"Чироқчи" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонасининг устав фондини шакллантиришга республика ҳукуматининг захира жамғармасидан 1 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, мазкур корхонага 2020-2021 йиллар даврида сақлаш харажатлари учун ҳам айнан шу манба ҳисобидан зарур маблағлар ажратилади. Келгуси йилларда эса у ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказилади.
"Чироқчи" эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этишга қаратилган шу ва бошқа бир қатор чора-тадбирлар Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 6 майдаги қарорида акс эттирилган. Жумладан, ушбу ҳужжат билан "Чироқчи" ЭИЗ таркибига кирувчи ҳудудларнинг чегаралари, "Чироқчи" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" ДУК тузилмаси ва устави тасдиқланди.
Қарор талабига мувофиқ, "Чироқчи" ЭИЗнинг бош режаси вилоят ҳокимлиги томонидан Қурилиш ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ойда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим. Шу вақт ичида эркин иқтисодий зона ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича ҳам манзилли дастур тузилиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилиши зарур. ЭИЗ ҳудудида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жойлаштириш ва ташкил этишни республика ва вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштириш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга тасдиқлаш учун киритишга эса уч ой муддат берилмоқда.
"Чироқчи" ЭИЗ дирекцияси текин фойдаланиш ҳуқуқи билан вилоят ҳокимлиги биносида жойлаштирилади. Шунингдек, унга худди шундай шарт асосида Чироқчи тумани ҳокимлиги маъмурий биносидан ҳам зарур инвентарлар билан жиҳозланган хизмат хоналари ажратилади. Кейинчалик эса дирекция учун алоҳида замонавий маъмурий бино қурилади.
Шу ўринда эслатиш жоизки, "Чироқчи" эркин иқтисодий зонаси мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 13 сентябрдаги фармонига мувофиқ Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо, Иқтисодиёт ва саноат, Молия ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари таклифига асосан ташкил қилинган. Унинг фаолият кўрсатиш муддати 30 йил этиб белгиланган ва кейинчалик узайтирилиши ҳам мумкин. ЭИЗ ҳудудида алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиботлари амал қилади. Унинг иштирокчиларига киритилган сармоя ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари, бошқа енгилликлар берилади.
Ўз мухбиримиз