Аввало, ўтган мустақил тараққиёт йилларида халқимиз онги, тафаккури, дунёқараши ўзгарди. Биз бошқача фикрлайдиган, олдимизга юксак мақсадлар қўядиган бўлдик. Буюк давлат арбоблари, жаҳон маданияти ва цивилизациясига улкан ҳисса қўшган даҳоларнинг фарзандлари эканлигимизни яна бир бор чуқур англаб, уларнинг бебаҳо илмий-ижодий меросини ўргандик, миллий ғурур ва ифтихор туйдик. Ҳеч кимдан кам эмаслигимизни амалда ҳис этиб, олдимизга қўйган юксак мақсадларимизни, буюк келажагимизни яратишга дадил киришдик.
Албатта, шу ўринда эътироф этиш керак, қўлга киритган ва кенг қамров касб этган ютуқларимизда Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги стратегияси бўлган, ижтимоий-сиёсий фикрлар тарихида қиёси бўлмаган “беш тамойил”нинг ишлаб чиқилиши ва изчил амалга оширилиши алоҳида аҳамият касб этди. Миллатимиз тарихида шонли бунёдкорлик йиллари сифатида муҳрланган ўтган давр мобайнида муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида халқимиз оғир синовларни, иқтисодий қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтди. Бу даврда ғалла, ёқилғи-энергетика мустақиллигига тўла эришдик. Мамлакатимиз иқтисодиётида чуқур таркибий ўзгаришлар юз берди. Илгари асосан хомашё етказиб беришга мослаштирилган халқ хўжалиги энди тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашди. Мулкнинг турли шакллари ривожланишига тенг ҳуқуқ ва шароит яратилди. Натижада халқимиз ўзининг ишбилармонлик, тадбиркорлик салоҳиятини юзага чиқариш имконига эга бўлди. Жамиятда мулкдорлар синфи шаклланди, қишлоқ хўжалигида иқтисодий муносабатлар тубдан янгиланди, фермерлик ҳаракати кенг қулоч ёйди. Энг муҳими, мустақиллик, эркин бунёдкорлик, эртанги кунга ишонч боис халқимиз кимлигини, ўз қадр-қимматини жуда яхши билди.
Шубҳасиз, она диёримизда ўзининг қадимий тарихига, ўзига хос маданиятига эга, меҳнаткаш аҳолиси, ер ости ва ер усти бойликлари кўплиги билан ажралиб турадиган, бугун ҳар томонлама жадал ривожланаётган вилоятлардан бири Қашқадарёдир.
Яна шуни ифтихор билан айтиш мумкинки, энг кўп пахта хомашёси ва ғалла етиштирадиган вилоят сифатида Қашқадарё деҳқонларининг фидокорона меҳнати туфайли ҳар йили 420 минг тоннадан зиёд пахта ва 1 миллион тоннадан ортиқ ғалла хирмони яратилади.
Маълумки, ҳар қандай давлат иқтисодий тараққиётида ёқилғи-энергетика саноати муҳим стратегик ўрин тутади. Биргина вилоятимизнинг ўзида Шўртан газ-кимё мажмуаси, Таллимаржон ИЭС каби йирик корхоналар фойдаланишга топширилди. “Гиссарнефтгаз”, “Кўкдумалоқгаз”, “Шўртангазмаҳсулот” қўшма корхоналари ташкил этилди. “Муборакнефтгаз”, “Шўртаннефтгаз”, Муборак газни қайта ишлаш заводи сингари йирик саноат корхоналарининг янги қувватлари ишга туширилди. Деҳқонобод калийли ўғитлар заводида ишлаб чиқарилаётган калийли ўғитлар бугун республикамиз қишлоқ хўжалигини зарур маҳсулот билан таъминлабгина қолмасдан кўплаб хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилинаётганининг ўзиёқ соҳада нечоғлик юксак қадамлар қўйилганини кўрсатади. Бундан 25-30 йил илгари собиқ тузум даврида экспорт деган сўзнинг ўзи умуман муомалада йўқ эди. Деҳқонободдай чекка туманда экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарилади, деса ҳеч ким ишонмасди.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, мустақиллик шарофати билан вилоятнинг тоғли ҳудудларига темир йўлнинг кириб келиши тоғу тошлар бағридаги улкан хомашё захираларидан фойдаланиш имконини кенгайтирди. Эндиликда ушбу табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларнинг негизида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Энг муҳими шундаки, мустақиллик халқимизнинг ўз тақдирига эгалик қилиш ҳуқуқи билан бирга табиий бойликлардан Ватанимиз манфаатлари йўлида фойдаланиш имконини берганидадир. Авваллари табиий бойликларимиз эшелон-эшелон қилиб, “Марказ”га ташиб кетиларди. Номимиз бек эди-ю нонимизга беклик қилолмасдик.
