Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

09.10.2020


ЧИҚИНДИ МУАММОСИ

давлат-хусусий шерикликнинг янги модели ёрдамида бартараф этилади...ми?

Ривожланиш стратегияси

Ҳозирги вақтда вилоятимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг атиги 65 фоизи маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари билан қамраб олинган бўлса, келгуси йилнинг бошида мазкур кўрсаткич 90 фоиз, охирида эса 100 фоизга етказилиши шарт. Шу вақт ичида Қашқадарёда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 8,9 фоиздан 38 фоизгача, соҳадаги хусусий сектор улуши эса 9 фоиздан 27,7 фоизгача ошиши лозим.

Ушбу қатъий талаблар мамлакат Президентининг шу йил 29 сентябрдаги "Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида акс этган. Шунингдек, бу ҳужжатга асосан яқин 15 ой ичида воҳамизда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчалари сони    89 тадан 369 тагача, бюджет ташкилотларининг чиқинди контейнерлари билан таъминланганлик даражаси эса 10 фоиздан 100 фоизгача кўпайиши даркор.

- Аҳамиятли томони, Президентнинг мазкур қарорига мувофиқ ҳудудларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда давлат-хусусий шерикликнинг янги моделини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифлар маъқулланган, - дейди вилоят экология ва   атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  бошқармаси бошлиғи Ғанишер   Ибрагимов. - Ана шу модель асосида жорий йилнинг охиригача юртимизнинг олтита ҳудуди - Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Келгуси йилда эса бундай лойиҳалар республиканинг 13 та ҳудудида, хусусан, тўрттаси Қашқадарёда рўёбга чиқарилади.

Қарорда қайд этилишича, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари билан хусусий шерик ўртасида тузилади. Унга мувофиқ, давлат шериги томонидан хусусий шерикка маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун тегишли ҳудудлар бириктирилади. Давлат корхоналари ҳисобидаги чиқинди полигонлари чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш бўйича технологияларни татбиқ этган ҳолда қўшимча равишда капитал қўйилмалар ва инвестицияларни жалб қилиш шарти билан хусусий шерикка узоқ муддатга фойдаланишга берилади. Мазкур соҳада хизмат кўрсатишга ихтисослашган давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспорт воситалари ва техникалари эса хусусий шерикка етти йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилади. Эътиборли жиҳати, лойиҳа якуни бўйича тўловлар тўлиқ амалга оширилгандан сўнг бу автотранспорт ва техникаларни тасарруф этиш ҳуқуқи хусусий шерикка ўтказилади.

Ўз навбатида хусусий шерик ўзига бириктириб берилган ҳудудда яшовчи аҳолининг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаб, инвестициялар киритиш ва санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмасини ривожлантириш мажбуриятларини олади. Шунингдек, у махсус автотранспорт воситалари ва техникалари ҳаракати ҳамда чиқинди полигонларини реал вақт режимида давлат шериги томонидан назорат қилиш имконини яратиш, белгиланган муддатларда чиқиндиларни саралаш (қайта ишлаш) технологиялари ўрнатилиши ва ишга туширилиши учун ҳам масъулдир. Хусусий шерикнинг яна бир муҳим вазифаси - жисмоний ва юридик шахслардан тасдиқланган нархларда мажбурий тўловлар йиғилишини ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича давлат шериги томонидан яратилган ягона электрон тизимга уланилишини таъминлаш.

Қарор билан тасдиқланган "йўл харитаси"да кўрсатилганидек, вилоятимизда 2021 йилда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга ошириладиган 4 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаси  доирасида 4,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар киритилади, қўшимча 52 та чиқинди ташиш техникаси жалб этилади ва 8 та чиқиндини саралаш ва қайта ишлаш ускуналари харид қилиниб, ишга туширилади. Натижада 325 та янги иш ўрни яратилади.

- Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорига асосан 2020-2021 йилларда вилоятимизда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўртта маиший чиқинди полигонини қуриш ва жиҳозлаш белгиланган, - дейди   Косон тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Собир Эшев. - Ушбу полигонлардан бири туманимиздаги Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 10 гектарлик майдонда жойлашган. Уни қайта қуриш доирасида полигонга кириш йўллари асфальт қилинди, энди атрофини ўраш, маиший ва санитария хоналари, дезбарьер қуриш, транспорт воситаларини ювиш жойини ташкил этиш, электр энергияси ва техник суви таъминоти масаласини ҳал қилиш чоралари кўрилаяпти.

