Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

18.01.2017


БУЮК ЙЎЛБОШЧИ ХОТИРАСИ ҚАЛБИМИЗДА МАНГУ ЯШАЙДИ

Корхона, ташкилот ва таълим муассасалари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар, умуман, минглаб қашқадарёликлар Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонига келиб, Юртбошимиз портрети пойига гулчамбарлар қўйди.

Қашқадарё аҳли вилоят мустақиллик йилларида иқтисодий барқарор, саноати ривожланган ҳудудга айланиб, аҳоли турмуш даражаси муттасил ўсиб бораётгани, бунёдкорлик, халқимиз фаровонлигини юксалтириш билан боғлиқ барча эзгу ишлар бевосита муҳтарам Президентимиз номи билан боғлиқ эканини яхши билади.

Хусусан, Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётда амалга оширилган туб таркибий ўзгариш ва янгиланишлар вилоятда замонавий    саноатни изчил ривожлантиришга хизмат қилди. “Муборакнефтгаз”, “Шўртаннефтгаз”, Муборак газни қайта ишлаш заводларида янги қувватлар барпо этилди. Шўртан газ-кимё мажмуаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Талимаржон ИЭС каби йирик корхоналар ишга туширилди. “Гиссарнефтгаз”, “Кўкдумалоқгаз”, “Шўртангазмаҳсулот” қўшма корхоналари ташкил этилди.

Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли ишга туширилди. Тошкент – Қарши – Тошкент  йўналишида тезюрар “Насаф” поезди ҳаракати йўлга қўйилди. Ўтган йили Тошкент – Самарқанд – Қарши темир йўл линиясида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электр поезди қатновининг йўлга қўйилиши Тошкент билан Қарши ўртасидаги 511 километр масофани 3 соатда босиб ўтиш имконини яратди.

Бундан йигирма йил бурун вилоятда 7 та енгил саноат корхонаси фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 500 га яқинлашди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари қиёфаси тубдан янгиланди. Вилоятда юзлаб замонавий таълим муассасалари, муҳташам спорт иншоотлари, маданият ва мусиқа масканлари, кўп қаватли хонадонлар, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида 7600 га яқин уй-жой қурилди.

- Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган асрга татигулик эзгу ишлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хизматлари самарасидир, - дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов. - Ислом Каримовнинг номи тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилади. Унинг порлоқ хотираси Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби қаҳрамонларимиз, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино сингари алломаларимиз қаторида  халқимизнинг юрагида абадий қолади.

- Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга меҳри бўлакча эди, бутун Ўзбекистон ёшларини ўз фарзандидек яхши кўрарди, ардоқларди, - дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Мафтуна Нодирова. - Мен ва яна миллионлаб тенгдошларим эришган барча муваффақиятлар замирида юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва биз ёшлар учун Президентимиз томонидан яратиб берилган кенг имкониятлар мужассам. Биз - ёшлар мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ғамхўрлигига муносиб бўламиз, юртимиз равнақи йўлида бор куч-ғайратимизни аямаймиз.

Вилоят марказидаги кўплаб аҳоли гавжум жойларда улкан мониторлар орқали халқимизнинг мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида эришган улкан ютуқ ва марраларини акс эттирган, Президентимиз Ислом Каримовнинг Қашқадарё вилоятига ташрифлари ва қашқадарёликлар билан самимий суҳбатлари тасвирланган видеолавҳалар намойиш этилди.

Вилоят марказидаги Мустақиллик майдонида, шаҳар ва туманлар марказларида ўтказилган мотам маросимларида ўн минглаб юртдошларимиз Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк инсон Ислом Каримов хотирасига чексиз эҳтиром кўрсатди.

Б.САЙФИЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ  олган суратлар.

Report typo