Мазкур фанни таълим муассасаларида замон талаблари даражасида ўқитиш учун қандай шароитлар яратилади?
Қарор ва шарҳ
Яқин беш йил ичида вилоятимиздаги 1 минг 229 та таълим муассасасида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик (ЧҚБТ) фани синфларининг ўқув-моддий базаси объектлари барпо этилиб, зарур анжомлар ва ўқув қурол-аслаҳалари билан жиҳозланади.
Ҳукуматнинг жорий йил 8 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, 2024-2028 йилларда республикамизнинг барча ҳудудлари сингари Қашқадарёда ҳам умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ҳамда бошланғич профессионал таълим муассасаларида, яъни 1 минг 193 та умумтаълим мактаби, 4 та лицей ва 32 та касб-ҳунар мактабида босқичма-босқич ЧҚБТ фани ўқув-моддий базаси яратилади. Йиллар кесимида оладиган бўлсак, ушбу жараён 2024 ва 2025 йилларда 245 тадан, 2026 ва 2028 йиларда 246 тадан, 2027 йилда эса 247 та таълим муассасасини қамраб олиши назарда тутилган.
Умумий ўрта таълим ва касб-ҳунар мактаби ёки лицейнинг ЧҚБТ фани бўйича ўқув-моддий базаси деганда нималар тушунилади? Ушбу саволга ҳукуматнинг юқорида қайд этилган қарори билан тасдиқланган Таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этиш тўғрисидаги низомдан жавоб топиш мумкин. Унга кўра, ЧҚБТ чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синф ўқувчилари, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларида таҳсил олувчи ўқувчи-ёшлар билан ўтказилади. Мактаблар ва лицейларда ЧҚБТ тадбирларини молиялаштириш, моддий-техник жиҳатдан таъминлаш ва мазкур фан ўқув-моддий базасини барпо этиш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади. Хусусан, ЧҚБТ фани ўқитилаётган таълим муассасасида ўқув-моддий база объектларидан тўсиқлар йўлаги, гимнастик шаҳарча, саф майдони, кичик тактик майдон, пневматик қуролдан отиш тири ёки электрон отиш тренажёри ва қурол сақлаш хонаси бўлиши тавсия этилган. Айни пайтда мактаб ва лицейларда взвод бўйича суткалик нарядни ўташ ўқув жойи ҳамда уруш ва жанговар ҳаракатлар иштирокчиларининг суратлари қўйилган, ўқувчиларда Ватан ҳимоясига шайлик ва она юртга садоқат туйғуларини шакллантирадиган "Жасорат бурчаги" ҳам бўлиши лозим.
Бевосита ЧҚБТ фани ўқув хонасига келсак, у стол, стул, китоб жавони, проектор, қўлланма ва плакатлар каби анъанавий ўқув анжом ва жиҳозларидан ташқари, Калашников ўқув автомати ҳамда ўқув патронлари, гранаталари ва миналари, шунингдек, пневматик милтиқлар, тирда отиш машқлари учун нишонлар ва яна кўплаб ўқув қурол-аслаҳалари билан таъминланиши зарур. Шу билан бир қаторда бу хонада фуқаро муҳофазасига оид (фильтрловчи газ ниқоби, умумқўшин ҳимоя комплекти, санитар замбили) ҳамда тиббий билим асосларига оид (қон тўхтатувчи резина жгут, индивидуал боғлов пакетлари, одам ички аъзолари тасвирланган плакат ва ҳоказолар) ўқув қуроллари бўлиши даркор. Табиийки, айрим ўқув қурол-аслаҳалари (масалан, ўқув автомати, патронлари, граната ва миналари) фақат Миллий гвардия техник қўриқлаш пунктлари томонидан йўлга қўйилган қурол сақлаш хоналари мавжуд бўлган таълим муассасаларида Мудофаа вазирлиги ҳисобидан чиқарилмаган ҳолда сақланади).
Юқорида қайд этилган низом талабига кўра, юртимиз таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этиш ва амалга ошириш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, Мудофаа, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизмати масъул ҳисобланади.
Ўз мухбиримиз