Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Адиба ПАРДАЕВА, Замира КАРИМОВА, Аброр Султонов

17.01.2017


БУГУНИЮ ЭРТАСИ БУЮК АВЛОД

МЕНИНГ УЧУН АЗИЗ БЎСТОН

Адиба ПАРДАЕВА, Қарши шаҳридаги 15-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси:

Бу дунёда чаманлар кўп,

Бу дунёда ватанлар кўп.

Барчасида яшар гуллар,

Барчасида яшнар диллар.

Менинг учун азиз бўстон,

Ўзбекистон! Ўзбекистон!

- Эндигина уч ёшга тўлган қизим болалар боғчасидан ўрганиб келган шеърни болаларга хос  ширин забон ва ёқимли  оҳанг билан айтар экан, тинглаб туриб, беихтиёр дилим яйрайди. Қизалоғимни эркалаб, шу шеърни қайта-қайта айттираман. У ҳар гал шеърни ёд ўқиганида юрагимни шукроналик, элимга, юртимга бўлган меҳр ва ғурур ҳислари эгаллаб олади. Хаёлимда эса ҳам кўтаринки, ҳам ғурурли ўйлар, тилаклар чарх уради...

Яратганга беадад шукурлар бўлсинки, чорак асрдан буён тинч ва беғубор тонгларимиз осуда тунларимизга уланмоқда. Жондан азиз фарзандларимиз ҳеч бир хавотирсиз бағримизда ором олиб, бекаму кўст ўсмоқда. Аслида инсоннинг чин бахти шу: тинч, дориломон яшаётганлиги.

Биласизми, агар менга эркинликнинг, мустақилликнинг суратини чизиб беринг, десалар, шодон, қувноқ болаларнинг, куч-ғайратга тўла ёшларнинг бахтиёр қиёфасини гавдалантирган бўлар  эдим. Зеро, шу ҳур фикрли ёшлар истиқлолнинг ҳақиқий меваларидир.

Мен истиқлол йилларида улғайдим, таълим олдим, ўз соҳамнинг мутахассиси бўлиб етишдим. Ва мени энг кўп севинтирадиган жиҳат шуки, менинг фарзандим эртага мендан-да кўпроқ имконият ва шароитларга эга бўлади, унинг келажаги шу Ватан келажаги, шу юрт  эртаси қадар порлоқ, нурафшондир… 

Қизалоғим эса ҳамон шеърини бурро тилда такрорлайди:

Менинг учун азиз бўстон,

Ўзбекистон! Ўзбекистон!..

ШУ ЗАМИНДА ТУҒИЛГАНИМНИНГ ЎЗИЁҚ КАТТА ШАРАФ

Замира КАРИМОВА, самбо, миллий кураш, дзюдо бўйича Осиё ва мамлакат чемпионатлари ғолиб ҳамда совриндори:

- Ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам – истиқлол санаси яқинлашгани сайин оила аъзоларим, дугоналарим, таниш-билишларим мени ана шу айём қаторида туғилган куним билан ҳам қутлашади. Чунки мен истиқлол тенгдошиман, 1 сентябрь - Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни туғилганман. 

Истиқлол тенгдоши, мустақил юрт фарзанди эканлигим мен учун улкан шараф, юксак унвондир. Шундай Ватанга муносиб фарзанд бўлишдек масъулиятни ҳар лаҳзада чуқур ҳис этаман.

Президентимиз раҳнамолигида юртимизда айнан биз ёшларнинг ҳам жисман, ҳам маънан соғлом бўлиб улғайишимиз учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Менинг спортда қўлга киритган ютуқларимда ҳам ана шу омиллар бирламчи аҳамият касб этган. Бугун бир спортчи сифатида Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини ифода этаётганлигимдан фахрланаман.

САҲРОДАГИ МЎЪЖИЗА

Аброр Султонов, “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ этилен цехи смена муҳандиси:

- Бугунги дориломон кунларни бундан йигирма беш йил илгари қай даражада тасаввурга сиғдира олардик? Тўғри, унда ёш бола бўлганман. Аммо ҳаммасини яхши эслайман. Ўтирган одамни диққинафас қиладиган парталар, поли тешик синфхоналар ва спортзал... Ана шундай мактабга ўқишга боргандим. Бундай ҳолни кўриб, бир олам орзулар билан мактабга қадам қўйган боланинг ўша пайтдаги аҳволини ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг.

Шукурки, мустақиллик қўлга киритилиб, барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Мактабимиз тубдан реконструкция қилиниб, замонавий ўқув жиҳозлари, компьютер техникалари билан таъминланди. Қишлоқ мактабида яратилган бу каби шароитлар биз ёшларга завқ бериб, яхши ўқишга,    изланишга ундади.

Натижа эса кўп ўтмай ўз самарасини берди. Мактабни тугаллаб, Тошкент кимё технологиялари институтига давлат гранти асосида ўқишга кирдим. Талабалик  чоғимда Ғузорда – ўзим туғилиб-ўсган тумандаги Шўртан газ-кимё мажмуасига амалиёт ўташ учун келгандим. Йирик корхона фаолияти билан илк танишиш чоғидаги ҳайратимни сўз билан ифодалай олмайман. Бир пайтлар бийдай чўл бўлган, одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган жойда шундай замонавий завод    пайдо бўлгандики, таърифга тил ожиз.  Институтни битиргач, албатта шу ерда ишлайман, деб жиддий аҳд қилдим.

2004 йилда мени иккинчи даражали кузатувчи сифатида ишга қабул қилишди. 2009 йилгача даражам поғонама-поғона кўтарилиб борди ва смена муҳандиси бўлдим. Ҳозиргача шу вазифада ишлаб келаяпман. Бемалол айта оламанки, бир пайтлар бизнинг келажагимизга шубҳа билан қараганлар гигант корхоналар бунёд этишни, ундаги маҳобатли  ускуналар билан тиллашишни биздан ўрганишсин.

Орада уйландим. Оилам корхона томонидан уй билан таъминланган. Рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. Истиқлол бизга ўзимизни ана шундай ҳар томонлама тугал бахтли ҳис этиш имконини берди. Бундан жуда-жуда хурсандман.

 

Инсон жамият ва давлат манфаатлари учун қанчалик фойда келтирса, у шу қадар баркамолдир.

Д.МЕНДЕЛЕЕВ

Report typo