Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдунаби АБДИЕВ

07.05.2019


"БУРНОҒИ ОДАМЛАР БЎЛГАНИДА БОРМИ..."

- Ҳой, кат-матта одам, уялмай чошгоҳ чоғи ҳам чўзилиб ётаверасанми, сен ҳам бундай фаришталар улашаётган ризқдан насибангни олиб қол...

Отамнинг бироз қаҳрли, шунинг билан бирга меҳрли овозидан уйғонаман, бироқ иссиқ ўрнимни совутгим келмайди, ўзимни эшитмаганга солиб ётавераман. Ҳатто онамнинг:

- Турақол, болам, отангнинг жаҳлини чиқарма, - деб ялинишлари ҳам ўтмайди.

Гўёки ҳамма нарса инсонга абадий берилгандек, вақт етиб табиат қонуниятлари олдида ожиз қолишингни ҳам, ота ва она инсонга ғанимат эканини ҳам англамайсан. Аммо...

Йиллар ўтиб ортда қолган умринг саҳифаларига бир зум назар солгинг келар, ота ва онанг сен учун бедор ўтказган тунларни, болам яхшиларга ёндашсин дея, ҳар бир қадамингни тергаб турганини эслаб, улардан ибрат излашга тушар экансан.

Ёғоч товоқ соғинчи

Ўн тўрт ёшидан мактабда дарс берган, йигирма йилча билим масканини, тағин шунча муддат давлат хўжалиги фирқа қўмитасини бошқарган отам нафақага чиққач уйга сиғмай қолди.

- Оёғингизни чўзиб ўтирмайсизми, кўчада нима қиласиз, - жеркиб беради онам оҳорли кийимларини кийиб, кўчага чиқиб кетаётган отамга.

- Сенга маза, қўшни аёллар чиқса гурунглашиб кунни қаритасан, мен нима қилай, ишлаб ўрганган одам, уйда ўтириб билармидим.

Шу тариқа қўлларини орқасига чирмаштириб олган отам уйдан чиқиб кетганича, қош қорайганда баҳри очилиб қайтарди:

- Менам Сафар жўрамнинг мактабидан тўрт-беш соат дарс олсамми.

- Энди қариган чоғингизда болаларга ўралашиб юришингиз қолувди.

- Мактабнинг меҳригиёси бор, эсимни танибманки умрим болалар орасида ўтган.

- Уйда бола йўқми, давлатнинг берган нафақасига шукур қилиб, набираларингиз билан ўйнаб ўтираверинг-да, - онамга қўшилиб отамни шаштидан қайтаришга ҳаракат қиламиз.

Лекин отам ҳар эрталаб биз қатори уйдан чиқиб, илгари фаолият кўрсатган идораларига бориш одатини тарк этмайди.

Отамизнинг қайсидир биримизга қўл кўтаргани ёки аччиқ-қуруқ гаплар айтганини эслолмайман, ўйлаб кўрсам у киши қандайдир ҳаракатимиздан кўнгли тўлмаган, юраги оғринган бўлса-да, овозини кўтармас, халқ мақоллари билан беозоргина хатомизни тўғрилаб қўяр экан. Айниқса, "Нонни катта тишласанг ҳам, гапни катта гапирма", "Бор товоғим, кел товоғим, бормасанг, келмасанг, ора йўлда син товоғим", "Сув балосидан, ўт балосидан, ноҳақ туҳмат балосидан сақласин", "Зоримиз бор, зўримиз йўқ" каби мақоллар оила даврасида тез-тез қулоғимизга чалиниб турарди. Оиламизнинг бобомерос катта ёғоч товоғи бўларди. Уйда қайнатма шўрва пиширилса, отамиз шу товоққа майдаланган патирни босиб, ҳаммамизни дастурхон бошига чорларди:

- Бир товоқдан нон еганга нима етсин.

Беш-олти қўл товоққа чўзиларди. Навқиронликка борибми, ака-укалар гап талашиб, оқибат орамизга "қора мушук" ораласа, ким кўп, ким оз миқдорда айбдорлигидан қатъи назар отамиз ҳар иккимизга юз очмасдилар. Токим ўзимиз гуноҳкорлигимизни ҳис этиб, бир-биримиздан кечирим сўрамагунимизча шу ҳолат давом этарди.

- Болаларим, бир кун низо аралашган оиладан минг кунлик барака кўтарилади, зинҳор ўз дастурхонингиз файзига теша урманглар, - дерди биз апоқ-чапоқ бўлиб кетганимизга ишонч ҳосил қилгач.

