Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, "Ёш чегарачилар" ҳарбий ватанпарварлик ташкилоти аъзолари иштирок этди.
Унда истиқлол йилларида миллий армиямиз чинакам тараққиёт йўлини босиб ўтгани, соҳага қаратилаётган эътибор мамлакатимиз Қуролли Кучларининг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланиб, узлуксиз янгиланиб боришига, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини мақсадли қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
- Доим шарафли касбимга муносиб бўлишга интиламан, - дейди кичик сержант Ҳасан Муродов. - Ватаним сарҳадлари, унинг дахлсизлигини, халқимизнинг тинчлигини асрашдек масъулиятли вазифа зиммамдалиги мени мудом ҳушёр ва сергакликка чорлайди. Мана бугун кўпчилик фидойи ҳамкасбларим қаторида менга ҳам хизмат уйи ажратилди. Насиб этса, бу уйда оила аъзоларимиз билан бахтли ҳаёт кечирамиз. Биз ҳарбийларга яратилаётган бундай қулайликлардан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бунинг учун Юртбошимиздан бағоятда миннатдормиз.
Чўл ҳудудида жойлашган чегара постида хизматчилар учун яратилган шароитлар таҳсинга лойиқ. Чегара постида кунни кун, тунни тун демай хизмат қилаётган оддий аскарлар, сержант ва офицерлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун ҳамма қулайликлар яратилган. Хусусан, янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган уй-жойлар атрофи ободонлаштирилиб, чўл ҳавосига мос манзарали ва мевали дарахтлар экилган. Хонадонларда истиқомат қилаётган оилалар фарзандлари учун мўъжазгина болалар майдончаси ҳам ташкил этилиб, ҳар хил аттракционлар ўрнатилган.
- Ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи бўлганимдан фахрланаман, - дейди кичик сержант Шерзод Жабборовнинг турмуш ўртоғи Феруза Жабборова. - Бу уйда яхши яшашимиз учун ҳамма шароит яратилган экан. Айниқса, мен каби уй бекалари учун ҳозирланган қулайликларни кўриб хурсанд бўлдим. Муҳташам уйда иссиқ-совуқ сув, электр жиҳозлари, иситиш мосламалари - барча-барчаси рисоладагидек. Шаҳарникидан сира қолишмайди.
Ў.БАРОТОВ
* * *
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.