Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

23.10.2018


ЧЕТ ЭЛГА БОРИБ ИШЛАШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ҚАНДАЙ?

Миграция жараёни оилавий можаролар, никоҳ бузилишлари ва айрим касалликлар кўпайишига сабаб бўлаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Дунё кўриб, миллий урф-одатлар, қадриятлар ва она тилимизга пастроқ назар билан қаровчилар-да учраб туради.

Шу ўринда бир нарсани тан олиш керакки, чет элларда ўқиб келаётган юртдошларимиз замонавий фикрлашда бошқалардан бирмунча устунликка эга. Четга чиқиб ишлаб келаётганларнинг аксарияти оиласи моддий имкониятини мустаҳкамлаб олаётганини ҳам эътироф этиш жоиз.

Назаримизда четга чиқиб ишлашни истовчи фуқароларимизга ҳунар, хорижий тил ва замонавий билимларни ўргатиб, сўнгра ишга юборишни йўлга қўйишга эришиш лозим. Хорижда ишлаб юрган  юртдошларимизнинг сиёсий, иқтисодий, шахсий ва меҳнат ҳуқуқларини халқаро ҳуқуқ нормалари, давлатлараро тузилаётган шартномалар орқали ҳимоя қилишни тизимли йўлга қўйишимиз, кучайтиришимиз керак. Токи юртдошларимиз қаерда бўлса ҳам халқ эътибори ва давлат ҳимоясида эканини ҳис этиб турсин.

Шундай экан, айни дамда чет элга бориб ишлашнинг ҳуқуқий асослари ҳақида фикр юритсак. Хўш, бу тоифадаги муносабатлар қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади? Мигрантларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

2018 йилнинг 5 июлида давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахслар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида фуқароларимизни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, юридик шахслар аккредитациядан ўтиш асосида хорижга ишга кетаётган фуқароларнинг касбий малакасини ошириш ва хорижий тилни ўргатиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин. Лицензиялар бериш ва аккредитациядан ўтказиш масаласи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма даромадлари давлат бюджетидан ажратиладиган 200 миллиард сўм миқдоридаги бир марталик беғараз молиявий ёрдам, фуқароларни хорижга юбориш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотларнинг лицензия муддати тугатилган ҳолларда қайтариладиган маблағлар ва бошқа даромадлар ҳисобига шакллантирилади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида жабрланганларга молиявий ёрдам кўрсатиш, кейинчалик қоплаб берилиш шарти билан тиббий хизмат кўрсатиш, чет элларда шикастланган ва вафот этган фуқароларни олиб келиш, фуқароларни хорижга ишга боришга тайёрлаш, хорижда агентликнинг ваколатхоналари фаолиятини йўлга қўйиш  жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Қарорга асосан 2018 йил 1 августдан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар Пенсия жамғармасига энг кам иш ҳақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловини амалга оширса, тўловлар амалга оширилган давр белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшиладиган бўлди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги буйруғи билан тасдиқланган Хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган, шунингдек хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ихтиёрий рўйхатдан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, фуқароларнинг рўйхатдан ўтишлари ихтиёрий ҳисобланади ва электрон шаклда амалга оширилади. Рўйхатдан ўтиш учун Ўзбекистонда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов амалга оширилади. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг расмий веб-сайти (www.migration.uz)да рўйхатдан ўтилиб, тегишли амаллар бажарилгач, фуқарога хорижий давлатда ишга жойлашиш тўғрисидаги гувоҳноманинг электрон шакли тақдим этилади.

Давлат раҳбарининг 2018 йил 5 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг электрон базасида рўйхатдан ўтган вақтинча ишлаш учун хорижга кетаётган фуқароларга темир йўл ва авиачипталар нархларига йигирма фоиз чегирма тақдим этилади. Шунингдек, тижорат банки томонидан хорижга кетаётган фуқаролар учун пластик карталар чиқарилади ва хизмат кўрсатилади. Йилига бир маротаба бир марталик темир йўл ва авиачипталар олиш учун бўлган харажатлар 2018-2019 йилларда 300 минг сўмгача миқдорда қисман қопланади.

Президент томонидан шу йил 16 октябрда имзоланган “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонунга асосан, хусусий бандлик агентлиги – иш қидираётган шахсларга иш танлаш ва ишга жойлашиш бўйича, иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизмат кўрсатувчи, шунингдек, ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи тижорат ташкилотидир. Бу агентликлар юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиши мумкин. Улар Давлат хизматлари марказлари орқали давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Хусусий бандлик агентликлари фаолияти Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тартибга солинади. Вазирлик томонидан Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия чекланмаган муддатга берилади. Лицензия даъвогарига бир қанча талаблар қўйилган. Шу жумладан, 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш  жамғармасида захира қилиб қўйилиши керак.

Хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома хусусий бандлик агентлиги томонидан иш қидираётган шахс ва иш берувчи билан ёзма шаклда тузилади. Хизматлар кўрсатиш ҳақ тўлаш орқали амалга оширилади. Ҳақ миқдори шартномада кўрсатилиши керак. Қонунда хусусий бандлик агентлиги, иш берувчи ва иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари белгилаб берилган.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

Report typo