XIII асрга қадар мақомлар сони аниқ белгиланмаган. Кейинчалик ўн икки мақом тизими ишлаб чиқилган. Унинг негизида ҳар хил миллий ва минтақавий мақом турлари ва туркумлари вужудга келган бўлиб, булар ўзбек ва тожикларда мақом, туркман ва уйғурларда муқом, озарбайжон ва арманлар, Эрон халқларида муғом ёки дастгоҳ, туркларда макам, араб халқларида мақам шаклида айтилади.
Ўзбек мумтоз мусиқасида Бухоро Шашмақоми, Хоразм мақомлари, Фарғона ва Тошкент мақом йўллари мавжуд.
Кўп асрлардан буён Бухоро ва Хоразмда айтиб келинган йирик мусиқа асари - “Шашмақом” (олти мақом) таркибига Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ мақомлари киради. Бу мақомларнинг ҳар бири уч қисм – Мушкулот (Хоразмда “Мансур” деб аталади), Наср (Хоразмда “Манзум”) ва Уфордан иборат.
Мушкулот – мақомнинг инструментал чолғу қисми бўлиб, бунга тасниф, таржи, гардун, мухаммас, сақиллар киради. Наср мақомнинг матн қисми бўлиб, сараҳбор, талқин, насрларни ўз ичига олади. Уфор эса мақомнинг рақс қисми бўлиб, ансамбль жўрлигида умумий хор билан ижро қилинади. Мақом шу қисм билан тугайди. Мақомнинг бу уч қисмидаги номлар олти мақомнинг ҳаммасида учрайди.
Одатда Шашмақом йўллари доирасиз ижро қилинмайди. Мақом ва унинг шохобчалари доира зарблари билан бир текис айтилади. Мақом ижро этувчи ҳофизлар доирани усталик билан чертиб, ашулаларига жўр қилиб борадилар.
Ҳар бир мақомнинг мушкулот қисми “Тасниф” билан бошланиб, “Сақил” билан тамомланади. Наср қисми эса “Сараҳбор” билан бошланиб, “Сипориш” билан тугайди. Мақомнинг наср қисмида кўп тароналар айтилади. Тарона мақомда бир куйдан иккинчисига ўтиш учун “боғловчи қисм” ҳисобланади. Ниҳоят, мақомнинг охирги қисми “Уфор” бошланади. Уфор чолғу ансамбли жўрлигида ашула ва рақс билан ижро этилади.
Узоқ йиллардан буён ижро этиб келинаётган Шашмақомнинг наср қисмида айтиладиган шеърлар асосан ишқий-лирик ғазаллардир. Бу шеърлар XIV-XVII асрларда яшаб ижод қилган Саъдий, Ҳофиз, Лутфий, Навоий, Фузулий, Жомий, Бобур, Ҳилолий сингари ўзбек-тожик ва форс шоирлари томонидан ёзилган. Мақомлардаги бу лирик шеърларнинг айримлари вақт ўтиб янгилари билан алмашган. Хусусан, Муқимий ва Фурқат ғазаллари асосида ҳам мақомлар ижро этилган.
Шашмақом Бухоро ва Хоразмда кенг тарқалган бўлса, Тошкент ва Фарғона водийсида кам ижро этилган.
Мазкур вилоятларда кўпроқ Чормақом кенг урф бўлган. Чормақомга Дугоҳ Ҳусайн, Чоргоҳ, Баёт ва Гулёри шаҳноз киради. Чормақом куйлари Шашмақомга нисбатан қисқа бўлиб, унда Шашмақомнинг мушкулоти йўқ. Шашмақомнинг иккинчи насри, яъни вокал қисми йирик ашула ва тароналардан иборат бўлгани ҳолда, Чормақом фақат тўрт ёки беш бўлакдан иборат, холос. Булардан Гулёри шаҳноз беш қисмли, Гулёр, Шаҳноз, Чапандоз, Ушшоқ, Уфордан иборат.
“Дугоҳ Ҳусайн”, “Чоргоҳ” ва “Баёт”нинг иккинчи қисми “Савта” деб юритилади, қолганларига ном берилмаган. Улар мақомнинг асосий қисмига қўшилиб юритилади. Масалан, Чоргоҳ-1, Чоргоҳ-2, Чоргоҳ-3 ва ҳоказо.
Чормақомни Тошкент ва Фарғонада фақат профессионал мақомчиларгина эмас, ҳаваскор ашулачилар ҳам ижро этадилар.
Ўзбек миллий мақом санъати дарғаларига тўхталадиган бўлсак, улардан бири “Шашмақом” тароналарини, Бухоро халқ ашулаларини зўр маҳорат билан ижро этган Домла Ҳалим Ибодовдир. У 1878 йилда Бухоро шаҳрида олача тўқувчи косиб оиласида туғилган. 10 ёшидан бошлаб доира чертиб, халқ қўшиқларини ижро эта бошлаган. Дастлаб Шарифхон устоздан, кейин Ота Жалол, Ота Ғиёс каби атоқли санъаткорлардан таълим олган. Бухоро Шашмақоми йўлларидан асосан Савтлар (Қашқарчаи Муғулчаи Сегоҳ, Савти Сарвиноз, Ироқ, Муғулчаи Дугоҳ, Насруллойи, Қашқарча, Ушшоқ ва бошқаларни баланд (катта) авжлар билан куйлаган.