Ҳужжатга илова қилинган манзилли дастурга биноан вилоятимизда Ғузор туманидаги Бўстон массиви, Нишон туманидаги Ойдин маҳалласи ва Чироқчи туманидаги Қаҳрамон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган маиший чиқинди полигонлари ҳам реконструкция қилинмоқда. Уларни қайта қуриш ва жиҳозлашга жами 1,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, бу пулнинг асосий қисми (967 миллион сўм) Косон туманидаги чиқиндихонани янгилашга йўналтирилаяпти. Вилоят "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонаси раҳбари Улуғбек Бўриевнинг таъкидлашича, Чироқчи туманидаги полигонда ҳам кириш йўлини асфальт қилиш жараёни якунланиб, атрофини ўраш ишлари давом этмоқда. Нишондаги маиший чиқиндилар полигонида йўлни асфальтлашдан ташқари санитария хонаси ва автотранспорт воситаларини ювиш жойини қуриш, дезбарьер ўрнатиш назарда тутилган. Ғузордагисида эса фақат автомобилларни дезинфекция қилиш учун мўлжалланган қурилма барпо этилади.

Қурилиш чиқиндилари полигонларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича ҳам манзилли дастур тасдиқланиб, вилоятимизда Шаҳрисабз туманидаги Танхоз МФЙ ҳудудида жойлашган 2,5 гектарлик чиқиндихонани қайта қуришга маҳаллий бюджетдан 870 миллион сўм йўналтириш кўрсатилган.

Умуман олганда, давлат раҳбарининг мазкур қарорига мувофиқ маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ соҳада 2021 йил 1 январдан эътиборан кўплаб янгиликлар жорий қилинади. Масалан, ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари (хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан келишилган нархларда амалга ошириладиган алоҳида хизматлар учун тўловлар бундан мустасно) дастлаб нархларни (тарифларни) тартибга солиш органлари хулосалари олиниб, кейинчалик тегишлигича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари билан маъқулланганидан сўнг тасдиқланади.

Айни пайтда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерларига хизмат кўрсатиш учун белгиланган тартибда бириктириб берилган ҳудудларда иккиламчи хом ашёни (металл парчалари ва чиқиндиларини сотиб олишдан ташқари) қабул қилиш шохобчалари орқали тайёрлаш (сотиб олиш, қабул қилиш) мазкур кластерлар томонидан амалга оширилади (мазкур ҳудудда қайта ишловчи ташкилотларнинг иккиламчи хом ашёни ўзларига тегишли шохобчалар орқали сотиб олиши ёки қабул қилиши бундан мустасно). Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатиш жараёнида, шунингдек, маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчалари ва саралаш пунктларидан маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хом ашёни маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотларнинг розилигисиз ажратиб олиш ва ўзлаштириш тақиқланади.

- Қарорга киритилган ушбу бандларнинг соҳа ривожи учун нақадар муҳимлиги, айниқса, корхонамиз мисолида яққол кўринади, - дейди "Qashqadaryo Eko trans" масъулияти чекланган жамияти директори Хўжақул Нурқулов. - Чунки махсус техникаларимиз ёрдамида Қарши шаҳри ҳудудидан жуда катта миқдорда маиший чиқиндилар олиб чиқиб кетилса-да, саралаш линиясига борганда уларнинг таркибида қайта ишлаш мумкин бўлган иккиламчи хом ашё деярли қолмаганлиги аён бўлади. Қоғоз ва полиэтилен парчалари, бошқа ҳар қандай иккиламчи хом ашёни чиқинди контейнерларидан маълум тоифадаги шахслар териб олиб, ташиб кетишади ва турли корхоналарнинг қабул пунктларига топширишади. Шунинг учун ҳам ҳозир қоғоз, гранулалар ва полиэтилен қувурлари ишлаб чиқариш учун олиб келган асбоб-ускуналаримизни деярли ишлата олмаяпмиз. Боз устига Қарши шаҳридаги мижозларнинг корхонамиз олдидаги қарздорлиги 5,2 миллиард сўмга етган. Бундай аҳволда кластер ривожланиш нари турсин, ҳатто нормал фаолият юритишга ҳам қийналиб қолмоқда.

Шу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида қарорда мазкур соҳада кўрсатилган хизматлар учун тўлов интизомини таъминлаш чоралари ҳам белгиланган. Бугунги кунда вилоят бўйича аҳолига маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш бўйича мавжуд дебитор қарздорлик миқдори 16,1 миллиард сўмни, мажбурий тўловларни ундириш даражаси 56 фоизни ташкил этса, йилнинг охиригача қарздорлик 9,7 миллиард сўмгача камайиши, ундириш даражаси эса 78 фоизгача кўтарилиши керак. Келгуси йилнинг охиригача эса тегишли кўрсаткичлар 5,4 миллиард сўм ва 100 фоизга тенг бўлиши зарур. Айни пайтда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлардан фойдаланиш учун хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан шартнома тузганлик даражаси яқин 15 ойда ҳозирги 4 фоиздан 81 фоизгача ошиши лозим.

Қарорда, шунингдек, иқтисодиёт соҳалари ва аҳоли пунктларида ҳосил бўладиган маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, чиқиндиларни қайта ишлашда замонавий ишлаб чиқаришларни жорий этиш, шунингдек, қулай инвестиция муҳитини яратиш орқали ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган бошқа кўплаб чора-тадбирлар ҳам жамланган.

Темур НИЗОМОВ

Report typo