Билиб олиш жоизки, чегара зонаси ва чегара минтақасига кириш, чиқиш, ҳаракатланиш, фаолият олиб бориш ва яшаш тартиблари 1999 йил 20 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ тартибга солинади. Мазкур қонун чегара олди режими, чегара олди зонасига кириш, ундан ўтиш, бу ерда бўлиш (яшаш), ҳаракатланиш ҳамда ишлар бажариш тартибини белгиловчи қоидалар мажмуини ўз ичига олади ва улар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Чегара олди зонаси чегара олди режимига риоя этилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси МХХ Чегара қўшинлари ва ички ишлар органлари зиммасига юкланади.
Чегара олди зонаси – давлат чегарасига туташ туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овул ҳудуди доирасида белгиланади. Чегара олди зонаси таркибига бундай минтақа белгиланган жойдаги Ўзбекистон Республикасининг ички сувлари, чегара бўйи дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзалари сув қисми ҳамда шу сувларда жойлашган Ўзбекистон Республикаси ороллари ҳам киритилади.
Чегара олди минтақасида Чегара қўшинлари томонидан кириш ва чиқиш (ўтиш), бўлиш (яшаш), шахслар ва транспорт воситалари ҳаракатланишига оид қўшимча режим қоидалари белгиланади.
Шахсларнинг чегара олди зонасига кириши, ундан чиқиши (ўтиши), у ерда бўлиши (яшаши), агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ички ишлар органларининг рухсатномаси асосида амалга оширилади.
Белгиланган тартибга мувофиқ, чегара зонасида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари паспортига жойлардаги ички ишлар органлари томонидан тегишли махсус муҳр қўйилади.
Махсус муҳр қўйилган паспорт эгаси ўша туман ва вилоятда ҳаракатланиши мумкин. Вақтинчалик келаётган фуқароларнинг эса уларнинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи ҳужжатга, шунингдек, шахсий гувоҳномаси (хизмат гувоҳномаси, ҳарбий гувоҳнома, туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома)га асосланиб, ўша жойдаги ИИБ органлари томонидан ягона қайд қилинган рухсатнома орқали чегара зонасига кириши амалга оширилади.
Чегара зонасига вақтинчалик келган ёки яшашга келган фуқаронинг қайд қилинган рухсатномасини текшириш МХХ Чегара қўшинлари бўлинмаси, ИИВ ва МХХ органлари ходимлари томонидан амалга оширилади.
Чегара зонасига ташриф буюрган барча шахслар, ўша чегара зонасидаги манзилларга келгач, сутка давомида (дам олиш ва байрам кунларини ҳисобга олмаган ҳолда) ички ишлар органларига бориб тегишли рухсатнома олиши ва шахсини аниқловчи ҳужжатларини қайд қилишга мажбур.
Чегара зонасига вақтинчалик келган фуқаролар фақат рухсатномасида кўрсатилган ҳудудда ва туманда яшаши мумкин.
Чегара зонасидаги туманнинг аҳолига хизмат кўрсатиш пунктлари (мактаб, шифохона, туман маркази, бошқа муассаса ва ташкилотлар) ўша туманнинг маъмурий таркиби ҳисобланиб, аммо чегара зонаси ҳисобига кирмайдиган ҳудуд фуқароларнинг чегара зонасига кириб-чиқиш тартиби уларнинг ўша туманнинг қайд ҳисоби бўлган паспортлари ёки шахсини тасдиқловчи гувоҳномалари асосида амалга оширилади.
Давлат чегараси зонаси қоидаларини бузган шахслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилади.
Хусусан, 224-моддага мувофиқ чегара зонасига, шунингдек, фуқароларнинг кириши ва бўлишига вақтинча чеклов белгиланган жойларга кириш ҳамда уларда яшаш қоидаларини бузиш – энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Чегара зонасига, шунингдек, фуқароларнинг кириш ва бўлишига вақтинча чеклов белгиланган жойларга киришга ҳамда уларда яшашга оид қоидаларни бузган фуқароларнинг бундай жойларда яшашига йўл қўйиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
2242-моддага мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасида барпо этилган муҳандислик-техника иншоотларини ва тўсиқларни йўқ қилиб юбориш ёки уларга шикаст етказиш – ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Б.ЎКТАМ тайёрлади.