Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • "Бурни кўтарилиб қолган"; "Оёғи ердан узилган"; "Кибр отига минган"; "Вазифасига салоҳиятсиз"; "Ваъдабоз PRчи"...

04.04.2024


"Бурни кўтарилиб қолган"; "Оёғи ердан узилган"; "Кибр отига минган"; "Вазифасига салоҳиятсиз"; "Ваъдабоз PRчи"...

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Убайдулла ОРИПОВга газета орқали ахборот олишга доир ТАКРОРИЙ сўров

 Жамоатчилик назорати

"Вилоятдаги таълим сифати паст деб баҳоланган мактаблар сонининг юқорилиги, таълим муассасаларида маънавий-тарбиявий ишларнинг суст ташкил этилганлиги, мактаблардаги таълим сифатига алоқадор имкониятлардан кенг қамровда фойдаланилмаётганлиги турли йўналишдаги муаммоли ҳолатларни келтириб чиқармоқда".

Бу бизнинг гаплар эмас. 2024 йил 26 февраль куни Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов томонидан қабул қилинган "Мактаб таълимини жамият билан узвий боғлиқлигини таъминлаш ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида таълим-тарбия ислоҳотларини янада жадаллаштириш тўғрисида"ги 106-4-0-Q/24-сонли қарордан иқтибос.

Таҳририятнинг ана шу асосда тайёрланган ахборот олишга доир сўрови 2024 йил 29 февралда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига киритилган, унга Ўзбекистон Республикасининг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуни 351-моддасида кўрсатилган меъёр талабларига мувофиқ жавоб бериш сўралган эди. Яъни, "Оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади".

Мана, орадан 35 кун ўтди. Кутишнинг ками қолмади. Жавоб эса йўқ.

"Бурни кўтарилиб қолган"; "Оёғи ердан узилган"; "Кибр отига минган"; "Вазифасига салоҳиятсиз"; "Ваъдабоз PRчи"...

Айрим маҳаллий даражадаги раҳбар лавозимида ишлайдиган масъуллар аллақачон тегишлисини ўзига нисбат қилиб олишга улгурган бу каби иборалардан бирови вилоятнинг мактабгача ва мактаб таълими увол-савоби учун бевосита жавобгар бўлган Убайдулла Ориповга қарата айтилганини ҳали эшитмадик. Аксинча, бир тадбирда мартабаси баланд раҳбар томонидан унинг "истиқболли кадр" дея эътироф этилгани қулоққа чалинган. Шундан бўлса керак, таҳририятнинг у раҳбарлик қилаётган идорага, айнан бошқарма бошлиғи номига йўлланган ахборот олишга доир сўрови жавобсиз, эътиборсиз қолиб кетишини кутмагандик.

Начора, шундай бўлди. Ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қолаверишини исташгандир? Йўқ, халқимизнинг севимли шоири Абдулла Орипов айтганидек: "Осон қутуламиз мавзудан баъзан, Хаспўшлаб ўтамиз, урра-урралаб"га энди кўнмаймиз. Ахборот олишга доир сўровимиз балки жамоатчилик диққат-марказида турса, масъулни қўзғатар деган ўйда газета орқали унинг айнан такрорини эълон қилишга қарор қилдик. Яъни, Убайдулла Ориповдан таҳририятга қуйидагилар бўйича таҳлилий маълумотларни тақдим этиш ва батафсил изоҳлаб бериш сўралади:

1. Таълим сифати паст деб баҳоланган мактаблар сони юқорилигининг асосий сабаблари ва бунга йўл қўйган мактаб, туман (шаҳар), вилоят даражасидаги масъулларга нисбатан кўрилган чоралар (аниқ мисоллар асосида).

2. Таълим муассасаларида маънавий-тарбиявий ишларнинг сустлигини келтириб чиқарган асосий омиллар ҳамда бунда бевосита мутасадди кадрларнинг самарасиз фаолияти билан боғлиқ  ҳолатлар.

3. Мактабларда таълим сифатига алоқадор имкониятлардан кенг қамровда фойдаланишга тўсқинлик қилаётган факторлар ва уларнинг юзага келишига сабаб бўлган масъулларнинг хато ва камчиликлари ҳақида.

Энди агар шу сўровга жавоб берилса, уни ҳам газета орқали муштарийлар эътиборига ҳавола этишни режалаштирганмиз. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари томонидан бепарво қолдирилган (муддат унутилган) аввалги ахборот олишга доир сўровни кўриб чиқиш бўйича қонунчиликка амал қилиниши юзасидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни эса тегишли назорат идоралари масъулларига қолдирамиз. Бинобарин, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар".

Таҳририят

Report typo