Унинг иштирокчилари ким? Улар қандай лойиҳаларни амалга оширади?
Тараққиёт стратегияси
Воҳамиздаги "Чироқчи" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида кластер усулида қуёш сув иситиш ускуналари, қуёш фотоэлектрик панеллари ҳамда шамол, биогаз, гидроэлектр қурилмалари ва иншоотлари, электр энергиясини сақловчи аккумуляция тизимлари ҳамда бошқа ёрдамчи жиҳоз ва ускуналарни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси, Энергетика вазирлиги ва вилоятимиз ҳокимлигининг бу борадаги таклифи республика ҳукуматининг жорий йил 21 сентябрдаги "Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш тўғрисида"ги қарори билан маъқулланган. Шунингдек, мазкур ҳужжатга асосан Қарши шаҳри Буюк Турон маҳалласида жойлашган "Чироқчи" ЭИЗда фаолият юритажак "Solar cluster" кластери иштирокчилари томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати ҳам тасдиқланган.
Бу рўйхатда 5 та корхонанинг умумий қиймати 38,7 миллион долларга тенг лойиҳалари жамланган бўлиб, сармоянинг тахминан 30 фоизи (11,6 миллион доллар) ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан, қолгани (27,1 миллион доллар) банк кредитлари кўринишида ажратилади.
Энг кўп инвестициялар (13 миллион доллар) 2022-2023 йилларда "Sun-Нightech" масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига умумий қуввати 150 мегаваттга тенг қуёш панеллари ва 15 минг дона қуёш сув иситкичлари ишлаб чиқаришни босқичма-босқич йўлга қўйиш учун йўналтирилади. 2020 йилнинг март ойида ташкил этилиб, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган бу корхонанинг расмий сайтида эълон қилинишича, унинг мутахассислари 10 йилдан ортиқ вақт давомида профессионал равишда қуёш электр станциялари ва қуёш сув иситгичларини лойиҳалаш, ўрнатиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.Бугунги кунга қадар улар томонидан республиканинг барча ҳудудларида мингдан ортиқ бундай қурилмалар ўрнатилган экан.
Очиқ маълумотларга кўра, корхонанинг ягона таъсисчиси ва раҳбари Элмурод Абдуллаев айни пайтда Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги эркин саноат зонасида жойлашган "Nurafshon-Quyosh" ва Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги "Solar Electric Product" хусусий корхоналарининг ягона мулкдори ҳамдир. Бундан ташқари, унинг Тошкент шаҳрида жойлашган яна учта корхона - "Solar Development Systems", "Solar Energy Products", "Exo-Group" масъулияти чекланган жамиятлари устав фондида ҳам 40-50 фоизлик улушлари мавжуд.
"Solar cluster" кластерининг яна иккита иштирокчиси - "Nukuselektroapparat" қўшма корхонаси ва "MIR SOLAR" масъулияти чекланган жамияти ҳам "Чироқчи" ЭИЗда 2022-2024 йилларда қуёш панеллари ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни режа қилган. Биринчисининг мўлжали 10,5 миллион доллар маблағ сарфлаб, ҳар йили 150 МВт, иккинчисиники эса 3,5 миллион доллар йўналтириб, йилига 60 МВт қувватдаги қурилмаларни ишлаб чиқаришдир.
Бу корхоналарнинг салоҳиятига назар ташлайдиган бўлсак, устав фонди 8 миллион долларга тенг "Nukuselektroapparat" МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси бундан беш йил олдин Қорақалпоғистон Республикасида "Tanotrade AG" компанияси (Швейцария) ва "Toshelektroapparat" хорижий корхонаси ҳамкорлигида тузилиб, электр тақсимловчи ва бошқарув аппаратуралари, бошқа замонавий энергия тежовчи ускуналар ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 2000 йилда Тошкент шаҳрида ташкил топган "MIR SOLAR" масъулияти чекланган жамияти, ўз навбатида, кейинги йилларда кўплаб саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш цехлари ва офис бинолари, турли ижтимоий объектлар, уяли алоқа компанияларининг базавий станцияларини электр энергияси билан таъминлаш учун қуёш фотоэлектрик станциялари ва панеллари ўрнатгани ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ёрдамида сув, иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти жабҳасида бошқа кўплаб лойиҳаларни муваффақиятли ҳаётга татбиқ этгани билан машҳур.
Аҳамият берган бўлсангиз, воҳамиздаги "Чироқчи" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият юритадиган "Solar cluster" кластерининг аксарият иштирокчилари Тошкент шаҳридаги корхоналар бўлиб, улардан навбатдагиси - "STANTOP ENERGY" масъулияти чекланган жамияти 2019 йилдан буён пойтахтнинг Миробод туманида фаолият юритади. Унинг ягона таъсисчиси ва раҳбари Умид Мамадаминов Тошкентдаги "Evergreen Logistik" МЧЖ, Самарқанд вилоятидаги "Mung Beans Export" МЧЖ, Жиззах вилоятидаги "Do'stlik Agroexport" МЧЖ, "Evergreen Agriculture" МЧЖ асосчиси ва "Jizzakh Agritrade" қўшма корхонасининг таъсисчиларидан бири ҳамдир. "Чироқчи" эркин иқтисодий зонасида эса унинг корхонаси 2022-2023 йилларда қуёш панеллари учун йилига 250 минг дона металл конструкцияларини ишлаб чиқариш бўйича 4 миллион долларлик лойиҳани рўёбга чиқаради.
Янги кластер иштирокчиларидан фақат биттаси Қарши шаҳрида рўйхатдан ўтган бўлиб, у ҳам жорий йил 26 август куни, яъни атиги бир ой олдин ташкил этилган "Oftobnur Solar Cluster" масъулияти чекланган жамиятидир. Аммо унинг асосий таъсисчиси - Тошкент вилоятида жойлашган "Modern Power Systems" МЧЖ (устав фонддаги улуши 80 фоизга тенг) соҳада 12 йилдан буён фаолият юритиб, айни пайтда тармоқдаги яна бир қатор корхоналар - "New Solar Electric Manufacturers", "Solar Development Systems", "Solar Power Systems" ва "MPS-Jizzax" масъулияти чекланган жамиятларининг улушдори саналади. Яқинда уларнинг қаторига қўшилган "Oftobnur Solar Cluster" МЧЖ эса инвестиция лойиҳасининг биринчи босқичи (2022-2024 йиллар)да йилига умумий қуввати 110 мегаватт бўлган қуёш панеллари, иккинчи босқич (2024-2025 йиллар)да қуёш панеллари учун 30 мегаватт қувватга эга инверторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бунга жами ҳисобда 7,7 миллион доллар маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Лойиҳа ишга тушгач, биринчи босқичда 100 киши, иккинчисида эса яна 25 киши доимий иш билан таъминланади. Умуман олганда, "Solar cluster", яъни "қуёшли кластер"да яқин 3-4 йилда амалга оширилажак лойиҳалар доирасида роппа-роса 500 та иш ўрни яратилади, дея прогноз қилинмоқда.
Ҳукумат қарорида, табиийки, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ишлаб чиқаришни жадаллаштириш борасида бошқа бир қатор чора-тадбирлар ҳам ўз аксини топган. Масалан, ушбу ҳужжат билан шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга кўра, мазкур қурилмаларни кластер усулида ишлаб чиқаришни ташкил этиш доирасида "Чироқчи" эркин иқтисодий зонасида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳалари учун ер участкалари Қашқадарё вилояти ҳокимлиги қарори билан белгиланган бошланғич нархнинг 10 фоизи миқдорида электрон онлайн-аукционга чиқарилади. Вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва йирик саноат корхоналари тизимида муқобил энергия манбаларини жорий қилишда лойиҳалаштириш ва тегишли қурилмаларни харид қилишни давлат харидлари электрон тизимининг алоҳида саҳифасида маҳаллий корхоналар орасида энг яхши таклифларни танлаш натижаларига кўра ишлаб чиқарувчиларга олдиндан тўлов шартисиз "фьючерс" контрактлари асосида ишлаш тизими йўлга қўйилади.
Т.НИЗОМОВ