Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 сентябрь, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ЧАҚАРДАГИ ТАРИХИЙ ОБИДАНИ ГАЗ ҚУВУРИ ВА ЁНИДАГИ УЙНИНГ ТОМИ СУЯБ ТУРИБДИ

Ж.БОЙМУРОДОВ

16.07.2021


ЧАҚАРДАГИ ТАРИХИЙ ОБИДАНИ ГАЗ ҚУВУРИ ВА ЁНИДАГИ УЙНИНГ ТОМИ СУЯБ ТУРИБДИ

Маҳалла аҳли эса бир фалокат юз беришидан ҳавотирда

 Муаммо, мулоҳаза, муносабат

Маълумотларга кўра, бугунги кунда биргина Қарши шаҳрининг ўзида 60 та давлат рўйхатига олинган маданий мерос объекти мавжуд. Уларнинг 28 таси археология ёдгорлиги ҳисобланса, яна 25 таси архитектура ёдгорлиги мақомига эга. Қолгани эса монументал ва диққатга сазовор жойлардир.

Албатта, ушбу маданий мерос объектларининг ҳар бири беқиёс тарихий аҳамиятга эга бўлиб, улар шаҳарнинг кўп асрлик ўтмиши, аждодларимизнинг бой маданияти, ақл-заковати, бунёдкорлик салоҳиятидан далолат бериб турибди. Табиийки, тарихимизнинг бир бўлаги бўлмиш ушбу обидаларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

Аммо неча-неча асрлар тўфонларида омон қолиб, бизгача етиб келган бу маданий мерос объектларининг аксарияти бугун, минг афсуски, ниҳоятда ачинарли аҳволга келиб қолган. Уларга нисбатан муносабатни ўзгартирмас, обидаларни таъмирлаб, асраб-авайламас эканмиз, келажак авлодларимиз бу қадимий иморатлар ҳақида фақат китоблардангина ўқиши мумкин бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Шаҳарнинг Чақар маҳалласида жойлашган Кулол масжидини олайлик. Ушбу масжид биноси XVIII асрда бунёд этилган бўлиб, у ҳақдаги маълумотлар жуда кам.

Шу ерда яшовчи ёши улуғ кишиларнинг ҳикоя қилишларича, 1950 йилларга қадар бу бино ҳамма томони ёпиб ташланган ҳолида турган. Кейинчалик эшик ва деразалари очилиб, қайсидир ташкилотга берилган  ва бу ерда рангли чироқлар тайёрланган.

Мустақилликдан сўнг Кулол масжиди архитектура ёдгорлиги сифатида давлат муҳофазасига олинган, аммо бинони таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш борасида ҳеч қандай иш қилингани йўқ.

Натижада кўп йиллар давомида эътиборсиз қолиб, ўта таъмирталаб аҳволга келган масжид биноси айни вақтда жуда хавфли ҳолатда турибди.

Шу атрофда яшовчи аҳоли вакилларининг таъкидлашича, у исталган вақтда қўлаб тушиши ва бир кўнгилсизлик рўй бериши мумкин.

- Бинонинг орқа томонида-ку қўшни уйнинг томи бор, обидани суяб турибди, бироз хавфсиз, - дейди Чақар маҳалла фуқаролар йиғини раиси Норгул Мустафоқулова. -  Лекин ён томони йўл, бу ердан машиналар ҳам, пиёдалар ҳам ўтиб қайтади, болалар ўйнаб туришади. Айнан шу томондан девор ёрилиб, йўл тарафга оғиб қолган. Яхшиям девор бўйлаб тортилган газ қувури бироз ушлаб турибди, бўлмаса шу вақтгача шувоқ кўчиб тушган бўлар эди. Агар шувоқ тушса,    кейин асосий тўсин ҳам йиқилади. Девор синч усулида қурилгани боис, тўсиндан сўнг бошқа қисмлари ҳам бирма-бир қўлаши аниқ. Аҳоли ана шундан ҳавотирда. Шуни таъмирлаб беринглар, деб масъул ташкилотларга кўп мурожаат қилдик, лекин натижа бўлмади.

Шу ердаги хонадонлардан бирида истиқомат қилаётган ва ҳозирда обидага қараб туришга масъул бўлган Ҳусан Ҳамидовнинг айтишича, маҳалла аҳли бинонинг йўлга қараган қисмини ҳашар уюштириб, таъмирлаб қўймоқчи ҳам бўлган.

- Кейин билсак бу осон иш эмас экан, - дейди у. - Чунки ҳамма томон дарз кетган ва бир-бирига боғлиқ. Озгина зўриқишни ҳам кўтара олмайди. Бунинг учун тажрибали мутахассислар, махсус техникалар керак. Қолаверса, тарихий бино, билиб-билмай зарар етказиб қўйишимиз мумкин. Шу боис индамай қўя қолдик. Аммо бу аҳволда туриши жуда хавфли.

Ҳусан Ҳамидов шуни ҳам қўшимча қилдики, жорий йил бошида республикадан мутахассислар келиб, бинонинг ҳолатини ўрганган. Унинг тарихий аҳамиятини сақлаб қолган ҳолда тўлиқ қайта таъмирланиши, ҳатто масжид ҳовлисини ўзига хос усулда ободонлаштирилиши ҳақида айтишган. Аммо шундан сўнг ҳам бирор натижа бўлгани йўқ.

Дарҳақиқат, апрель ойида Маданий мерос департаменти вилоят бошқармаси раҳбари Хислат Ҳотамов ҳам Кулол жоме масжидини таъмирлаш шу йилги дастурга киритилгани, республикадаги раҳбарияти дастурни тасдиқлагани ҳақида айтган эди. Мана йилнинг иккинчи ярми бошланди ҳамки, обидани таъмирлаш бўйича бирор ҳаракат кўзга ташлангани йўқ.

Мутасадди бу ҳолатга изоҳ берар экан, узоғи билан яна бир ой кутиш кераклигини таъкидлади.

- Шу вақтга қадар ҳужжат ишларини бажардик, - дейди Хислат Ҳотамов. - Айни вақтда улар тўлиқ ҳал этилиб, лойиҳа махсус кенгашга киритилган. Кенгаш лойиҳани тасдиқлаши билан таъмирлашга киришилади. Бу икки ҳафта, узоғи билан бир ой ичида бошланадиган иш. 

Нима ҳам дердик, объект ёнидаги Косагарлик кўчаси аҳли яна шунча вақт болаларини бу ерга келиб ўйнашдан қайтариб, йўлдан ўтиб-қайтгунча ҳушёрликни йўқотмай туришлари мумкин. Агар унгача бино қўлаб тушмаса ёки масъулларнинг ваъдаси шунчаки ваъдалигича қолиб кетмаса...

Ж.БОЙМУРОДОВ

 

Report typo