Темир йўл тизими хусусида сўз юритганда, 2015 йилда Тошкент-Қарши йўналишида қатнови йўлга қўйилган “Afrosiyob” тезюрар поезди хусусида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Зотан поездларнинг ҳаракат тезлиги ва хавфсизлиги, жаҳон андазалари даражасидаги хизмат кўрсатиш сифати халқимизнинг дилидаги айни муддао бўлди. Энди аввалгидек куннинг тўлиқ ярмини ёки асосий қисмини йўлга сарфлашнинг ҳожати қолмади. Пойтахт ва вилоят маркази орасидаги йўлни 3 соатнинг нари-берисида босиб ўтиш имкони туғилди.
Бугунги кунда республикада қазиб олинаётган газнинг 64 фоизи, нефтнинг 67 фоизи, газ конденсатининг 87,4 фоизи ҳудуд ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам қашқадарёликлар учун муҳим кўрсаткич. Зеро, вилоят аҳлининг минг-минглаб вакиллари Қашқадарё заминидан қазиб олинаётган углеводород маҳсулотлари асосида шу ернинг ўзида фаолият кўрсатаётган ўнлаб ишлаб чиқариш субъектларида доимий иш ўрни ва барқарор юқори даромад билан таъминланган.
Бундан ташқари, воҳада калий тузи, мармар, керамзит, ёнувчи сланец, тошкўмир, қўрғошин, марганец, чинни тоши, бентонитли гил, қумли глауконит каби ўндан ортиқ турдаги фойдали қазилмалар учрайди ва улар асосида ҳам бир қатор ишлаб чиқаришлар йўлга қўйилган.
Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотни барқарорлаштириб бориш, иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, талаб ва таклифнинг мутаносиблигини йўлга қўйишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ишбилармонлик муҳити шакллангани ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган юксак эътибор боис уларга тижорат банклари томонидан сўнгги 8 йил мобайнида 2 триллион 645 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилиши натижасида бугунги кунга келиб кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2000 йилга нисбатан 25,8 фоиздан 51,6 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда эса 6,8 фоиздан 21,7 фоизгача ўсди.
Пировардида вилоятимиз тадбиркорлари томонидан мармар ванналар, мармар плиталар, сувли бўёқ (водоэмульсия), брусчатка, шпаклёвка, микрокальцит, канализация қувурлари, турли ўлчамдаги полиэтилен трубалар, профнастил, пеноблок, пишиқ ғишт ва бошқа бир қанча янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу эса четдан қурилиш материаллари келтирилишига чек қўйиб, ортиқча вақт ва маблағ сарфининг кескин қисқаришига олиб келмоқда. Биргина мисол, агар вилоятда 1991 йилда 17 та ғишт заводи фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 172 тани ташкил этади.
Таъкидлаш ўринлики, барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг туб замирида инсон, унинг манфаатлари, фаровон ва бахтли ҳаёти, орзу-умидларини рўёбга чиқаришдек эзгу мақсад мужассам. Мамлакатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан қишлоқ жойларда барпо этилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги турар жойлар ҳам ана шу мақсаднинг амалдаги ифодасидир. Вилоятда 2009 йилда намунавий лойиҳа асосида 100 та уй-жой қурилган бўлса, 2015 йилда бу рақам 1320 тани ташкил этди. Жорий йилда ҳам вилоятимизнинг 13 та туманидаги 38 та массивда 1526 та уй-жой қурилиши давом эттирилаяпти ва уларда шаҳардагидан асло қолишмайдиган шароитлар муҳайё этилмоқда.
2009-2015 йиллар ичида 6 мингдан зиёд оила намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойга эга бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, халқимиз турмуш фаровонлиги ва яшаш даражаси нечоғлик юксалганини англаш қийин эмас.
Бундан ташқари, айни пайтда фаолият юритаётган 3 та олий ўқув юрти, 145 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар ҳамда 1124 та мактаб, 332 та мактабгача таълим муассасасида ёшларимизнинг билим олиш, касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Бунинг самараси ўлароқ юзлаб ёшларимиз республика миқёсидаги ва халқаро танловларда ўз истеъдод ва иқтидорларини намоён этиб, ғолиблар сафидан мунтазам жой олишмоқда. 5197 та спорт иншооти ҳамда 74 та маданият ва аҳоли дам олиш маркази ёш ўғил-қизларнинг соғлом ва баркамол вояга етиши, уларнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётир.
Мамлакатимизда саломатликни сақлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида бугун вилоятимизда замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган 60 та шифохона, 250 дан зиёд қишлоқ врачлик пункти ва яна кўплаб даволаш-профилактика муассасалари фаолият юритмоқда. Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси узайди, оналар ва болалар ўлими икки баробардан ортиққа камайди, ўта мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳам энди ўзимизда амалга ошириш имкони туғилди.
Шу ўринда кўпчиликнинг диққат-эътиборида бўлган Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги улкан бунёдкорлик ишларига ҳам тўхталсак. Бу шаҳарларимиздаги ўзгаришлар фуқароларимизда яратувчанлик ҳиссини янада жўш урдириб, қалбида шу азиз Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаётган ҳар бир кишининг иштирокида кечмоқда.
Мамлакатимиз раҳбарининг “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан Қарши шаҳрининг ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга кенгаймоқда. Дастурга мувофиқ Қарши шаҳрида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 556 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилди. Айни пайтда Қарши шаҳрининг Ўзбекистон, Мустақиллик, Амир Темур, Алишер Навоий, Насаф, Хонобод кўчаларини кенгайтириш, атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, йўлаклар, ташқи ёритиш ускуналари ва фавворалар ўрнатиш ишлари бажарилаяпти. Шаҳарнинг марказий кўчаларидаги кўримсиз уй-жойлар ўрнида 122 та кўп қаватли замонавий уй қурилмоқда. Уларнинг 32 таси фойдаланишга топширилди, 90 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда.
Қашқадарё дарёси устида қад ростлаган Амир Темур кўприги ва унга ёндош ҳудудда бажарилган ишлар наинки юртдошларимиз, балки дунёнинг анча-мунча шаҳарларини кўриб кўзи қотган хорижлик сайёҳларнинг ҳам чинакам ҳайратига сабаб бўлмоқда.
Маълумки, бу тарихий кўприк қадимда Қашқадарёнинг икки қирғоғини бирлаштириб, халқаро ижтимоий-иқтисодий алоқаларга восита бўлган. Ўрта асрларда Насаф орқали Эрон ва Ҳиндистонни Русь ва Европа давлатлари билан боғлаган муҳим карвон йўллари ўтган. Шу туфайли Қарши воҳаси асрлар давомида гуллаб-яшнаган. Машҳур олим Герман Вамберининг ёзишича, 1860 йилларда Қарши шаҳрида 10 та карвонсарой, катта бозор, шаҳар аҳолиси чиқиб дам оладиган боғ бўлган. Машҳур олим ва сайёҳ бундай боғни Эронда ҳам, Бухорода ҳам учратмаганини қайд этади.
Соҳибқирон Амир Темур даврида бунёд этилган қадимги Қашқадарё кўприги ҳам неча-неча асрлар давомида нафақат карвонлар ва аҳолининг узоғини яқин қилган, балки шаҳар мудофаасини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этган. Бугунгача асраб-авайлаб келинаётган, вилоятнинг ноёб тарихий ёдгорликларидан бири саналадиган ушбу қадимий кўприк замонавий кўринишда тўлиқ таъмирланди.
Дарё суви 3 та сунъий тўғон ёрдамида кўтарилиб, унинг тўлиб оқиши таъминланди. Бу иншоотлар сувни тўплаш баробарида фильтрлаш вазифасини ҳам бажаради. Соҳилнинг икки томони эса одамлар сайр қилиб ҳордиқ чиқарадиган сўлим масканларга айлантирилди. Бир пайтлар ваҳимали, тунда одам якка юришга қўрқадиган соҳилбўйи бугун кўрган кўзни қувнатадиган, дилни яйратадиган гўшага айланди.
Кўкаламзорлаштирилган ушбу ҳудудга хориждан келтирилган 4 мингдан ошиқ манзарали дарахт ва буталар экилди. Соҳилда сайр ва саёҳат қилиб дам олувчилар учун 51 та катамаран, 2 та кема сувга туширилди, уларга чиқадиган 4 та кема тўхташ жойи қурилди.
Ушбу масканда 14 та коттеж, 4 та кафе-бар, 1 та болалар майдончаси, 4 та сунъий қопламали спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда соҳилнинг дам олиш масканида ўрнатилган мингдан ортиқ ёритиш устунлари ҳамда аттракционлар аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқариши учун хизмат қилмоқда.
Бу каби эътибор муҳтарам Президентимизнинг мард ва танти, аҳдига содиқ, меҳнаткашлиги билан чўлларда чаман яратган қашқадарёликларга юксак ҳурмат ва меҳри ифодаси, десак янглишмаган бўламиз.
