Чироқчи туманидаги маҳаллий ривожланиш марказида (МРМ) ишсиз ёшларга касб-ҳунар ўргатиш ва уларни ижтимоий фаолликка йўналтириш учун ташкил этилган бепул ўқув курсларининг илк битирувчиларига сертификатлар топширилди.
Қашқадарё вилояти “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан “Ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш – ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омилдир” деб номланган лойиҳа доирасида очилган МРМ ва ўқув курслари шу йил сентябрь ойида фаолият бошлаган эди. Муҳим ижтимоий аҳамиятга молик мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмаги билан Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг давлат ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилаяпти.
Маҳаллий ривожланиш маркази Чироқчи транспорт касб-ҳунар коллежи биносида, махсус ажратилган хоналарда жойлашган. Бу ерда маҳаллий ёшлар металлга ишлов бериш, мебель жиҳозларини таъмирлаш ва ясаш ҳамда сантехника ишлари каби йўналишлар бўйича касб-ҳунар ўрганишмоқда. Ҳам назарий, ҳам амалий машғулотлар ўтказиш учун мўлжалланган бу ўқув-ишлаб чиқариш хоналари зарур ускуналар билан жиҳозланган ва материаллар билан таъминланган. Ишсиз ёшларни ўқитишга малакали амалиётчи-мутахассислар, тренерлар, тажрибали тадбиркорлар жалб қилинган.
-Биргина металлга ишлов бериш йўналишини оладиган бўлсак, ёшларни касбга ўргатиш учун электр пайвандлаш аппаратлари, темирни кесиш, тешиш ва силлиқлаш, қолаверса, тайёр маҳсулотни бўяш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, турли инструментлар, ҳимоялаш қалқонлари ҳамда электродлар ва хом ашё сотиб олинган, - дея таъкидлайди лойиҳанинг Чироқчи туманидаги координатори Сафар Дўсматов. - Ҳудди шундай бошқа йўналишлар бўйича ҳам ускуна ва жиҳозлар, сарф материаллари жамламалари келтирилган. Яна бир муҳим жиҳати - туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ўқув курси тингловчиларига стипендия, уларга устозлик қилаётган мутахассисларга эса маош тўлаб борилади.
Бепул ўқув курсларида ишсиз ёшлар меҳнат бозорида талаб анча юқори бўлган касбларни ўзлаштириш баробарида бизнес юритиш кўникмаларига ҳам эга бўлишди, шунингдек, уларга ўз ишини бошлаш учун амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
28 декабрь куни Чироқчи туманида бепул ўқув курсларининг илк битирувчилари – танлаган йўналишлари бўйича касб-ҳунарни пухта ўрганган 25 нафар ёшга тантанали равишда сертификатлар топширилди.
Маросимда сўзга чиққан "Yuksalish" ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова, Чироқчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Эркин Бобоқулов ва бошқалар битирувчиларни табриклаб, уларнинг тез орада малакали ишчилар ва билимли тадбиркорлар сифатида меҳнат бозорида ўз ўрнини эгаллаб, доимий даромад манбаига эга бўлишларига ишонч билдиришди.
Маросимда мазкур лойиҳани ижтимоий шериклик тамойиллари асосида рўёбга чиқаришда иштирок этаётган Қашқадарё вилояти ва Чироқчи тумани ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари, вилоят бандлик бош бошқармаси ва яна кўплаб ҳамкор ташкилотларга миннатдорлик билдирилди.
Ўз мухбиримиз