Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.МУЗАФФАРОВ, С.ҚУРБОНОВ

30.03.2021


БЮРОКРАТИК ТЎСИҚЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЙЎЛИДА

Бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши баробарида кўп йиллардан буён одамларни қийнаб келаётган бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича муҳим қадамлар қўйилаётганидан дарак бериб, айни пайтда халқимиз билиши лозим бўлган қонунчиликдаги ўзгаришлардан ҳисобланади.

Фармонга мувофиқ айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, маъмурий тартиб-таомиллардан ўтиш муддатлари сезиларли равишда қисқартирилди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган бир қатор маълумотномалар бекор қилинди ҳамда давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа давлат ташкилотларда эскирган бюрократик тартиботлар, шу жумладан, электрон тизим орқали олиш имконияти мавжуд бўлган маълумотларни қоғоз кўринишида сўраб олиш, иш фаолиятини ташкил этиш учун муҳим бўлмаган ҳужжатларни талаб қилиш амалиётига чек қўйилди.

Жумладан, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларидан руҳий касалликлар бўйича, шунингдек, наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги, судланганлик, манзил-маълумот ахбороти, фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, турар жойнинг майдони, солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги, пенсия ва нафақа миқдори, пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги, шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари, меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно); иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно) кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини талаб қилиш бекор қилинадиган бўлди.

Мазкур қоида киритилиши билан давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда тегишли бандда назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан, “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиши мумкинлиги тартиби белгиланди.

Республикамизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан аҳоли ўртасида вужудга келадиган муносабатларда юз бераётган муаммолар ҳамда турли хил бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда бошқа соҳаларда мунтазам равишда ўзгаришлар амалга оширилиши билан халқимизнинг кўп йиллик муаммолари ўз ечимини топаётганлиги аҳамиятга моликдир.

М.МУЗАФФАРОВ,

вилоят прокуратураси 11-бўлим прокурори, 2-даражали юрист

С.ҚУРБОНОВ,

вилоят прокуратураси 11-бўлим прокурори, 1-даражали юрист

 

Report typo