Интилганга толе ёр
Халқимизда "Ҳунар - ҳунардан ризқинг унар", "Ҳунарли - хор бўлмас", "Ақл кўпга етказар, ҳунар - кўкка" каби юзлаб мақоллар борки, уларнинг замирида бирор-бир ҳунарни эгаллаб, уни даромад манбаига айлантирган кишининг ҳам ўз оиласи фаровонлигини таъминлаши, ҳам элга, юртга наф келтириши ифодаланади.
Косонлик Лазиза Ҳамидова ҳам ёшлигидан моҳир чевар бўлишга аҳд қилган эди. Бу йўлда тинимсиз ўқиб-изланди, кўплаб тикувчиларга шогирд тушиб, ҳунарнинг сир-асрорларини пухта ўрганди. Ҳатто иккинчи гуруҳ ногирони эканлиги, имконияти чекланганлиги ҳам мақсадларига тўсиқ бўла олмади. Қарабсизки, кўп ўтмай тиккан либослари аввал яқинлари, кейин эса бошқалар эътиборига туша бошлади. Буюртмачилар сони кўпайди.
Бу ютуқлардан руҳланган чевар қиз эса мавжуд имкониятлардан фойдаланиб ишни янада кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга интилди.
- Қизим икки йил аввал ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтиб, эркаклар бош кийимларини тайёрлаш билан тадбиркорлик фаолиятини бошлаган эди, - дейди Лазиза Ҳамидованинг онаси Лобархон Жабборова. - Бу орада моддий имкониятга қараб, бирин-кетин зарур тикув машиналарини харид қилди. Шунга қараб тикаётган маҳсулотлари ҳажми ҳам, шогирдлари сони ҳам ошиб бораверди. Дастлаб уч нафар шогирд билан кунига 15-20 та бош кийим тайёрлаган бўлса, кейинроқ яна икки нафар шогирд олиб, иш ҳажмини ҳам икки-уч баробарга оширди. Айни пайтда эса 10 нафар шогирдни иш билан таъминлаган. Улар кун давомида 200 донага қадар "кепка" тикишмоқда. Матони бичишдан тортиб, тайёр маҳсулот қадоқланишигача бўлган барча жараён шу ернинг ўзида амалга оширилади.
Ҳунарманд қиз ва шогирдлари томонидан миллий духоба, шерс драп, ошланган тери каби матолардан тайёрланаётган, янгича дизайндаги бош кийимлар улгуржи буюртмачилар орқали ички бозорга етказиб берилмоқда.
Ж.БОЙМУРОДОВ
С. НАРЗИЕВ олган суратлар.