши туманидаги 50-мактаб ўқитувчиси: - Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида амалга оширилмоқда. Буни ҳар куни газетадан ўқиб, телевидение орқали кўриб, эшитиб турибмиз. Менинг фикримча, ўзини ҳурмат қилган ҳар бир фуқаро бу сайловларда фаол қатнашади. Чунки Ватан ичидаги Ватан - маҳалламизнинг янада обод ва файзли бўлиши сайлаётган оқсоқолимизга боғлиқ. Одамлар дарди билан яшаб, меҳнат қиладиган, ташкилотчи ва халқни ортидан эргаштира оладиган раис сайланса, нур устига нур. Бунинг акси бўлса, маҳалладан файз қочади. Бугунги сайловчи эса ана шу жиҳатларни эътибордан қочирмайди.
* * *
Бугун қайси фуқаро билан мазкур сайлов борасида суҳбатлашманг, барча маҳалла фуқаролар йиғини раиси қандай жиҳатларга эга бўлиши кераклиги, улардан кутиладиган янгиликлар ҳақида гапиради. Бу эса ватандошларимизни ўтаётган фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловига беэътибор эмаслигини кўрсатади.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.