Йиллар ўтди, турмуш чорраҳаларида тўкин, нотўкин дастурхонларни, турфа таомларни кўрдим, тановул қилдим, аммо биронтаси ўша ёғоч товоқдан ейилган овқат таъмини беролмаслигини ҳис этиб, ҳамон ажабланаман.

Аҳилликда ҳикмат кўп

Отам оёғи йиғилиб, уйдан чиқмай қолганларида ҳам қишлоқ янгиликларини биздан аввал эшитарди. Дўстлари ёки сўраб келувчилар изи аригандан кейин бизга улардан эшитган янгиликларини айтар, уларга муносабатимиз билан қизиқарди. Айтишича, бирови болаларнинг жанжали сабаб, сўнг хотинининг гапи билан акаси билан юзкўрмас бўлиб кетибди.

Отам "Эҳ-ҳ, бурноғи оқсоқоллар бўлганида борми...", дея ибратли ҳикояни бошлади:

"Урушдан кейинги йиллар эди, қишлоқ кайвониларидан Султонёз Қурбонов тўнғич ўғлига курашли суннат тўй берадиган бўлди. У пайтлар тўйдан олдин қишлоқ оқсоқоллари бирикиб, тўй тутгичнинг уйига боришар, кам-кўсти билан танишиб, етмаганини тўлдиришга ҳар ким баҳоли қудрат ҳисса кўшадиган удум бор эди. Сайитқул Ҳайдаров, Боғи раис, Тилло бобо, Жабби полвон... бир неча киши тиркашиб тўй тадоригини кўришга бордик.

Султонёз бир нечта бўхчани биз ўтирган хонага ташиб келди. Бирида калиш, бошқасида кирза этик, белқарс, гарди рўмол дасталари бор эди.

- Ўн-ўн беш бош улоғим, шунча қўзим, тўрт-беш бош қўчқор, серка, иккита ҳўкиз, араби гиламларим бор. Озроқ пул ҳам жамғариб қўйганман. Тағин сизлар нима десангизлар шу.

-Яхши, тайёргарлигинг ёмон эмас, кураш авжига олаверса, эл ҳам қараб турмас, - деди Тилло бобо.

Бошқалар ҳам уни маъқуллади.

- Энди бир нарсани сўрасам, айбга буюрмайсан, Султонёз, - суҳбат тизгинини қўлга олди Боғи раис. - Қишлоқда гина-кудуратли кишинг йўқми?

Султонёз пешонасини тириштириб турди-да, кейин "Қайсидир йили Сулаймон хўжа билан озроқ гапим қочганди", деди.

Сулаймон хўжа дегани Нуриддин устанинг отаси, Хўжа Касбидан кўчиб келган, рўзғорини темирчилик изидан юритарди. Анча серзарда, бир гапдан қолмайдиган киши эди раҳматлик. Ғашига тегсанг ёш-қари демай оғзига келган сўкинч билан "сийларди". Қизиғи, Султонёз раислик қиладиган қишлоқ шўроси идораси билан Сулаймон хўжанинг темирчилик устахонаси ёнма-ён жойлашган, одамлар тез-тез иккисининг бир пиёла чой устида ўтирганлари гувоҳи бўлишарди.

- Ундай бўлса яхши эмас, - салмоқланиб фикр билдирди Сайитқул оқсоқол. - Сизларни билмадим, мен Султонёз Сулаймон темирчи билан ярашмаса тўйига келмайман.

Хуллас, оқсоқолнинг гапи гап, темирчи билан апоқ-чапоқ бўлмагунча тўй дастурхони ёзишга рухсат берилмади. Эртаси куни Султонёз Сулаймон темирчининг ёнига борибди:

- Хўжам, қайсидир йили урушиб қолганимиз эсингдан чиқдими?

- Ўша куниёқ ўтган гапга салавот айтганман.

- Унда бугунми-эртами меникига ўтиб, бир пиёла чой ичмасангиз бўлмайди.

- Э-э, қўй, ташвиш нимага керак, ҳар куни ичиб юрган чойим, жуда кўнглинг суст кетган бўлса тўйда икки баравар ичарман.

- Жон хўжам, мени бир ғалвадан қутқазинг, уйимга бормасангиз, сиз билан салом-аликни батамом узаман.

- Бундай тушунтириброқ гапир, ўзи нима гап?

Султонёз оқсоқолларнинг қарорини айтиб берибди. Сулаймон темирчи қаҳ-қаҳ отиб кулибди:

- Сени пухта десам, ғалчанинг ўзгинаси экансан, шуни айтиб нима қилардинг.

Эртаси куни Сулаймон темирчи Султонёзнинг уйидан чой ичганига гувоҳ бўлиб, тўй кунини белгилаб бердик".

- Ўғлим-қизим, аҳилликда ҳикмат кўп, бир-бирини қўллаган битади, четлаган йитади, илоҳо бир-бирини қўллаган бўлиб чиқинглар, оиламиз катта, бириксангиз, эл бўласиз, - дерди отам гурунг якунида. - Инсон учун аҳилликдан кучлироқ таянч йўқ.

Олтиндан қиммат ризқ

Отамнинг ғалати одатлари бор эди. Сафарда ошхонага кирсак, тановулдан кейин қолган нонни албатта олдирарди:

- Барибир чиқиндига ташлаб юборишади, ризқни қолдириб бўладими.

Болалик чоғларимиз дастурхондаги нон ушоқларини кафтларига олиб капалаб, биздан ҳам шундай қилишни сўрарди:

- Ноннинг увоғи ҳам нон, уни хор қилганнинг ўзи зор бўлади.

Ерда ётган нон бўлагини кўрса, юз-кўзига суртарди:

- Шу парчага маҳтал одамлар сон нечта, уволига қолмайлик.

Кейин яна янги ривоят туғиларди:

"Қадимда хасис бойнинг ғариб чўпони бўларкан. Бой чўпонни сира аямас, кун бўйи сурув изидан юришга мажбур этар, кечалари уйда ишлатар, хизмат хақига эса бир дона қотган нон бераркан. Бечора чўпон шунга ҳам шукур қилар, куни ўтганидан беҳад шодумон экан. Кунларнинг бирида ярим тун қўйларини ўтовга суриб эшак устида келаётган чўпоннинг қўйнидаги нон ерга тушиб кетибди. Ҳарқанча қидирмасин нон топилмабди.

- Майли, - дебди ўзига-ўзи, - бир белги қолдирсам, эртага топиб оларман.

Чўпон йигит шу ерга таёғини қадаб кетибди. Эртаси келиб қараса, таёғи бор туриши билан олтинга айланиб қолганмиш.

- Эй, худойим, зарингни нима қиламан, уни олиб, нонимни қайтар, - илтижо қилибди чўпон. - Ҳарна қорним тўярди..."

Чувиллашиб отамни саволга тутамиз:

- Олтини нима, ота?

- Осмондаги ой-юлдузлардек тош, болам.

- Еса бўладими.

- Йўқ, олтин - бойлик.

- Бўлмаса нега чўпон йигит бойлик топганига қаноат қилмабди?

- Заринг бўлса, зўринг бўлади, қўзичоғим. Лекин олтину зар ҳам оч қоринни тўйдиролмайди.

- Чўпон йигит кейин нима қилибди?

- Бунисини билмадим, бироқ шу эртакдан англаган ҳикматим - кўҳна очунда ҳар қандай бойлик нон-насибанинг ўрнини босолмас экан. Олтиндан қиммат ризқ нон бўларкан, болам, шу боис унинг бурдасини ҳам увол қилиш мумкин эмас...

***

Орадан йиллар ўтди, бугун ҳар қадамимни тергаб, яхшиликка етаклаб турадиган отам ҳам, бизни муросага келтириш учун орамизга тушадиган онам ҳам йўқ. Қизиқ, энди тинчимни ҳеч ким бузмаса-да, негадир мени тонг уйқуси тарк этган, эрта саҳар кимдир устимдаги кўрпани юлқиб ташлагандек, нимадир оромимни ўғирлагандек, беихтиёр хотиралар қатига ўраламан ва бир ҳақиқатни англайман: отам вафот этганига йигирма йилдан ошди - ҳали-ҳануз у киши билан боғлиқ хотиралар қатидан янгидан-янги ибратлар кашф этавераман.

Сен ҳам ота-онангнинг қадрини баланд тут, ҳаёт йўлидан сабоқ ол, бу латиф гўша ибрат бўстони эканини англа. Ундан терганинг ва дасталаганинг бир қучоқ чаман муборак бўлсин, азиз ўқувчим!

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори

Report typo