Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

И. ТОШТУРДИЕВ

30.01.2017


БУНЁДКОРЛИК — ХАЛҚИМИЗГА ХОС

 Маълумки, шу табаррук заминда жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, тарих зарварақларида ўчмас из қолдирган кўплаб олиму фузалолар, алломалар, ҳукмдору саркардалар ўсиб-улғайган. Хусусан, аждодларимиз бунёд этган ноёб меъморчилик намуналари бугун ҳам дунё ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлаяпти. Айниқса, уларда акс этган яратувчанлик, шаҳарсозлик, меъморчиликнинг ўзига хос анъаналари истиқлол шарофати билан юртимизда амалга оширилаётган улкан  бунёдкорлик ишларида яна бўй кўрсатмоқда.

Дарҳақиқат, истиқлолнинг илк кунларидан буюк келажак сари дадил қадам ташланди. Халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бунёдкорлик руҳи юртимиз бўйлаб кечаётган янгиланишлар, ўзгаришлар, хусусан, қурилаётган замонавий ва кўркам бинолар, маданият ва истироҳат боғлари, йўллар, муҳташам спорт иншоотлари, мактабу маданият уйлари мисолида яққол намоён бўлмоқда.  Шу билан бирга, миллий қадриятларимиз намунаси ва халқимизнинг бебаҳо мулки саналган муқаддас қадамжолар қайта чирой очмоқда. Кўрган кўз қувнайдиган бўлаяпти.

Ҳозирги вақтда вилоятимиз, хусусан, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари улкан қурилиш майдонига айлангани барчага маълум. Айниқса, Қаршида барпо этилаётган кўп қаватли уйлар, турли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, бетакрор спорт комплекслари, Амир Темур кўприги ва унинг атрофида барпо этилган кўркам сайилгоҳ шаҳар ҳуснига ҳусн қўшди. Амир Темур майдони ва унинг ён-атрофидаги ҳудуд яхлитланиб, ажойиб хиёбонга айлантирилиши, Оқсарой мажмуаси, Дорут-тиловат, Дорус-саодат, Чорсу бозори, Молик Аштар, Кунчиқар масжидлари каби кўплаб тарихий ёдгорликлар таъмирланиши Шаҳрисабз шаҳри марказига  янгича қиёфа бағишлади.

Асрлар мобайнида жаҳон аҳли ҳайратига сазовор бўлиб келаётган тарихий қадамжоларни ўрганиш, асраб-авайлаш, келажак авлодга бус-бутун етказиш муҳим аҳамиятга эга. Негаки, мазкур ёдгорликлар ҳар бир ўзбек  қалбида муқаддас она заминимизга бўлган муҳаббатни янада оширади, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, маданий мерос ва ўлмас қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.  

Эътиборлиси, нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимиз бўйлаб кечаётган янгиланишларга, бунёдкорлик ишларига шу юртнинг ҳар бир фарзанди ўз ҳиссасини қўшаяпти, шу эл равнақи йўлида хизмат қилаяпти. Зеро, мамлакатимиз тараққиёти, унинг жаҳондаги обрў-эътибори янада юксалишига доим дахлдорлик ва бурчлиликни ҳис этиб, хизмат қилиш ғоят эзгу ишдир.

И. ТОШТУРДИЕВ, жазони ижро этиш муассасаси махсус контингентлари ўртасида тарбиявий ишлар олиб бориш бўлими ходими

Report typo