Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.ҚИЛИЧЕВ

22.11.2018


ЧЕГАРАБУЗАР ЙИГИТ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Қарши шаҳрилик Шоҳрух Норқобилов ҳам 2012 йилда ишлаш мақсадида Россия Федерациясининг Москва шаҳрига борган эди. Ўтган йиллар давомида у шу давлат фуқароси бўлган А.Коробова билан турмуш қуриб, унинг уйида яшаб келган.

Шоҳрух Норқобиловнинг Россия Федерациясига бориши ҳамда у ерда ишлаши қонуний тартибда амалга оширилган. Бироқ, у 2017 йилнинг январь ойида Ҳиндистонга бориб, ҳордиқ чиқариб келмоқчи бўлади.

Маълумки, мамлакатимиз фуқаролари Ҳиндистон давлатига кириши учун виза олиши керак. Қонунчиликка кўра, айни вақтда хорижда юрган Ўзбекистон фуқаролари учинчи бир давлатга чиқиши олдидан ўзи бўлиб турган мамлакатдаги консулликка мурожаат этиши ва тегишли стикерни расмийлаштириши талаб этилади. Демак, Шоҳрух ҳам мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги консуллигига мурожаат этиши ва бошқа бир хорижий давлатга чиқиш учун рухсат берувчи стикерни олиши лозим эди.

Аммо мавжуд тартибни ортиқча расмиятчилик деб билган Шоҳрух Норқобилов Москва шаҳридаги Внуково аэропортидан тўғридан-тўғри Ҳиндистоннинг Гоа штатига учади. У икки ярим ой давом этган саёҳатдан сўнг Гоадан Деҳлига, бу ердан эса “Деҳли-Манас” авиарейси орқали Қирғизистоннинг “Манас” халқаро аэропортига келиб тушади. Эртаси куни “Манас-Москва” рейси билан  яна Россияга йўл олади.

Гўёки саёҳатни осонгина амалга оширган Шоҳрух бу қилмишининг оқибати барибир ошкор бўлишини ҳали билмасди. У жорий йил 23 август куни Москванинг Домодедово аэропортидан тўғридан-тўғри рейс билан Қарши халқаро аэропортига келади. Аэропорт чегара   постида назоратдан ўтаётган вақтда паспортидаги белгилар яширинча амалга оширган қинғирликларини ошкор этиб қўйди. Энди эса қилмишига яраша жазо муқаррар.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг очиқ суд мажлисида Шоҳрух  Норқобилов томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг олтмиш етти баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Ж.ҚИЛИЧЕВ

 

Report typo