Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нуриддин ЭГАМОВ

06.07.2017


БУЮК ХАВОТИР ЮКИ

Президентимиз жуда тўғри таъкидлади - "афсуски, биз бу масалаларда ухлаб ўтирибмиз". Энг оғриқли муаммоларимиз илдизи ҳам шунда - мудроқлигимизда, лоқайдлигимизда, "менга нима" қабилидаги калтабинлигимизда...

ОИЛАНИНГ "ВЕСТИБУЛЯР АППАРАТ"И

 Нуроний кексаларимиз қирқ-элликка кириб қолган фарзандларига ҳам ўгит бериб чарчамайдилар: "Ҳай, болангга "кўз-қулоқ" бўл, ҳозир айни тойиб кетадиган ёшда у, ҳазир бўл, бохабар бўл...". Ўйлаб қарасак, барча кексалардан эшитадиганимиз, қулоқларимизга сингиб кетган бу панднинг ҳеч бир янгилиги йўқдай, ҳай, кекса одам, эзмаланиб гапираверадилар-да, энди кап-катта олий маълумотли киши, шунча йил тарбия, маънавият соҳаларининг ичида юриб, шуни билмасак, нима қилиб юрибмиз, деб қолишимиз ҳам мумкин. Аммо... уйимизнинг фаришталари бўлган нуронийларимиз бир нарсани билмасдан гапиришмайди, бежизга "қари билганни пари билмас", дейишмайди-ку...

Яқинда тиббий йўналишдаги нашрдан бир маълумотни ўқиб, ўша ўгитлар яна ёдимга тушди.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, инсон организмида қулоқнинг сизу биз билган эшитишдан бошқа қандай вазифаси бор? "Энди қулоқ бўлганидан кейин фақат эшитади-да", дейсизми? Тиббиёт мутахассисларининг қайд этишича, қулоқнинг ички қулоқ деб аталадиган қисмида инсон мувозанатини сақлаб турадиган муҳим аъзо - вестибуляр аппарат жойлашган экан. Айри шохли ғўлани тик қилиб қўйсангиз, дарров қулаб тушади. Аммо икки оёқли  инсоннинг ўз мувозанатини сақлаб, оёқда тура олиши, турли ҳаракатларни бажариши айнан вестибуляр аппаратга боғлиқ. Ҳолсизланган ёхуд маст-аласт одамнинг йиқилиши ёки дорбознинг ингичка арқон устида дор ўйнаши, акробатларнинг ҳайратомуз ҳаракатлари ҳам ана шу мувозанат тушунчасига боғланади.

Бунинг оила ва тарбия масалаларига қандай дахли бор дейсизми? Мен бу борада ўзимча, моҳиятан ниҳоятда нозик бўлган бир уйғунликни кашф этдим. Яъни кексаларимиз айтганидай, боламизга "кўз-қулоқ" бўлишимиз, бу борадаги масъулиятимизни теран англаб олишимиз ОИЛАМИЗДАГИ  МУВОЗАНАТни таъминлар экан.

Айниқса боласи ўсмир ёшда бўлган ота-она ўзини худди дор устидаги дорбоздай ҳис этмоғи зарур экан. Биламизки, дорда ердагидай юра олиш дорбознинг лангардами ё лангарсиз ўз мувозанатини сақлай олиш маҳоратига боғлиқ...

Афсус, бугун кўпгина оилаларда ана шу мувозанат бузилган. "Кўз-қулоқ" бўладиган кўзлар сўқир, қулоқлар гаранг... Улар ёнидагилар тугул, ўз қалбидаги тўфону гирдобларни кўрмайдилар, ўз кўнглининг нидосини-да эшитмайдилар...

Дарвоқе, инсон танаси мувозанатини таъминлайдиган вестибуляр аппарат бежизга айнан кўз ва қулоқнинг ёнида жойлашмагандир? Айтганча, яна бир гап, усталар текисликни ўлчашда ишлатадиган, ўрисчасига "уровень" деб аталадиган, шишага қамалган сув ўртасидаги муаллақ "томчи"си ўйнаб турадиган асбобнинг яна бир номи негадир "шайтон" экан...

"ФИЛ"НИ КЎР(МА)ГАН "КЎР"ЛАР

 Алишер Навоий "Лисон ут-тайр"  достонида "Кўрлар ва фил" ҳикоясини келтирган. Саноийнинг "Ҳадиқатул ҳақиқа ва шариат ул-тариқа" ("Ҳақиқат боғлари…") ва Жалолиддин Румийнинг "Маънавий маснавий"ларида мазмуни келтирилган бу ҳикоятни даҳо шоиримиз ўз достони орқали ўзбек адабиётига олиб кирди.

Ҳикоят мазмуни шундай: бир гуруҳ кўрлар тақдир тақозоси билан Ҳиндистонга бориб қоладилар. Сўнгра ўз ватанларига қайтганларида, бир киши улардан: "Филни кўрдиларингми?" деб сўрайди. "Ҳа" дейишади улар. Савол берган киши: "Далил келтиринг-чи" дейди. Улар айта бошлайдилар. Филнинг олдинги оёқларини ушлаб кўрган басир: "Устун" дейди. Қорнини пайпаслагани: "Устунсиз" дейди. Хартумини ушлагани: "Аждаҳо" деса, тишларини тутиб кўргани: "Икки суяк" дейди. Қуйруғидан тутгани: "Бир илон осилиб турибди" деса, филнинг бошига қўл ургани: "Бир қоянинг тумшуғи" дейди. Қулоғини ушлаб кўрган басир эса: "Қимирлаб турган икки елпуғич!" дейди...

Нега бу ҳикоятни эсладик?

Динни ниқоб қилган экстремистлар таъсирига тушган кишилар ҳам фил ҳақидаги "пайпаслаб топган" тасаввури доирасидан чиқа олмаган басирларга ўхшайди, назаримизда.

Давраларда шариат аҳкомларидан ножоиз лоф урадиган чаламуллалар, қулликка тушиб қолиб, бир амаллаб юртига абгор ҳолда қайтиб, хориждаги "Сусамбил" ҳақида оғиз кўпиртирадиган ношуд ва нотавон кимсалар, миш-миш ва ваҳима гаплардан "фил ясайдиган" лўттибозлар, илми ҳаминқадар бўлса-да, ҳали сиёсатдан, ҳали иқтисоддан гап очиб, олиму орифларга гап бермайдиган маҳмадоналарни кўрганимда ҳам шу ҳикоят ёдимга тушаверади. Уларнинг бирови филнинг қулоғидан, иккинчиси хартумидан, учинчиси думидан тутиб олгандек гўё.

Аслида фил ҳақидаги ҳақиқат улар англаганидан, уларга уқтирилганидан, сингдирилганидан кўра ҳайбатлироқ, улуғворроқ. Бу ҳақиқатни англаш учун кўнгил кўзи очиқ бўлиши керак. Мирзо Абдулқодир Бедил бу хусусда "Чала билим билимсизликдан ёмон", деган эканлар...

"МЕН ЎЗ САЙЁРАМ, ФЕРУЗА ГУЛИМ УЧУН ЖАВОБГАРМАН!"

"Бизда шундай бир қоида бор. Эрталаб уйқудан туриб, юз-қўлингни ювгач, у ёқ-бу ёқни йиғиштиргандан сўнг дарҳол сайёрангни тозалашга киришмоғинг лозим... Мен ўз сайёрам, феруза гулим учун жавобгарман!".

Эсладингизми? Хўш, қайси асардан?

Ҳа, иқтибос келтирганимиз, таниқли француз ёзувчиси Антуан де Сент-Экзюпери қаламига мансуб бу асар - афсонавий "Кичкина шаҳзода" эртак-қиссаси ёшу каттанинг кўнглидан бирдек жой олган. Кичкина шаҳзоданинг бир кунда бир неча марта шунчаки ўриндиқни бир қадам суриб қўйиш билан қуёш ботишини бир неча марта  томоша қилиш мумкин бўлган кичкинагина сайёраси, учта вулқони, битта  феруза гули бор, холос. У ўзини мана шулар учун жавобгар ва масъул ҳисоблайди. Гулини қўзичоқ еб қўйишидан, сайёрасида баобаб ниҳоли униб чиқишидан хавотирланиб яшайди. Ҳа, унинг кичиккина жуссасида мана шундай Буюк хавотир юки бор эди.

У саёҳат қилган қўшни сайёралардаги қирол, шуҳратпараст, пиёниста, корчалон ва географдан кўра миллион чандон бахтли эди. Унга бу саодатни айнан сайёраси учун жавобгарлик ва масъулият ҳисси берган эди. У ҳар куни сайёрасини супириб-сидириб, йиғиштиришдан, вулқонларини тозалашдан, феруза гулини парваришлашдан, ўсиб, баҳайбат дарахтга айланса, илдизлари миттигина сайёрасини парчалаб юборадиган баобаб ниҳолларини юлиб  ташлашдан эринмайди. Бу юмушларни ўзининг бурчи деб билади.

