Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • ЧИРОҚЧИНИНГ ЭРТАЧИ ТАРВУЗЛАРИ: уруғи декабрда, кўчати январь ва февралда экилади, ҳосили апрель-майда пишиб етилади

Биродар АЗИЗОВ

24.02.2022


ЧИРОҚЧИНИНГ ЭРТАЧИ ТАРВУЗЛАРИ: уруғи декабрда, кўчати январь ва февралда экилади, ҳосили апрель-майда пишиб етилади

Полизчилик

Қиш ойларида томорқасидаги иссиқхонада 10 минг дона полиз экин кўчатларини етиштирган Ўтамайли қишлоғилик ёш ишбилармон Солиҳ Ражабов апрель ойининг охири - май ойининг бошида юртдошларимиз дастурхонига қип-қизил ва хуштаъм тарвузлар етказиб беришни ният қилган.

Мана икки йилдирки Чироқчининг мазкур ҳудудида эртачи полизчилик билан мустақил шуғулланаётган бу деҳқон йигитнинг айтишича, Голландиянинг "Nunhems" компанияси томонидан яратилган тарвузнинг эртапишар "Dolby" дурагайи уруғлари ўтган йилнинг 20-25 декабрь кунлари кичик иссиқхонада экилган эди. Узунлиги 13 метр, эни эса 6 метрга тенг "парник"да маҳаллий ўғит билан тўйинтирилган тупроқ солинган махсус стаканчаларда етиштирилган кўчатларнинг бир қисми январь ойининг охирида катта иссиқхонага кўчирилди.

- Уч ҳафта олдин "теплица"га ўтқазилган бу кўчатлардан, насиб бўлса, апрелнинг 25 ларида пишган тарвузлар олишни мўлжаллаяпмиз, - дейди Солиҳ Ражабов айримлари гуллай бошлаган полиз экинларини кўрсатиб. - Ҳозир "дугали парник"ларда плёнка остида экилаётган кўчатларнинг ҳосили эса 10-15 майга бориб пишиб етилади. Ўзингиз биласиз, апрель-май ойларида тарвузнинг ички бозорда ҳам, хорижда ҳам нархи анча юқори бўлади. Ўтган йили 1,2 гектарда етиштирилган маҳсулотларни 120 миллион сўмга сотган эдик. Бу йил эса 1,5 гектар ерга тарвуз кўчатлари экиб, янада кўпроқ ҳосил ва даромад олишни кўзлаяпмиз. Нархи тўғри келса, экспорт қиламиз. Ички бозорда талаб катта бўлса, ўтган йилгидек Тошкент ва Самарқандда сотамиз.

Шу кунларда Ўтамайли қишлоғида биргина Солиҳ Ражабов эмас, балки яна кўплаб томорқачию фермерлар тарвуз кўчатлари экиш билан банд. Улардан бири Солиҳнинг отаси, 24 йилдан буён эртачи полизчилик билан шуғулланиб келаётган "Жуманазаров Жамшид Ражабович" фермер хўжалигининг раҳбари Жамшид бобо Жуманазаров 10 гектар майдонда 65 минг дона тарвуз кўчатини парваришлаб, мавсум давомида 270-300 тонна ҳосил олишни режалаштирган. Етиштирилган маҳсулотнинг бир қисмини экспортга чиқариш мўлжалланган.

Вилоят статистика бошқармаси эълон қилган дастлабки маълумотларга кўра, ўтган йил давомида Қашқадарёда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 177,1 минг тонна (2020 йилгига нисбатан 8,5 фоиз кўп) полиз маҳсулотлари етиштирилган. Шундан 34 минг тоннаси (қарийб 20 фоизи) Чироқчи тумани ҳиссасига тўғри келади ва бу вилоят ҳудудлари ўртасидаги энг юқори кўрсаткичдир.  Полиз маҳсулотлари етиштириш борасидаги кучли бешликка, шунингдек, Нишон (22,8 минг тонна), Яккабоғ (20,9 минг тонна), Қарши (19,9 минг тонна) ва Косон (19,2 минг тонна) туманлари ҳам кирган.

Вилоятимиздан 2021 йил давомида экспорт қилинган полиз маҳсулотлари ҳажми 2,6 минг тоннани ташкил этган.

Биродар АЗИЗОВ

Суратларда: Ўтамайли қишлоғида Солиҳ Ражабов томорқасида эртачи тарвуз кўчатлари экиш жараёнидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo