Муқаддас Очилова вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида дастлаб "050" диспетчери, кейин эса аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўлими табиий хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар бўлинмаси етакчи мутахассиси лавозимида ишлади. Бугунги кунда ҳужжатлар билан ишлаш бўлими мудираси сифатида самарали фаолият юритиб келмоқда.
- Фаолиятим давомида кўп маротаба вилоятнинг тоғли ҳудудларига боришга тўғри келган, - дейди Муқаддас опа. - Масалан, Деҳқонободнинг Чашмамирон қишлоғида сел ва тошқин келиш хавфи аниқланди. Шунда қишлоқ аҳолисига юзага келиши мумкин бўлган офат бўйича тушунча бериб, уларни хавфсиз жойга кўчириш ишларини олиб борган эдик.
Муқаддас Очилова интизомли ходим сифатида раҳбарият томонидан берилган вазифаларни ва топшириқларни ўз вақтида бажаради. Меҳнатсеварлиги ва камтаринлиги билан жамоа аъзолари орасида алоҳида обрў-эътибор қозонган.
- Айрим одамлар ҳаёти давомида бир инсонни бирон-бир офатдан ёки ўлимдан қутқарса, бутун умр бундан фахрланиб юришади, - дейди Муқаддас опа. - Мен танлаган касб вакиллари эса деярли ҳар куни одамларни ва уларнинг мол-мулки, ҳужжатларини турли хавф-хатарлардан қутқаришса-да, буни оддийгина ҳолат деб билишади. Ва ўзларининг қаҳрамонликларидан эмас, шу касб эгалари эканлигидан фахрланишади. Мен ҳам шундай инсонлар сафида эканлигимдан ғурурланаман.
С.АЛЛАЁРОВА