Шуни мамнуният билан айтиш керакки, Қашқадарё қадимий тарихи ва замонавий тараққиёт имкониятлари жиҳатидан улкан салоҳиятга эга бўлиб, тарих билимдонлари, санъат ва маданият ихлосмандлари ҳамда хориж сайёҳлари, мутахассислари эътиборини оҳанрабодек ўзига жалб қилиб келади.
Маълумки, айни пайтда вилоятда 75 та, шу жумладан, Шаҳрисабз шаҳрида 15 та маданий туризм объекти мавжуд. 30 та тарихий маданий мерос объекти, кўнгилочар масканлар, экозоналар йўналиши бўйича туристик маршрутлар йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари эса Шаҳрисабзни ўз номига монанд, нафақат мамлакатимиз, балки минтақадаги энг гўзал ва обод, сайёҳлар оқими тўхтамайдиган доимий гавжум гўшага ва йирик туризм маркази, қолаверса Марказий Осиёдаги энг йирик музей шаҳарга айлантирмоқда.
Бугунги кунда дастур доирасида Шаҳрисабз шаҳрида 461 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Ҳовузи Мардон объекти ва Амир Темур майдонини реконструкция қилиш ишлари якунланмоқда. Оқсарой мажмуасини Дорут-тиловат ва Дорус-саодат мажмуалари билан бирлаштирувчи аллея ва бульвар қурилиши ҳам ҳал қилувчи паллага кирган.
Шаҳарда 50 та кўп қаватли уй қурилаяпти. Шундан 16 таси фойдаланишга топширилди, 34 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда. Бу ердаги яшил манзара, фавворалар, декоратив деворлар, ҳунармандлар учун мўлжалланган кўп қаватли уйлар, маҳобатли Оқсарой, Дорут-тиловат, Дорус-саодат мажмуалари, Амир Темур майдони, Чубин мадрасаси, мақомчилар марказига айлантирилаётган Коба карвонсаройи, ҳунармандлар марказини бирлаштириб ажойиб манзара касб этган хиёбон очиқ осмон остидаги музейга айланиб улгурди.
Бир пайтлар кимёвий ўғитлар сақланадиган омбор вазифасини бажарган бу обидалар қайта тикланиб, ушбу тарихий обидаларни боғлаб турувчи аллеяда 31,5 минг тупдан ортиқ ноёб, ҳамиша яшилликка бурканиб турадиган дарахт кўчатлари ва 60 турдан ортиқ буталарнинг экилиши қадимда берилган “яшил шаҳар” номини Шаҳрисабзга яна қайтарди.
Энг муҳими, ён-атрофда барпо бўлаётган гўзаллик кишиларнинг қалбига кўчиб, қалбдан амалий ишларга ўтиб, юртимизни, шаҳару қишлоқларимизни файзга буркамоқда, дастурхонимиз тўкин, рўзғоримиз бут, топганимизга барака инаяпти.
Айни пайтда биз учун энг улуғ, энг азиз бўлган байрам, унутилмас тарихий санани нишонлаш арафасида турибмиз. “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғоя бугун ҳар бир юртдошимиз тилида, дилида жаранг сочаётган бир дамда тарихан қисқа даврда асрларга татигулик ютуқларни қўлга киритганимиз, бу кунларни неча-неча ота-боболаримиз орзу қилиб яшаганини теран ҳис қилиб турибмиз.
Ўтган йигирма беш йиллик мустақил тараққиёт йиллари халқимизнинг улкан яратувчанлик салоҳиятини, ақл-заковатини, иродасини, умуммиллий манфаатларини, ўзлигини англаш даражаси юксаклигини жаҳонга намоён этди. Бу йилларда халқимизнинг озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлидаги буюк ишлари кўз ўнгимизда ўз инъикосини топди. Бинобарин, мустақиллик биз учун шу қисқа муддатда бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, тўкин ва фаровон дастурхонимиз, халқаро майдондаги нуфуз ва эътиборимизнинг бош мезонига айланди. Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида халқимиз ўз тақдирини ўзи белгилаб, келажагини ўз қўли билан яратмоқда, ҳар куни асрларга тенг буюк ислоҳотларни амалга оширмоқда. Ватанимиз, халқимиз ҳаётида, барчамизнинг онгу шууримизда, тафаккуримизда рўй берган улкан ўзгаришларни кўз олдимизга келтирганимизда, истиқлолнинг буюк моҳияти ва аҳамиятини, мустақиллик аталмиш улуғ неъматнинг муқаддас заминимизда яшайдиган барча инсонлар ҳаётида тутган ўрнини янада теранроқ англаймиз. Зеро, барчамизни буюк мақсадлар сари бошлаган бебаҳо неъмат ҳам ана шу мустақилликдир.