Ислом Каримовнинг Буюк йўлбошчи сифатида амалга оширган ишларини халқимиз, Ватанимиз, келажак авлод ҳеч қачон унутмайди. Ўзбек халқининг ўз фидойи фарзандига бўлган юксак эътирофи намунаси сифатида бугун Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2016 йил октябрь ойида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент шаҳар Яшнобод туманининг Фарғона йўли кўчасида жойлашган жомеъ масжиди "Ислом ота жомеъ масжиди" номи билан аталди. Тошкент давлат техника университетига, Тошкент халқаро аэропорти ҳамда вилоятлардаги қатор марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ерда ёдгорлик мажмуасини барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорига асосан, Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танлов ташкил этилган эди. Президентимизнинг 2017 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорига асосан эса халқаро ижодий танловда ғолиб деб топилган ҳайкалларни мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳри, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳри ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган вилоятимиз марказида ўрнатиш белгиланди.
Айтиб ўтиш жоиз, Биринчи Президентимизнинг вилоятимиздаги ҳайкали у киши шу ерда раҳбар бўлиб ишлаган вақтидаги ишхонаси - вилоят ҳокимлиги биноси ёнида ўрнатилади. Ҳозирда бу жойда Тошкент шаҳридаги "Трест 12" МЧЖ 2-МКБ қурувчилари томонидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
- Жамоамиз билан Биринчи Президентимизнинг ҳайкали ўрнатиладиган майдонда бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини бажараяпмиз, - дейди қурилишга раҳбарлик қилаётган Алибек Ҳожиаҳмедов. - 21420 квадрат метр майдондан иборат ушбу мажмуада ҳайкал ўрнатишгача бўлган барча юмушларни бажаришни тўлиқ зиммамизга олганмиз. Қурилиш ишларини 1 сентябрга қадар тугатиш режалаштирилган. Бунинг учун барча имкониятларни ишга солиб меҳнат қилаяпмиз.
Куни-кеча қурувчиларимиз сафига Қарши давлат университетига ҳарбий хизматда олган тавсияномаси асосида имтиёзли ўқишга қабул қилинган ёшлар ташаббуси билан ташкил этилган “Бунёдкор” талабалар отряди аъзолари ҳам келиб қўшилишди. Улар бу ерда олиб борилаётган ишларга ҳисса қўшишни ўзларига бурч деб билишади.
Дарҳақиқат, Биринчи Президентимизнинг ҳайкали ўрнатиладиган майдон келгусида вилоятимизнинг энг диққатга сазовор жойига айланади. Лойиҳага кўра, Мустақиллик кўчасидан ушбу майдонга кириб келишда ярим ой шаклли иккита йўлак бирлашиб, мажмуага келувчиларни тўғри Биринчи Президентимиз ҳайкали сари бошлайди. Ҳайкал ўрнатилган жойга қадар элтувчи йўлакнинг ҳар иккала томонида майин рақс этувчи замонавий фавворалар бўлади. Ушбу йўлак, ҳайкал ёнидаги бўш майдон ва у ердан бошқа йўлакларга туташадиган яна бешта йўлакка алвон рангдаги гранит тошлар ётқизилади. Ҳудуддаги қолган йўлакларга ҳам йўлакбоп плиткалар териб чиқилади. Атроф ободонлаштирилиб, ранго-ранг гуллар, манзарали дарахтлар экилади.
Ҳайкалнинг орқа томонидан эса учта баланд арка қад ростлайди. Бу билан тўғридан ва ҳар иккала ёндан қараган кишига ҳам ушбу мажмуа яхлит меъморий ансамбл кўринишида намоён бўлади.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Ислом Каримов Қашқадарёга биринчи раҳбар бўлиб келган йиллари вилоят ҳаётидаги энг оғир вақтлар эди. Ҳудуд иқтисодиёти, қишлоқ хўжалигидан тортиб барча соҳалар ортга кетган, айниқса, "марказ" томонидан "пахта иши" ниқоби остида минглаб одамларга қўйилаётган туҳмат ва бўҳтондан иборат айбловлар, ҳақоратлар халқнинг қаддини букиб қўйган, тинкасини қуритган, аҳолида умидсизлик, тушкунлик кайфияти зоҳир эди.
Ислом Каримов аввало ишни оддий одамларнинг букилган қаддини кўтаришдан, воҳа аҳлида ёруғ келажакка умид ва ишонч уйғотишдан бошлади. У кишининг жасорати, қатъият билан оддий одамлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши натижасида "пахта иши"да айбланиб, асоссиз қамалган кўплаб кишилар оиласи бағрига қайтди. Қисқа вақт ичида барча соҳалар изга тушди. Вилоят раҳбари эса ўзининг ташкилотчилиги, фидойилиги ва халқпарварлиги билан воҳа аҳлининг меҳрини қозонди, улкан ҳурмат ва эътирофга сазовор бўлди.
Кейинчалик Ислом Каримов мамлакат раҳбари бўлгани ва мустақил Ўзбекистон асосчисига айланганини эса барчамиз яхши эслаймиз. Бу бутун халқимиз, хусусан қашқадарёликлар қалбини ҳам чексиз фахр ва ифтихорга тўлдирди. Биринчи Президентимиз вилоят ҳақида гапирганида Қашқадарё замини, унинг ҳалол, меҳнаткаш ва танти одамларини алоҳида меҳр ва самимият билан тилга оларди.
Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қаршида Ислом Каримов ҳайкалининг ўрнатилиши қашқадарёликларнинг кўнгил уйини обод этгувчи буюк иш бўлади.
Ж.БОЙМУРОДОВ