1920 йилда Бухорода мусиқа мактаби ташкил этилгач, энг моҳир созанда ва хонандалар қаторида бу мактабга домла Ҳалим Ибодов ҳам таклиф қилинади. У ёшларни ўзининг ашула айтиш санъати билан таништиради. 1928 йилда Самарқандда ташкил қилинган мусиқа хореография илмий-текшириш институтида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Кейинчалик Бухоролик машҳур танбурчи Абдураҳмон Умаров билан Ўзбекистон радиосига ишга ўтади. 1937 йилда Москвада ўтказилган ўзбек адабиёти ва санъати декадасида қатнашиб, овоз диапозонининг кенглиги билан Москва томошабинларини, айниқса “марказ”даги таниқли ашулачиларни ҳайратда қолдиради.
Домла Ҳалим Ибодов овозининг ўткирлиги ва ёқимлилиги, айниқса, куйлаш усули билан тингловчиларни ўзига мафтун этарди.
Моҳир санъаткор умрининг охирги кунларига қадар ҳам (1940 йил 10 майда вафот этган) катта авж ашулаларни ҳеч қийналмасдан ижро этган. У кўп шогирдлар тайёрлади. Шоназар Соҳибов, Фазлиддин Шаҳобов ижро маҳорати билан устозлари анъаналарини давом эттиришган.
Тошкентлик ҳофиз Мулла Тўйчи Тошмуҳамммедов эса 1866 йилда бўзчи оиласида туғилган. 15 ёшида мусиқага қизиқиб, турли тўй ва маросимларда ижро этиладиган куй ва ашулаларни завқ билан тинглаб, уларни аста-секин ўрганиб, ҳофизларга қўшилиб айта бошлаган. 30 ёшга кирганда ўша даврнинг машҳур ҳофизлари – Муҳаммад Умар, Абдуқаҳҳор ва Назархондан ашула айтиш йўлларини ўрганади. Тез орада унинг номи бутун Ўзбекистонда танилади.
1904-1907 йилларда ўзбек халқининг куй, ашула ва мақомлари граммафон пластинкасига ёзилади. Тўйчи ҳофиз ижросида ёзиб олинган Чормақомнинг “Дугоҳ Ҳусайн”, “Чоргоҳ”, ва “Баёт” қисмлари ва бошқа ашулалар тингловчилар орасида катта шуҳрат қозонади.
Тўйчи ҳофиз 1924 йилда Ўзбекистон санъаткорлари билан бутуниттифоқ қишлоқ хўжалиги кўргазмасида, 1937 йилда Москвада ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадасида қатнашиб, маҳоратини намойиш этади.
Хизматлари ҳисобга олиниб, Ўзбекистон халқ артисти унвони берилган. Умрининг охирги 16 йилини Ўзбекистон радиосида ўзбек миллий ашулачилик санъатини тарғиб қилиш билан ўтказган.
Шораҳим Умаров, Нурмуҳаммад Тошмуҳаммедов, Абдуқодир Назаров, Ортиқхўжа Имомхўжаев, Турғун Каримов Тўйчи ҳофиз тарбиясида етишиб чиққан хассос ҳофизлардир.
Ўзбек халқ ашулалари ва Шашмақомни ижро этишда Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов алоҳида ўрин тутади. Ҳофиз 1854 йилда Самарқанднинг Кўкмасжид маҳалласида косиб оиласида туғилган. 13 ёшида ота-онасидан ажралиб, етим қолган Ҳожи Абдулазиз тоғаси қўлида тарбияланди. У мактабдан ташқари вақтларида кўпинча дутор чалишни ўрганар эди. 16 ёшидаёқ яхши дуторчи бўлиб танилди. Сўнгра танбурга ҳавас қўйди, унга танбур чертишда тенги йўқ ҳамшаҳри Ҳожи Раҳимқул устозлик қилди. Ҳожи Абдулазиз устози орқали Шашмақом куйлари билан танишиб, ҳар иккала созда мукаммал чертишни ўрганади. Сўнг ашулалар ҳам ижро эта бошлайди. Хонанданинг ингичка ва нафис товуши тингловчиларга хуш ёқарди. Мақом йўлларини ижро қилганда ҳам дутордан усталик билан фойдаланарди.
Ҳожи Абдулазиз ўзбек миллий санъатини чет элларда ҳам намойиш этди. Бомбей, Ҳижоз, шунингдек, Миср ва Грециянинг бир қанча шаҳарларида гастролда бўлди. Кексайиб қолганига қарамай, мусиқа тўгаракларига раҳбарлик қилиб, ёшларга соз чалиш ва ашула айтиш сирларини ўргатди. Машҳур санъаткор Юнус Ражабий мақомнинг Самарқанд йўлларини Ҳожи Абдулазиздан ўрганган. 1926 йилда унга халқ ҳофизи унвони берилди. 82 йил умр кўрган таниқли санъаткор 1936 йил 9 январда вафот этди.
Элда “Левича ҳофиз” номи билан танилган Леви Бобохонов 1873 йилда Бухорода таваллуд топган бўлиб, мақом йўлларини танбур ва доира жўровозлигида ўзига хос услубда маҳорат билан ижро этган. Левича ҳофиз 1900 йилдан бошлаб Бухоро амири саройида хизмат қилган. 1921-1923 йилларда Бухоро Шарқ мусиқа мактабида дарс берган. Сўнг Самарқандга кўчиб келган. Унинг ижодини Муше Бобохонов ва невараси Али Бобохонов давом эттирган.
Биз учун энг аҳамиятлиси, кўҳна мақом санъати бугун ўзининг баркамол бадиий-эстетик аҳамиятини тиклаб, замонавий мусиқа жараёнининг ажралмас қисми сифатида беқиёс ижодий, ижровий ва илмий салоҳиятини намоён этаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Шаҳрисабзда ўтказиладиган халқаро мақом санъати анжумани эса кўҳна ва боқий мақом санъатини янада тараққий қилдириш, ёш авлодни тарбиялашда унинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, мақом санъатининг халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилиш, маънавий ҳаётимиздаги аҳамиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мўмин АЗИЗОВ