Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

А.МУРОДОВ

19.05.2022


ЧИРОҚЧИДА ТУРИЗМ РИВОЖЛАНТИРИЛАДИ

Матбуот анжумани

Бундан бир неча йил илгари Чироқчи туманида туризмни ривожлантириш борасида катта лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида сўз юритилмаган. Сабаби, асосан, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги  маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган туманда бу соҳа эътибордан четда қолаётган эди. Энди эса ушбу йўналишда ҳам янги имкониятларни излаб топишга ҳаракат қилинмоқда.

Бу ҳақда бугун Қарши шаҳридаги “Журналистлар уйи”да ўтказилган матбуот анжуманида Чироқчи тумани ҳокими Нодир Эркаев маълум қилди.

Янги ҳоким – янги ғоя, янги куч. Амалдаги натижани эса, албатта, вақт кўрсатади. Ҳозирча ҳокимнинг ўз олдига қўйган мақсадлари бисёр. Айнан туманда туризмни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида камроқ ердан кўпроқ маҳсулот етиштиришга эришиш, бунда томчилатиб суғориш имкониятларидан унумли фойдаланиш, маҳсулотларни қайта ишлашни йўлга қўйиш, саноат ва ишлаб чиқаришни юксалтириш кун тартибидаги асосий масалалардан ҳисобланади.

Матбуот анжумани мавзуси Чироқчи туманида маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш  борасида йил якунига қадар белгиланган режаларни амалга ошириш масалалари муҳокамасига қаратилди.

Тадбирда таъкидланганидек, тумандаги 59 та маҳаллада иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳар бир маҳалланинг имкониятлари, муаммолари ўрганиб чиқилди. 43 минг 698 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, улар 4 та тоифага ажратиб олинди. Бундан ташқари, ҳар бир маҳаллада маиший хизмат турларини ташкил этиш бўйича муаммолар ўрганиб борилмоқда.

- Туманда туризмни ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар ёрдамига муҳтожмиз, - деди Нодир Эркаев. – Амир Темур ғори, Лангар ота зиёратгоҳи, Сийпантош битиклари, VIII-асрда қурилган масжид, Тешиктош ғори каби машҳур қадамжоларимиз бор. Масалан, Амир Темур ғорини кўриш учун ҳатто Франциядан сайёҳлар келишади. Фақат йўлимиз яхши эмаслиги учун уларни кўплаб жалб этолмаяпмиз. Шунинг учун сиз -  журналистлар кўпроқ тарғибот ишларида ёрдам берсангиз, беҳад хурсанд бўлар эдик.

Матбуот анжумани сўнгида берилган саволларга жавоб қайтарар экан, ҳоким қайси соҳада ва қайси мансабда ишламасин, фақат юрт учун, эл учун хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

А.МУРОДОВ

 

Report typo