Жиддий мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, ҳозир кўп кузатилаётган оилавий ажримларга ҳам айнан беҳаё мазмундаги материаллар сабаб бўлаётгани айни ҳақиқат. Тўғри, айни мавзуда гапиришга кўп-да истиҳола қиламиз, бироқ бу бор гап.
Шунга ўхшаш кўплаб омиллар инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги “Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ порнографик мазмундаги маҳсулотларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш тақиқланган.
Агар бунинг акси кузатилса, кимдир айтилган ҳолатларга қўл урса, тегишли жавобгарликка тортилади. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига кўра, порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш – бундай маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 130-моддасига биноан энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, бундай маҳсулотларда вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган бўлса, вояга етмаган бола порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб қилинган бўлса, унда уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.
Аслини олганда, беҳаё мазмундаги материалларга муккасидан кетган кишиларни мавжуд қонунчилик талабларидан бехабар деб бўлмайди. Жуда яхши билишади. Бироқ бузуқ нафс устун келиб, ор-номус, ғурур каби туйғулар унутилади.
Масалан, Касби тумани Қорақўнғирот маҳалласида яшовчи Раҳмон Норпўлатов (исм-фамилия ўзгартирилган) Россия Федерациясига ишлаш мақсадида бориб, 2017 йилнинг декабрь ойида юртимизга қайтди. Қарши халқаро аэропортида унинг ўзи ва юклари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли планшет хотирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган порнографик мазмундаги видеолавҳалар борлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги бадиий экспертиза бошқармасининг тегишли хулосаси билан тасдиқланишича, планшет хотирасида вояга етмаган болалар иштирокидаги нопок тасвирлар ҳам бор экан.
Натижада мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди ва жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2017 йил 26 декабрдаги ҳукмига асосан, Раҳмон Норпўлатов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 130-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан жарима жазоси тайинланди.
Хўш, чет элга ишлашга бориб, ўзи билан нопок тасвирлар олиб қайтган фуқаро нимага эришди? Аввало, катта миқдорда жарима тўлаб, чет элдан топган пулининг бир қисми шунга сарфланди. Кейин судланган деган тамғага эга бўлди. Эл орасида номуссиз деган ном орттирди. Яхшими шу?!
Жаҳонгир ЭРГАШЕВ,
вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи