Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

06.02.2018


БЮДЖЕТГА ҚЎШИМЧА 501,4 МИЛЛИАРД СЎМ ТУШИРИШ ИМКОНИЯТИ

Ердан фойдаланмаган киши оширилган солиқ тўлайди

Аввало, томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланмаётган жисмоний шахслар аниқланади. Улардан ушбу ер участкалари учун ер солиғини 3 баравар миқдордаги ставкада ундириш чораси кўрилади ва давлат бюджетига қўшимча маблағ йўналтирилади.

Бунинг учун уйма-уй юриб, томорқа ер участкасига эга бўлган хонадонлар ўрганилади ва экин экилмаган ҳолат бўйича ҳар бир ер участкаси эгасига солиқни 3 баравар ставкада тўлаш лозимлиги тушунтирилади.

Биргина вилоят бўйича кадастр ҳужжатлари бўлмаган 59,9 мингта мол-мулк объектини рўйхатга олиш, кадастр баҳосини белгилаш ва намунавий уй-жой объектлари қуришга ажратилган ер участкаларини ҳисобга олиш эвазига бюджетга қўшимча 16,4  миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Бозорлардан тушадиган тушумлар назорати кучаяди

Ҳудудлардаги бозорларда сотувчилардан ундириладиган йиғимлар, ижара тўловлари ҳамда автотураргоҳлардаги тушумлар тўлиқ кирим қилинишини таъминлаш билан бюджетга даромадлар тушумини кўпайтириш назарда тутилмоқда. Шу мақсадда  бозорлардаги барча савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, расталар ва улардаги савдо ўринлари туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари томонидан қайта хатловдан ўтказилади.

Бозор ҳудудида ноқонуний савдо-сотиқ билан шуғулланаётган фуқаролар расталарга жойлаштирилади ва улардан йиғимлар банк орқали ундирилади.

 Бозор ҳудудида давлат рўйхатидан ўтмасдан ёки ижара шартномаси тузмасдан ноқонуний фаолият кўрсатаётган савдо, умумий овқатланиш ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари аниқланади ва белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, ижара тўловлари ҳамда молиявий жарималари билан солиқлар ундириб олиниши таъминланади.

Бозор ҳудудидаги савдо, умумий овқатланиш ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари бўш турганлиги сабаблари ўрганилади ва уларни тўлиқ ишга тушириш чораси кўрилиб, солиқлар ҳисобланади ва ундириб олинади.

Натижада бюджетга қўшимча 4,8 миллиард сўм ундирилиши белгиланди.

Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти қонунийлаштирилади

 Муҳим масалалардан яна бири давлат солиқ хизмати органларида солиқ ҳисобида турмасдан ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган, қўшимча даромад олиб, уни кўрсатмаётган жисмоний шахсларни солиққа тортишдан иборат.

Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти олдини олиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда доимий мониторинг ўтказилади.

“Ягона дарча”, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан маълумот алмашилади ва жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатганлиги, ноқонуний ёлланма ишчи сифатида ишлаши сабаблари ҳамда бошқа манбалардан даромад олаётган шахслар фаолияти ўрганилади.

Ноқонуний фаолият кўрсатаётган фуқароларни қонуний тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш ва солиққа тортиш, фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорларнинг фаолиятини тиклаш орқали солиқ суммаларини ҳисоблаш ва ундириш ҳамда норасмий ёлланган ишчиларини рўйхатга олиш ҳисобидан бюджетга қўшимча маблағ ундириш  таъминланади.

Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати органлари томонидан корхона ва ташкилотлардан маълумотлар олиниб, ўриндошлик асосида, икки ва ундан ортиқ манбалардан даромад олаётган фуқаролар аниқланади ва декларация асосида    солиққа тортилиши таъминланади.

Шунингдек, нотариал идоралардан олинган маълумотлар асосида уй-жойларни, нотурар объектларни ва транспорт воситаларини ижарага бериб даромад олаётган жисмоний шахслар аниқланади ва солиққа тортилади.

Буларнинг ҳисобидан 13,2 миллиард сўм ундирилади.

Фермер ер майдони ўлчами қоғоздагиси билан таққосланади

Яна бир муҳим йўналиш солиқ ва молиявий ҳисоботларни банк, божхона, биржа, кадастр ва бошқа идораларнинг маълумотлари билан солиштириш орқали яширилган товар айланмаларини аниқлаш ва уларни солиққа тортиш, хуфиёна бизнес юритиш ва солиқ тўлашдан қочиш эҳтимоли бўлган субъектларни аниқлаш ва солиққа тортишни таъминлаш борасида самарали солиқ маъмурчилигини амалга ошириш орқали бюджетга даромадлар тушумини кўпайтиришга тааллуқли.

Бунда савдо, умумий овқатланиш, транспорт ва қурилиш корхоналари томонидан солиқ ҳисоботларида ҳақиқий айланмалари акс эттирилганлиги ташқи манба маълумотлари асосида тўлиқ камерал назоратидан ўтказилади.

 Автомобилларга ёнилғи қўйиш шохобчаларида сотилган сиқилган газ, бензин, дизель ёнилғиси ҳажмларининг ҳисоботларда тўлиқ акс эттирилиши ва истеъмол солиғи тўғри ҳисобланиши “Ўзбекнефтгаз” АЖ тузилмаларининг маълумотлари билан солиштирилади ва ҳақиқий реализация ҳажми аниқланиб, солиққа тортилади ва бюджетга қўшимча маблағлар ундирилади.

 Табиий ресурслар, яъни қум, шағал, гипс, оҳак ва бошқа ер қаъри топилмаларидан фойдаланиб (қазиб олиб), тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти камерал назоратидан ўтказилади ва доимий мониторингга олинади.

Барча фермер хўжаликларининг ер майдони ва уларнинг меъёрий қиймати “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармаси маълумотлари билан таққосланади. Ер майдонларининг тўлиқ ҳисобга олинмаганлиги ва уларни меъёрий қиймати паст нархда баҳоланганлиги сабаблари ўрганилади. Аниқланган фарқлар асосида ягона ер солиғи тўлиқ ҳисобланиши ҳамда ундирилиши таъминланади.

Барча ягона солиқ тўловини тўловчи микрофирма ва кичик корхоналарнинг ер майдонлари ушбу ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги ҳужжатлар асосида ўрганилади. Агарда ягона солиқ тўловини тўловчи микрофирма ва кичик корхонанинг ер майдони 1 гектардан ортиқ бўлса, уларга ёзма хабарнома берилади ва корхоналардан солиқ тегишли ставкаларда ундириб олиниши таъминланади.

Бу йўналишлардаги тадбирлар натижасида бюджетга 86,2 миллиард сўм маблағ ундириш имкони яратилади.

Солиқ қарздорлиги тўлиқ ундирилади

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг мавжуд солиқ қарзини тўлиқ ундиришга ҳам жиддий эътибор қаратилади.

Туман (шаҳар) ҳудудидаги солиқ қарзи бўлган барча солиқ тўловчиларнинг рўйхати тузилади ва улар қўшимча ёзма огоҳлантирилади. Давлат солиқ органлари томонидан суд органларига берилмасдан ундирилиши таъминланиши  тоифасига кирувчи ҳар бир қарздор юридик ва жисмоний шахсга давлат солиқ хизмати органларининг масъул ходимлари бириктирилади ва судгача ундирув тўлиқ таъминланади.

Юридик шахсларнинг солиқ қарзи ва жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғидан мавжуд қарздорликларини ундириб олиш бўйича маҳалла фаоллари ва бюджет ташкилотларининг раҳбарлари билан ҳамкорликда иш олиб борилади.

Ушбу тадбирларни ташкил этиш ҳисобига  бюджетга қўшимча 103,8 миллиард сўм миқдорда маблағларни тушириш белгиланди.

Экспорт салоҳияти таҳлил қилинади

Валюта бозори либераллаштирилиши натижасида кўпайиши мумкин бўлган экспорт фаолиятидан олинаётган даромадларни тўлиқ ҳисобга олиш ва солиққа тортиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

Экспорт қилувчи корхоналарнинг  экспорт шартномалари ўрганилади ва валюта операциялари либерализация қилиниши натижасида қўшимча оладиган даромадлари миқдори таҳлил қилинади. Экспорт қилувчи корхоналар  фаолияти ўрганилиб, улар томонидан   экспорт ҳажмидан базавий ставкада, пасайтирувчи коэффициентни қўлламаган ҳолда солиқлар ҳисобланиши назоратга олинади.

Илгари ортиб жўнатилган ва валютадаги тушум маблағлари келиб тушмаган корхоналар фаолияти ўрганилиб, дебитор қарзнинг ундирилиши ва солиқ қарзи тўлашга йўналтирилиши таъминланади.

Экспорт салоҳиятини таҳлил қилиш ва олинадиган даромадларни солиққа тортиш натижасида бюджетга 21,3 миллиард сўм ундирилишига эришиш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинди.

Йирик солиқ тўловчилар билан ишлашда янгича ёндашув

Йирик инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, янги иш ўринларини яратиш ва ҳудудда шаклланиб, республика бюджетига тушаётган маблағларни маҳаллий бюджетга ўтказиш чоралари кўрилади.

Вилоятда амалга оширилиши белгиланган барча инвестиция лойиҳалари давлат солиқ органлари томонидан алоҳида мониторингга олинади. Ҳар бир лойиҳа амалга оширилиши натижасида вилоятда реализация ҳажми ва солиққа тортиш объекти қанчалиги ҳисоб-китоб қилинади.

2018 йилда ҳудудда амалга оширилиши керак бўлган инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида бажариш ва ишга тушириш таъминланса ҳамда йирик солиқ тўловчилар томонидан жорий ҳисобланган солиқлар тўлиқ тўланса, бюджетга қўшимча 205,1 миллиард сўм туширилиши ҳисоб-китоб қилинди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда

 

М.ШУҲРАТОВ тайёрлади.

Report typo