Коронавирус ва биз
Япон ёзувчиси Рюноскэ Акутагаванинг "Расёмон дарвозаси" ҳикояси ва у асосида кунчиқар юрт режиссёри Акира Куросава ишлаган "Расёмон" фильмини билсангиз керак. Асар воқеалари қадимда, пойтахт шаҳар Киотода кечади. Сўнгги 2-3 йилда бирин-кетин зилзила, бўрон, ёнғин, очарчилик каби офатлар ёғилиб, пойтахт ҳувиллаб қолади. Ўлимлар сони кўпаяди ва эгасиз ўликларни Расёмон дарвозасига келтириб ташлаш одатга айланади.
Кунларнинг бирида шу ерда ёмғир сабаб бир муддат тўхташига тўғри келган хизматкор борадиган жойи йўқлиги сабаб, қуёш ботганда ваҳимали тус оладиган, дарвозанинг юқори қаватидаги ўликларни чўқиш учун келадиган қарғалар борлигига қарамай, Расёмон дарвозасида тунаб қолишга қарор қилади. Тепада эса лойдан ясалган қўғирчоқдай ётган, қачондир тирик одам бўлганига ишониш қийин эркаклар ва аёллар жасади ётарди. Даҳшат ичида турган хизматкорнинг кўзи ўликлар орасида ивирсиб юрган кампирга тушади. Уни тутиб, нима қилаётганини сўраганида, кампир улама соч учун ўлган аёлнинг сочларини юлиб олаётганини айтади.
Нақадар жирканчлик, одам шу қадар ҳам ёвуз бўлиши мумкинми? Табиийки, хизматкорнинг ҳам кўнглидан шу каби саволлар ўтади, кампирга, у қилаётган ишга нафрат аланга олади кўнглида. Аммо кампирнинг ўзини оқлаш учун ўйлаб топган баҳонаси олдида хизматкор бир зум ўйга чўмади.
- Тўғри, ўликларнинг сочини юлиш, эҳтимол гуноҳ ишдир, - дейди кампир. - Бироқ бу ерда ётган ўликлар бари шунга лойиқ. Лоақал манави, мен сочини юлаётган аёлни олиб кўр: у илонни бўлакларга бўлиб қуритар, кейин эса сарой посбонларига қуритилган балиқ деб пулларди… Шу билан тирикчилик қиларди. Вабога чалиниб ўлмаганида ҳозир ҳам шундай яшайверарди. У сотадиган балиқ мазали дейишарди ва посбонлар уни доим газак учун харид қилишган... Ўша аёл мажбурликдан қилиш нима эканини яхши биларди, ўйлайманки, у мени айбламаган бўларди.
- Демак, шунақа дегин, - кулимсирайди хизматкор. Кейин эса олдинга бир қадам ташлайди-да, тўсатдан кампирнинг ёқасини ғижимлаб ўшқиради: "Унда мен сени тунаб кетсам, ўпкалама! Акс ҳолда мен ҳам очликдан ўлишимга тўғри келади", дейди-да, кампирнинг бор-йўқ бисоти - эгнидаги кимонони юлқиб олиб, қочиб кетади...
Шу кунлар дунё миқёсида авж олган коронавирус пандемияси шароитида одамларнинг ўзини тутиши беихтиёр "Расёмон дарвозаси"даги воқеаларни ёдга солиб юбораяпти. Айтишларича, Австралияда аёл киши ҳожатхона қоғози талашиб, бир эркакка пичоқ урган, Лондонда сингапурлик талабани хитойликларга ўхшагани учун дўппослашибди, Эронда вирус билан касалланганлар сақланаётган касалхонани ёқиб юборишга уринишган бўлса, Хитойдан Украинага кўчирилаётган беморлар бўлган автобусни тошбўрон қилишибди...
Нега? Ҳаммасининг боиси, ўз манфаатини биринчи ўринга қўйиш, худбинликдан. Гўё шундай қилинса, ҳаммаси ўз ўрнига тушадигандек.
Коронавирус юртимизда ҳам вақтинча "меҳмон" бўлиб тураркан (айтишларича, ҳавонинг сезиларли исиши вируснинг юқиш даражасини нолга тенглаштиради), худбинлик, пасткашлик ва инсофсизлик бизга ҳам бегона эмаслиги кўриниб қолди. Хайриятки, вирус сабаб ҳали бизда оғир оқибат келиб чиқмади (чиқмасин ҳам), одамларни-да турли баҳоналар ўйлаб топишга мажбур этадиган бирор жўяли сабаб йўқ (сабаб бўлганда ҳам оқлаб бўлмайди уни). Хўш, унда нечук бунча талваса, жон койитишлар? Минг йиллардан бери яшаб келаётган "Қирқ йил қирғин келса ҳам ажали етган ўлади", деган нақл наҳот қулоғингизга чалинмаган бўлса?
"Ўзбекистонда ҳам коронавирус юқтирганлар аниқланди", деган хабар ортидан бозорга югуриб, худди очдан ўладигандек ё мамлакатда озиқ-овқат захираси тугаб қоладигандек, қоп-қоп озиқ-овқат маҳсулотларини, ҳожатхона қоғозларию (одам ёзишга уялади тўғриси), яна бир балоларни ғамлашга киришаётган одамларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаш мумкин, холос. Яна бозорда нарх-наво кўтарилиб кетди, пештахталар бўшаб қолаяпти, дея ваҳима кўтараётганлар ҳам шуларнинг ўзи. Куни кеча Жомбойнинг нисбатан арзон уни 175 минг сўмга кўтарилиб кетгани, одамлар турнақатор навбатга тургани ҳақида хабарлар тарқалди. Эй биродар, ёпишиб олганингиз, турнақатор навбатга турганингиз, инсофсиз чайқовчининг айтганини бераверганингиздан кейин кўтарилади-да нарх! Бир дам босиб ўтирсангиз-чи уйда. Нимага бунча ваҳима? Тўғри, беморлар бор, чегаралар вақтинча ёпилди, лекин ўша "бумага"сиз қолиб кетмассиз.
Энди бир ўйлаб кўринг, хўп, зарур барча нарсани кўпчиликдан олдин ғамладингиз ҳам дейлик. Лекин бунга қайси виждонингиз йўл қўяди? Сиз керагидан ортиқ жамлаганингиз учун бошқа бировда шу нарсага тақчиллик сезилмайдими? Буни худбинликдан бошқа яна қандай ном билан аташ мумкин?
Вирус аслида ким эканимизни, аслиятимизни кўрсатиб бергандек. Бўлмаса, пойтахтдан вилоятларга қатнайдиган ҳайдовчилар йўлкирани бирданига 3-4 баравар ошириб юбориши қайси мантиқдан? (Илгариям арзимаган сабаблар билан, қор-ёмғир ёғса, ё бўлмаса, ёнилғи нархи хемири баҳода ошса, йўлкирани осмонга кўтариб юборишарди шоввозлар). Демак, ўша ҳайдовчиларнинг аслияти шу - халқнинг бошига ташвиш тушиши, муаммо пайдо бўлиши улар учун айни муддао. Лекин бир нарсани тушуниб олиш керак: ҳеч ким, ўша ҳайдовчиларнинг ўзи-да, бу вирусни юқтириб олмасликдан кафолатланган эмас. Қолаверса, ҳали вирус чекиниб, ваҳималар унутилгач, ўша ноинсоф ҳайдовчилар, виждонсиз сотувчилар қайси юз билан одамларнинг кўзига қарашади? Ким деган одам бўлишади? Ҳозир-чи?
Ўтган йили бир кило саримсоқни 2 минг сўмга олса бўларди. Негадир бу йил унинг баҳоси 30-40, ҳатто 50 бараваргача сакраб, 100 минг сўмгача кўтарилиб кетганлигини айтишаяпти. Кимдир вирусни юқтирмаслик учун саримсоқ яхши восита, деган бўлса керакки, бу ёқда "чеснокчи"ларнинг бозори чаққон. Бунга бир ҳисобдан одамларнинг ҳар нарсага ишониши сабаб бўлса, бир томондан бозорчиларимизга ҳам шундай сабаблар жуда кераклиги ойдинлашади. Картошкачилар, исириқчиларни-ку қўятуринг. Бу яқин орада бир боғлам исириқ баҳоси фалон минг сўмга чиқмаганди.
Бирор байрам муносабати билан харидлар кўпайиб, одамлар истаса-истамаса, барибир савдо қилиши аниқ бўлган ҳолларда-ку тушунса бўлар, лекин хавфли бир касаллик тарқаб, ҳаммадан бирдамлик талаб қилинадиган бир шароитда без бўлиб туришни одамгарчиликнинг қайси мезонига киритсак тўғри бўлади?
Бу-ку майли, пул топилар, лекин вирус юқтирган беморлар, улар яшайдиган манзил, эри, боласи, неварасининг номигача ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилишини "фаросатсизлик" деган сифатдан ўзгача таснифлаш мумкинми?
Ваҳоланки, бунга соғлиқни сақлаш тизими масъуллари ҳам эътироз билдириб чиқишди. Ўзбекистон Республикасининг "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонунига кўра, шахсга доир маълумотлар ўша шахснинг розилиги билан амалга оширилиши, қолаверса, "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонун 45-моддасида фуқаронинг тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, унинг соғлиғининг ҳолати, касаллигига қўйилган ташхис хусусидаги ҳамда уни текшириш ва даволаш давомида олинган бошқа маълумотлар шифокор сирини ташкил этиши белгилаб қўйилгани айтилди (шу жойда бир мулоҳаза туғиладики, хўш, ўша маълумотлар қандай қилиб одамларнинг қўлига етиб борди? Уларни тиббиёт ходимидан бошқа ким билиши мумкин?).
Канали аъзолари сонини кўпайтиришга чунонам берилиб кетган айрим блогерлар, аниқки, ушбу талабларни билмайди ва билишга ҳаракат ҳам қилмайди. Лекин бунинг оқибатида ўша беморларда юзага келадиган тушкунлик, босимларни тасаввур қилиб кўринг.
digital review келтирган маълумотларга кўра, "Google" компанияси "коронавирус" сўрови бўйича батафсил тавсиялар тайёрлаб, видеомаслаҳатлар бераётган, "Facebook" вирусдан қутқарувчи дея ваъда берилаётган эълонларни тақиқлаб, турли фитналар уюштирилса, буни яшириб, вирус ҳақида асосий маълумотларни бераётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти постларини текинга тарғиб қилиб, тадқиқотларни молиялаштираётган, "Instagram" сохта хабарларни ўчириб, "YouTube" ҳам сохта видеоларни тақиқлаб, коронавирус тўғрисида асосий материалларга олиб борувчи инфоблокларни ишга туширган бир чоғда бизда "Андижонда коронавирус чиқибди", "Китобда ҳам касалланганлар бор экан", "Коронавирусдан ўлибди" қабилидаги ёлғон хабарлар тарқалаётгани вазиятни осонлаштиришга эмас, фақатгина қийинлаштиришга, ваҳима кўпайишига хизмат қилади, холос.
Албатта, кўпга келган "тўй"дан бир-икки сўм соққа қилиб оламан, деган инсофсизлардан фарқли равишда Жиззахда, Сурхондарёнинг Ангоридаги шохобчаларда ҳимоя ниқоблари ўз нархида сотилиши, нам салфеткалар бепуллиги ҳақидаги хабарлар кишиларнинг руҳини кўтаргани бор гап. Бу борада айниқса, вилоят транспорт бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан пойтахтда таҳсил олаётган талабалар бепул ўз яшаш манзилларига олиб келинганини алоҳида таъкидлаш керак. Бўлар экан-ку.
Эртага - Наврўз байрами. Азалдан бу кунга ҳамжиҳатлик, бирдамлик айёми сифатида таъриф берилади. Наврўз остонасида юз берган турли ҳодисалар эса бизнинг нақадар ҳамжиҳат, нақадар бирдам эканимизни ва бозорчи-дўкончилар, ҳайдовчиларга бундай сифат бериб бўлмаслигини ҳам кўрсатиб берди. Улар бу қийин дамларда, бояги ҳикояда келтирилганидай, кампир каби ўликнинг ёғини, тирикнинг тирноғини олишга интилаётган экан, қачондир худди ўша кампир каби бор-йўғидан маҳрум бўлиб қолишлари ҳам мумкин.
Эзгулик айёми арафасида эса айтадиганимиз шу: ҳамманинг жони соғ бўлсин!
НАСРИДДИН