"Мен бир сайёрани биламан, - дейди Кичкина шаҳзода, - у ерда юзи бўзарган бир жаноб яшайди. У умрида бир марта гул ҳидлаб кўрмаган, бирор марта юлдузларга тикилмаган. У ҳеч қачон бировни севган ҳам эмас, умрида бирон-бир юмушни ҳам бажарган эмас. У фақат бир иш билан - рақамларни бир-бирига уриштириш билан овора. Эртаю кеч худди сенга ўхшаб яккаш: "Мен жиддий одамман! Мен жиддий одамман!", деб такрорлагани-такрорлаган. Тағин гердайиб-кеккайиб юришини айтмайсанми! Аслида у одам эмас, қўзиқорин".

Ҳа, корчалон сингари қўшни сайёраларда истиқомат қилаётганларнинг ўз сайёралари билан иши йўқ. Ҳатто шунчаки бир томонга эгилиб, сайёрасининг нариги бурчагига кўз ташлаб чиқишга ҳам эринишади. Ўзларича, ҳамиша муҳим ишлар билан банд.

Таниш нусхалар-а? Хўш, уларни қаерда кўрганмиз? Балки ишхонадаги ҳамкасбимиз, балки қўшнимиз, балки ака ё укамиз, балки… ўзимиздир?! Ахир душманлар ичра энг хавфли душман бўлган лоқайдлик "эпидемия"сига чалинганлар озми орамизда? Дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайдиган парвойифалаклар - сериаллардаги "жабрдийда" учун кўз ёш тўкиб, ёнгинасида йиқилиб тушиб, йиғлаётган ёхуд уй вазифасини бажаришга кўмаклашишини сўраётган боласини силтаб юборадиган оналар, моянасини улфатлари гаштагига асраб, фарзандидан битта китобнинг пулини қизғанадиган оталар, чойхонада ястаниб олиб, ўз ўқувчисига "яримта"га пул узатадиган "устоз"лар, "дом"даги бир девор қўшнисини танимайдиган гумроҳлар камми?

"Рақамларни уриштириш"дан ортиб, теранроқ ўйлаб кўришга вақтимиз бормикан - шу юрт, шу замин, шу шаҳар ё қишлоқ, шу маҳалла тақдирига дахлдорлик ҳисси қай даражада экан қалбимизда?

Ёнгинамиздаги биз "саволжон" деб жеркиб, қувиб соладиганимиз - "кичкина шаҳзода"лар нималарни сўрашаяпти, нималарни исташаяпти, нималарни орзу қилишаяпти, нималарга чал-ғишаяпти, кимларга эргашишаяпти, кимлардан (нимани) ўрганишаяпти - бирровгина қизиқиб кўришга фурсат топаяпмизми? Унда нега болаларимиз саволларига жавоб излаб, "жозибадор" виртуал "сайёра"лар аро "кезиб" юришибди?  Нега уларга Экзюпери сингари "қўзичоқ чизиб" бермаймиз? Нега уларни беғубор ва чексиз Ҳайрат дунёсидан маҳрум этамиз? Қўлларига ўша Ҳайрат дунёсининг калити бўлган китоб тутқазиш ўрнига хархашаларидан қутулиш учун телевизор ё компьютер қаршисига "михлаймиз"?! Улар "икки дунё овораси", ҳиссиз темиртанга,  онгсиз манқуртга айланиб қолганларида очиладими кўнгил кўзимиз?

"Шаҳзода"ларимизга нималардан сабоқ бераяпмиз? Уларнинг севиб, ардоқлаб ўстирадиганлари, тақдири учун куйиб-ёнадиганлари - "феруза гул"лари борми? Уларни "сайёра"ларига хавф соладиган "баобаб"лар тажовузидан огоҳ бўлишга ўргатаяпмизми?

"Биз ёшларга мана шундай беписанд, бегона муносабатда бўлсак, оқибати нима бўлиши аниқ - улар ҳам биздан бегоналашади", - дея бежиз таъкидламади Президентимиз ўз нутқида...

...Бир ижодкор сифатида мен Юрт раҳбарининг хавотирини мана шу тариқа юрагимдан ўтказдим. Ва бояги ривоятда зикр этилмиш "фил" - яъни Ҳақиқатни басирларча пайпаслаб эмас, заковат ва қалб кўзим билан кашф этишим зарурлигини яна бир карра ўзимга эслатдим.

...Бир ота сифатида ўзимнинг "феруза гулларим" - кўзимнинг оқу қораси деб ўстираётган ўғил-қизларимнинг эртасидан хавотирим... ва шу аснода елкамдаги масъулият ва жавобгарлик юки юз чандон улғайгандек бўлди. Ўз оиламдаги "вестибуляр аппарат"ни яна бир карра  ростлаб олишга жазм этдим.

Онгу шууримнинг ғафлат босган ҳар бир танбал ҳужайрасини турткилаб-турткилаб уйғотишга киришдим: "Ҳей, тур, пешин бўпкетди..."

Нуриддин ЭГАМОВ, журналист

Report typo