Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Башорат БАҲРИДДИНОВА

01.02.2018


БУЮК ЙЎЛБОШЧИНИНГ МИЛЛИЙ ТИЛ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ

Унинг бевосита раҳнамолиги ва ташаббуси билан ўзбек тили ўз тарихида илк маротаба расмий тил мақомига эга бўлди, жаҳон ҳамжамиятида тан олинди, истеъмол доираси кенгайди, шу тил муаммолари билан шуғулланадиган махсус олий даргоҳ ташкил этилди. Аммо, айтиш керакки, бу жараён бир-икки йил ичида силлиқ, осонгина амалга ошмади, бундай қарорлар йўл-йўлакай, шундоққина қабул қилиб қўя қолинмади. Миллат тилига дахлдор ҳар қандай масалани ҳал этиш, албатта, Юртбошидан катта матонат, жасорат, фидойилик талаб этди. Мамлакатда барча соҳада бўлгани каби тил сиёсати борасида ҳам ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб борилди. Келинг, эслаб кўрамиз.

1989 йил. Ҳали мустабид тузум тўла емирилмаган, конституциясида барча элат, халқ, миллатлар ва уларнинг тиллари тенг ҳуқуқли эканлиги таъкидланган бўлса-да, барча соҳаларда иш юритиш ягона рус тилида олиб бориладиган, аҳоли рус тилини билиш-билмаслигига кўра зиёли ва қолоқ гуруҳларга ажратиладиган, она тилимизнинг қўлланиш доираси ниҳоятда чекланган, ҳар бир пухта ўйланмаган ҳаракат миллий низоларни кучайтириб юбориши равшан бўлиб турган қалтис бир вазиятда ўта нозик масала – ўзбек тилига расмий тил мақомини бериш муаммосини кун тартибига қўйиш, ҳақиқатан ҳам, давлатнинг биринчи раҳбаридан катта журъатни талаб қиларди. Ўзбек зиёлиларининг саъй-ҳаракатлари ва Президентимизнинг ташаббуси билан бу тарихий вазифа уддаланди: 1989 йилнинг 21 октябрида ўзбек тили Ўзбекистоннинг Давлат тили сифатида расман эълон қилинди. Орадан икки йил ўтиб – 1991 йил 31 август куни Республика Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эълон қилинди. Шу муносабат билан сўзлаган тарихий нутқида Ислом Каримов истиқлол арафасида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилар экан: “Биз буларнинг ҳаммасини мустақил равишда ҳал этиб, етилган масалаларни ечишда Иттифоқ идораларидан сезиларли равишда олдин бораяпмиз. Бу хусусда марказдагиларнинг бирортаси ҳам бизни олқишлаб қабул қилаётгани йўқ. Аксинча, гўё бу – Ўзбекистон Президентининг ўзбошимчалиги деб ҳисоблашди”, деганди. Она тилига, миллий қадриятларга бўлган муҳаббат Буюк йўлбошчимизга қалтис вазиятда ана шундай муҳим қарорларни қабул қилишда куч-қувват, журъат берган эди.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатида расман эълон қилиниши ва мазкур тарихий ҳодиса “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда муҳрлаб қўйилиши истиқлол сари ташланган илк қадам бўлди. Бу – тил ва миллат тушунчаси муштарак эканлигини яна бир карра исботлади. Ўз навбатида тилимизга ҳақиқий ҳуқуқий мақомни мустақиллик берди. 1992 йил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” деб ёзиб қўйилди ва у қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида халқимиз маънавий ҳаётидаги бошқа кўплаб муаммолар қатори алифбо масаласи ҳам кун тартибидаги долзарб вазифага айланди. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида Ислом Каримов ушбу масаланинг оқилона ечими хусусида шундай ёзади: “...она тилимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш, мамлакатимизнинг жаҳон коммуникация тизимига интеграциялашувини таъминлаш, фарзандларимиз учун чет тиллар, ахборот технологияларини ҳар томонлама пухта эгаллаш борасида қулай имкониятлар яратиш каби бир-биридан муҳим вазифалар бу масалани кечиктирмасдан ҳал қилишни талаб этар эди. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, бу масала қанчалик ўткир бўлмасин, биз уни ечишда ортиқча ҳиссиётларга берилмасдан, илмий асосда, ҳар томонлама ўйлаб, кенг жамоатчиликнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб иш тутдик. Шу мақсадда 1993 йил 2 сентябрда юртимизда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди”.

1995 йил ушбу қонундан келиб чиқиб ўзбек тилининг янги алифбодаги илмий меъёрларини белгилаб берадиган имло қоидалари ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори  билан бу қоидалар ҳаётга татбиқ этилди.

