Чол деди:
- Болам, бирам яшагим келяптики... Нима дейсан, тузалармикинман?..
- Албатта, тузаласиз. Ҳали кўп яшайсиз, ота...
* * *
Чол деди:
- Болам, ҳеч ўзгариш сезмаяпман-ку... Ё шу дард мени...
- Нафасингизни иссиқ қилинг, ота. Дорилар секин-аста кор қилади...
* * *
Чол деди:
- Болам, Тошкентга катта дўхтирларга кўрсатмайсанми? Пенсиямдан пича ғамлаб қўйганим бор.
- Нима десангиз шу, ота. Албатта кўрсатаман...
* * *
Чол деди:
- Болам, сенларга дардисар бўлдим. Тошкентгача олиб бординг. Лекин... Бу азобдан кўра омонатини олиб қўйса бўларди...
- Унақа деманг, ота. Ҳечам дардисар эмассиз. Сизни яхши кўрамиз...
* * *
Чол деди:
- Болам, уйғоқмисан?.. Ҳеч ким йўғида кел, мени бўғиб ташла!.. Шу азоблардан қутулай!.. Гуноҳи ўзимнинг бўйнимда...
- Ота, нималар деяпсиз?..
Ўғил йиғлаб юборди...
Чол ҳам...
Лола ЎРОҚОВА