Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдушукур ОМОНОВ

23.02.2017


БУРЧ ВА МАСЪУЛИЯТ УЙҒУНЛИГИ

Мустақил юртимизда сўнгги йилларда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари тузилмасини янада такомиллаштириш, давлат хизматчиларининг ўз хизмат вазифасини виждонан бажаришлари учун шарт-шароитлар яратиш ва давлат хизматида суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 февралдаги “Ҳудудларни комплекс ривожлантиришни таъминлашда маҳаллий давлат бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг бошқарув аппарати тузилмасида ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг бошқарув аппарати тузилмасида эса ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 24 февралдаги “Ҳудудий давлат бошқаруви органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратининг янгиланган намунавий тузилмалари тасдиқланди. Вилоят ҳокимларининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди. Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳам қайта ташкил этилди. Вилоят ҳокимининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ёрдамчиси ҳамда матбуот хизмати котиби лавозимлари тугатилди.

Инсон олий маълумотли бўлиб, давлат идораларида ишлаб, етук ходим ва раҳбар бўлгунига қадар анча йўлларни босиб ўтиши муқаррар. У бу жараёнда кўникма ҳосил қилади ва тажриба орттиради. Айримлар элу халқ, юрту давлатга хизмат қилиб, обрў-ҳурмат топиб яшаса, айримлар давлат хизматида бўлганидан фойдаланиб, турли йўллар билан бойлик тўплашга интилиб яшайди. Шу сабабли ҳам давлат хизматчилари фаолиятини тўғри йўлга солиш, уларни ишонч-ҳадик оралиғида ушлаб туриш кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам муҳим масала бўлиб қолаверади.

Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Хўш, ушбу намунавий қоидаларни қабул қилишдан мақсад ва унинг вазифалари нимадан иборат? Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан республика давлат бошқарув органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига ўз фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ушбу одоб-ахлоқ қоидалари асосида марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалари ходимлари учун мажбурий бўлган ходимларнинг идоравий одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Одоб-ахлоқ қоидалари эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар давлат хизматчилари касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат. У ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, давлат хизматчиларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга қаратилган. Давлат органларига ишга кираётган шахслар одоб-ахлоқ қоидалари билан таништирилади ва давлат хизматчилари унга риоя этишлари шарт.

Давлат хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги керак. Манфаатлар тўқнашуви эса давлат хизматчиларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона бажаришга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолларда пайдо бўлади. Бундай ҳолатдан ходим ўз раҳбарини хабардор қилиши керак. Давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.

Давлат хизматчиси томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ҳисобга олинади. Давлат хизматчилари ўзлари йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни билан танишиш, ўзини ҳимоя қилиш учун далиллар тақдим этиш ва хулоса натижалари юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Хуллас, асосий мақсад давлат хизматчилари меҳнати самарадорлигини ошириш, меҳнат интизомига риоя этилишини таъминлашдан иборатдир.

Абдушукур ОМОНОВ,

Деҳқонобод тумани ҳокими.

Report typo