Ислом Каримов бутун фаолияти давомида миллатни маънавий юксалтиришнинг тарғиботчиси бўлди. У 1997 йилда “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” деб номланган асарида: “Бирон-бир жамият маънавий имкониятларини, одамлар онгида маънавий ва ахлоқий қадриятларни ривожлантирмай ҳамда мустаҳкамламай туриб ўз истиқболини тасаввур эта олмайди”, дея маънавиятни юксалтириш масаласини кун тартибига қатъий қўйди. 1997 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси IX сессиясида сўзланган нутқда: “Эски қолипда, мустабид даврда ёзилган дарсликлардан фойдаланиб, эски мафкурадан халос бўлмасдан болаларимизни янгича фикрлашга ўргатолмаймиз... Ўз фикрини мутлақо мустақил, она тилида равон, гўзал ва лўнда ифода эта олмайдиган мутахассисни, авваламбор, раҳбар курсисида ўтирганларни бугун тушуниш ҳам, оқлаш ҳам қийин, - деб Ислом Абдуғаниевич асосий эътиборни таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратди. – Таълим-тарбия ислоҳоти ҳақида гапирар эканмиз, унинг мазмунини лўнда қилиб ифода этиш мумкин: бизга битирувчилар эмас, мактаб таълими ва тарбиясини кўрган шахслар керак”. 1998-99 ўқув йилида республика миқёсида она тилидан синов дастури эълон қилиниб, бир ўқув йили давом этди ва, ниҳоят, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 16 августда чиқарилган “Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан 1999-2000 ўқув йилидан бошлаб таълим тизимига жорий қилинди. Шундан кейин она тили таълими олдига ниҳоятда муҳим ижтимоий вазифа – ижодий тафаккур соҳибларини тайёрлаш вазифаси қўйилди ва она тили дарсликларининг янги авлоди юзага келди.

Миллий тил, ёзув, тилшунослик фани истиқболига доир энг сара фикрлар Ислом Каримовнинг 2008 йилда ёзилган “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида жамланди. Мазкур китобда истиқлол йилларида тил сиёсати борасида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш билан бирга она тили олдида турган навбатдаги вазифаларни белгилаб берар экан, Биринчи Президентимиз қуйидагиларни қатъий таъкидлайди: “Айни вақтда жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп иш қилишимиз лозимлигини ҳам унутмаслигимиз зарур. Айниқса, баъзан расмий мулоқотларда ҳам адабий тил қоидаларига риоя қилмаслик, фақат маълум бир ҳудуд доирасида ишлатиладиган шева элементларини қўшиб гапириш ҳолатлари учраб туриши бу масалаларнинг ҳали-ҳануз долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади.

Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур...”

Бугунги кунда тилшуносликда тилни ўз соҳиби билан бирга ўрганиш методологияси етакчилик қилиб турибди. Тилда миллий маданият акс этади. Шу боис тил ўзининг ҳақиқий талқинини ўзи мансуб миллат маданияти ва менталитети билан муштарак ҳолда ўргангандагина топади. Ўзбек тилшунослигининг янги парадигмаси олдида турган ушбу вазифалар Ислом Каримовнинг юқорида келтирилган она тилимиздан амалий фойдаланиш самарадорлигига эришиш, ўзбек тилининг замонавий коммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида қўлланиш доирасини кенгайтириш лозимлиги ҳақидаги фикрлари билан уйғундир.

Ислом Каримов бутун фаолияти давомида “...ўзбек тилини илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш миллий ўзликни, Ватан туйғусини англашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз” деган ғояни илгари сурди. Ушбу ғоя бора-бора бу инсоннинг энг буюк нияти – миллат тили ва адабиётини ҳар томонлама ўрганиш ва унинг истиқболи учун кенг имкониятлар яратиб беришга хизмат қилувчи Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисидаги тарихий ҳужжатни имзолаши билан якунланди. Бу давлат раҳбарининг, бир томондан, миллий тил ва адабиётга бўлган эътибор, ҳурмати нишонаси бўлса, иккинчи томондан, шу миллат, унинг тили ва адабиётининг жонкуяри Алишер  Навоийга бўлган эҳтиромнинг ҳақиқий намунаси бўлди. Университетни ташкил этиш тўғрисидаги фармонда асосий мақсад “бугунги глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш” экани таъкидланади.

Президент Ислом Каримовнинг: “Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили - бу миллатнинг руҳидир”, деган сўзлари бугунги кунда Алишер Навоийнинг “Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз”, Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур” каби ҳикматлари чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассамлашган афоризмга айланиб қолди.

Башорат БАҲРИДДИНОВА,

 Қарши давлат университети доценти, филология фанлари номзоди

Report typo