Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

06.03.2024


Чехов асари португалиялик режиссёр талқинида

Театр

Маълумки, инсон ва жамият ҳаётида, халқнинг маънавий дунёсини, онгу тафаккурини юксалтиришда театр санъатининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Жаҳондаги энг оммавий ва таъсирчан санъат турларидан бири бўлган театр асрлар давомида одамларни инсонийлик ва эзгуликка чорлаб, уларнинг қалбида олижаноб фазилатлар, гўзал ҳис-туйғуларни камол топтиришга, жамият ҳаётида тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, юксак ахлоқ ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда”.

Бинобарин, айни кунларда вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилаётган “Таклиф ва тўй” спектаклида ёлғон муносабатларга асосланган характерлар тўқнашуви кулги остига олинади.

Эътиборлиси, мазкур саҳна асари ўзаро ҳамкорлик дастурига мувофиқ португалиялик режиссёр Жозе Руи да Сильва Мадейра томонидан саҳналаштирилган. Ролларни вилоят театри актёр ва актрисалари маҳорат билан ижро этишган.

Спектакль рус адиби Антон Чеховнинг “Таклиф” ҳамда “Тўй” ҳикоялари мотивлари асосида саҳналаштирилган бўлиб, бу икки ҳикоя мантиқан бир-бирини тўлдирувчи асарлар саналади. Жумладан, биринчи асарда Ломовнинг Наталья Степановнага совчиликка келиши акс этса, кейинги ҳикоя воқеалари тўй тафсилотларига уланиб кетади. Ўз даври “удум”ига кўра, уйланиш учун катта харажат талаб қиладиган сеп керак ёки бирор манфаат бўлмаса, йигитлар оила қуришга шошилмайди. Шунинг учун қизларни турмушга бериш мураккаб жараёнга айланиб кетган. “Таклиф”да қарз ёки ер беришда ғоят “қаттиқлик” қиладиган ота қиз узатишда латифлик қилиши кулги остига олинса, “Тўй”да меҳмонларга қараб дастурхон ёзиш, унвонли генерал ёки амалдор бўлса, пулга ёллаб меҳмонга таклиф этиш юмор асосида кўрсатиб берилади.

- Спектакль воқеалари бир қарашда кулги уйғотса-да, замирида оғриқли масалаларни жамлаган, - дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шарапова. – Халқаро хотин-қизлар куни олдидан Қарши шаҳридаги 5-мактаб хотин-қизлари, фахрий устозлар премьерада бўлдик. Вилоят миқёсида ана шундай катта асарлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилаётганидан мамнунмиз.

НАСРИДДИН

Report typo