Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

19.07.2018


ЧЕТ ЭЛДА ХАРИДОР, БИЗДА ЭСА МАҲСУЛОТ КЎП

Табиийки, юрт ичида озиқ-овқат таъминоти кўнгилдагидек йўлга қўйилиб, истеъмолдан ортиқча маҳсулот захираси юзага келгач, уни ташқи бозорга чиқармаслик исроф билан баробар. Мамлакатимизда етиштирилган маҳсулотга хорижда талаб юқори бўлиб турган бир пайтда ушбу имкониятдан фойдаланмаслик эса тўғри эмас.

Кўраяпмиз, бирор харидоргир экин ё мева-чевани кенг миқёсда етиштириш керакми, буни миришкорларимиз ҳар жиҳатдан уддалай олаяпти. Агар янги йўналиш бўлса, уни ўзлаштириш, қисқа фурсатда тажриба эгаллашда ҳам деярли муаммо йўқ. Айни жиҳат эса ҳудуд аҳолисининг турли ноз-неъматларга бўлган эҳтиёжини самарали қоплаш баробарида ортганини чет элга сотиш, бунинг эвазига воҳамиз экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга имкон бермоқда.

Бунда асосий иш экспортчи корхона зиммасига тушади. Пишиқчилик мавсумида маҳсулотларни нест-нобуд қилмай, уларни асл ҳолича, сифат кўрсаткичларига зиён келтирмай, хорижлик харидорларга пешма-пеш етказиб бериш, қамровни тобора кенгроқ олиш мазкур тадбиркорлик субъектларининг вазифаси ҳисобланади. Хўш, улар буни қандай бажараётир?

Мавжуд рақамларга қараб баҳо берсак, ҳозирча ишлар қониқарли кетаяпти, дейиш мумкин. Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятимиздан жами 2 минг 221  тонна, фактура қиймати 1 миллион 819,52 минг АҚШ долларилик сархил маҳсулот чет элга жўнатилгани фикримизни тасдиқлайди. Дастлабки олти ойликда мазкур кўрсаткич янада юқори бўлиши тахмин қилинмоқда. Негаки айни давр мева-чева, сабзавот ва полиз маҳсулотларини экспорт қилиш учун қизғин фурсатдир.

Китоб туманидаги “Гранд экспорт” масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари ҳам бу фурсатни қўлдан бой бермаслик пайида. Ушбу экспортчи корхона амалга оширган ишлар ҳам барчасини айтиб турибди. Бултур фақат 780 минг долларлик маҳсулот    экспорт қилган тадбиркорлик субъекти жорий йилнинг ўтган давридаёқ қарийб 1 миллион долларлик ноз-неъматни хориж бозорига йўналтиришга эришди. Салмоқ ошганини эса потенциал харидорлар кўпайгани билан изоҳлаш мумкин.

-  Қолаверса, чет эл истеъмолчисига сифатли маҳсулот таклиф қилиш борасида бизда вариант кўплиги ҳам асқатаяпти, - дейди тадбиркор Хуршид Маматов. – Биргина Китоб туманимизни оладиган бўлсак, Варганза анори, шунингдек, гилос, олхўри, узум каби экспортбоп мевани истаганча топиш мумкин. Уларнинг ширин мазаси хорижликларни ўзига ром этган. Натижасини хорижлик ҳамкорлар билан қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзолаганимизда ҳам кўриш мумкин. Саъй-ҳаракатларимиз бу мажбуриятларимизни тўлақонли адо этишга қаратилган. Шу вақтгача 700 тоннадан зиёд анорни машиналарга юклаб жўнатдик. Ҳар бирининг сиғими 18 тонналик бўлган 30 та фура манзилга гилос етказиб берди. Сотилган олхўри ҳажми эса 150 тоннадан ошди. Бундан ташқари, чет эллик харидор талабига кўра, уларни кўкатлар, помидор, бодринг каби сабзавотлар билан ҳам таъминладик.

Ишбилармоннинг билдиришича, айни дамда корхона узум экспортига тараддуд кўрмоқда. Ҳамкорлар тоифи ва кишмиш навли узум харид қилишга истак билдирган. Тегишли миқдор 2000 тоннани ташкил этади. Маҳсулот эса вилоятимиздаги узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва аҳоли қўлидан йиғиб олинади. Бу борада улар билан аллақачон келишувларга ҳам эришилган. Айтиш жоизки, ушбу тадбиркорлик субъекти экспорт географиясида Россия ва Қозоғистон каби мамлакатлар етакчилик қилмоқда. Корхона масъуллари асло бу билан чекланиб қолмоқчи эмас. Келгусида Жанубий Корея бозорларини забт этиш мақсад қилинган. Музокаралар ижобий якунланган, маҳсулотни тез орада юборишга киришилади. Узоқ шарқликлар биздан узум ва қуруқ мева сотиб олиш ниятида.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo