Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

17.09.2019


"ЧИРОҚЧИ" ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ

Ҳужжат матнида қайд этилганидек, Чироқчи туманида эркин иқтисодий зона (ЭИЗ) ташкил этиш таклифи Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, шунингдек, инвестициялар ва ташқи савдо, иқтисодиёт ва саноат, молия ҳамда қишлоқ хўжалиги вазирликлари томонидан илгари сурилган.

Фармонда "Чироқчи" ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгиланган. Улардан бири замонавий ишлаб чиқаришлар ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этишдан иборат. Бунда, албатта, ташқи бозорларда талаб этилаётган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш назарда тутилмоқда.

Шу билан бир қаторда янги тузилма зиммасига вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаб, шу асосда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш вазифалари ҳам юклатилган. Айни пайтда "Чироқчи" ЭИЗда маҳаллий хомашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда ЭИЗ иштирокчилари ўртасида ва умуман республикада саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 

Эркин иқтисодий зона, шунингдек, логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириб, саноат соҳасидаги ишлаб чиқариш субъектларига улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини ташкил этишда кўмаклашади. Бунинг учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилиб, улар хулосалари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширади.

"Чироқчи" ЭИЗ фаолиятининг яна бир йўналиши унинг зарур кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш, шу жумладан, уларнинг ЭИЗ ҳудудидаги ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташидан иборат.

"Чироқчи" ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати 30 йилни ташкил этиб, ушбу муддат кейинчалик узайтирилиши ҳам мумкин. Эркин иқтисодий зона ҳудудида алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиботлари амал қилади. Унинг иштирокчиларига  киритилган инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари, бошқа енгилликлар берилади.

"Чироқчи" ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича буюртмачи сифатида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси ДУК тасдиқланиб, бош режани ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳалаш ташкилоти этиб "ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК белгиланди.

Фармон талабига кўра, "Чироқчи" ЭИЗнинг бош режаси масъул вазирликлар ва идоралар томонидан уч ой муддатда ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланиши лозим. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари ҳудудидан "Чироқчи" ЭИЗнинг чегараларини аниқлаш, уларни келгусида кенгайтириш ва "Чироқчи" ЭИЗ фаолиятини ташкил этишни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаси эса Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда киритилиши шарт. "Чироқчи" ЭИЗ иштирокчиларига ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш учун логистика марказларини ҳамда божхона постини ташкил этиш, шунингдек, "Чироқчи" ЭИЗ ҳудудида ер ости сув захиралари мавжудлигини ўрганиб чиқиб, ундан самарали фойдаланиш юзасидан ҳукуматга таклифлар киритиш учун ҳам худди шундай муддат белгиланган.

"Чироқчи" ЭИЗ ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш ташкилотларини жойлаштириш бўйича "Йўл хариталари" ишлаб чиқиб, тасдиқлашга икки ой вақт ажратилмоқда. Эркин иқтисодий зона ҳудудида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастури эса уч ой муддатда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилиши даркор.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, "Чироқчи" ЭИЗ ҳудудини, шунингдек, унинг иштирокчилари ишлаб чиқариш майдонларини ташқи йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан кафолатли таъминлаш чоралари транспорт вазирлиги ҳузуридаги автомобиль йўллари қўмитаси, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, "Ҳудудий электр тармоқлари" ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамиятлари томонидан кўрилади.

Умуман олганда, "Чироқчи" эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши нафақат Чироқчи тумани, балки бутун вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятини комплекс ривожлантириб, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, юқори технологик ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун қулай шарт-шароитлар ҳозирлайди ва шу асосда Қашқадарёнинг экспорт потенциалини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳудуд аҳолиси фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Темур НИЗОМОВ

Report typo