Интернет оламида - Қашқадарё
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятидаги чорва молларида оқсил вирусли касаллиги кўпаяётгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси сайтида хабар берилишича, эпизоотолог, вирусолог ва бошқа мутахассислардан иборат гуруҳ вилоятда бўлиб, туманлардаги чорва молларидан олинган қон ва бошқа таҳлиллар асосида диагностик текширувлар ўтказишган. Якунда ҳеч қандай оқсил касаллиги қайд этилмаган.
Маълумотларга кўра, оқсил ўткир кечувчи, ўта тез тарқалувчи инфекцион вирусли касаллик бўлиб, у билан жуфт туёқли ҳайвонлар касалланади. Инфекциянинг асосий манбаси эса касал ҳайвон ҳисобланади.
Ҳайвонларнинг оқсил касаллигига чалинмаслиги учун ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиш, ўз вақтида унга қарши эмлаш ишларини ташкил этиш зарур.
Қашқадарёда 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, 1 миллион 600 минг бошга яқин йирик ва 4 миллион 700 мингга яқин майда шохли мол парваришланмоқда. 2019 йил ва жорий йилнинг ўтган даври давомида вилоятга 3 миллион дозага яқин оқсил касаллигига қарши эмлама етказиб берилган бўлиб, вилоят бўйича 2,8 миллион бошга яқин чорва моллари оқсил касаллигига қарши профилактик эмланган.
Қўмита ахборотида қайд этилишича, ҳозирги кунда вилоятдаги чорва молларининг 50-60 фоизида иммунитет фаоллиги мавжуд бўлиб, эмлаш ишлари давом этмоқда. Бугунги кун ҳолатига кўра, вилоятда 130 минг дозага яқин эмлама захираси мавжуд.
Вилоятда эпизоотик барқарорликни таъминлаш ва эпизоотияга қарши профилактик тадбирларни тизимли ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимининг 2020 йил 5 февралдаги фармойишига асосан, ҳайвонлар касалликларга чалинишининг олдини олиш бўйича вилоятда "Зарбдор 70 кунлик" тадбири ташкил этилиб, эмлаш ишларини гуруҳ усулида олиб бориш учун тузилган 114 ишчи гуруҳга 425 ветеринария мутахассиси бириктирилган. Шунингдек, профилактик тадбирларни мувофиқлаштириб бориш учун алоҳида штаб ташкил этилган бўлиб, улар томонидан эпизоотик тадбирларнинг кунлик мониторинги юритилади.
ТАҲРИРИЯТДАН: гарчи қўмита томонидан чорва моллари оқсилга чалинмагани таъкидланаётган бўлса-да, турли ҳудудларда, қатор чорвадорлар тарафидан оқсил касаллиги тарқалгани айтилаяпти. Буни тасдиқловчи фото ва видеолавҳалар ҳам тарқатилмоқда. Бинобарин, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламаслигига амалда бир неча бор гувоҳ бўлганмиз...
ЕРҚЎРҒОНДАН НИМА ҚИДИРИЛАЯПТИ?
Қарши шаҳрининг қадимий ўрни бўлган Ерқўрғон ёдгорлигида яна археологик қазишма ишлари бошланди. Бундан кўзланган мақсад Қарши воҳаси тарихига оид янги маълумотларни қўлга киритиш, очиқ осмон остида музей ташкил этиш ва кўҳна шаҳар ўрнини туризм объектига айлантиришдан иборат.
Манбаларга кўра, ҳозирги Қаршининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Ерқўрғон харобалари улкан шаҳарнинг бизгача етиб келган ўрни бўлиб, милоддан аввалги VIII-VII асрларда қадимий деҳқончилик қишлоғи негизида шаклланган. Кейинчалик қишлоқ кенгайиб, унинг атрофидаги 35-40 гектар майдон мудофаа деворлари билан ўраб олинган ва шу тариқа Қашқадарёдаги илк қалъа кўринишидаги шаҳар пайдо бўлган. Аҳамонийлар ва македониялик Искандар даврида ҳам бу ерда қурилиш ишлари олиб борилган.
Тарих фанлари доктори Абдусобир Раимқуловнинг таъкидлашича, ҳозир деворнинг шу қисми тадқиқ қилинаяпти. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги "Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори асосида давом этаётган археологик қазишма ишлари келгуси йилнинг охирига қадар давом этиши кўзда тутилган.
КЎПРИКДАГИ ЁРИҚ ТАБИИЙ ҲОЛАТМИ?
Ижтимоий тармоқларда Яккабоғ туманидаги Шаршарбоғот МФЙ ҳудудидаги ўтган йилги сел талафотларидан сўнг янгидан тикланган кўприкда ёриқлар пайдо бўлгани хусусида хабар тарқалганди. Яккабоғ тумани ҳокимлиги мазкур ҳолатга жавобан Қашқадарё кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси Неъмат Воҳидовнинг фикрларини келтирди.
Айтилишича, Яккабоғ туманининг 4К286 "Яккабоғ - Самоқ қ.- Татар қ." автомобиль йўлининг 4-километридаги кўприк жойига бориб ўрганилганда, деформацион шовларида ҳосил бўлган кўндаланг чизиқлар транспорт воситалари ҳаракатланиши даврида кўприк плиталарининг горизонтал тебраниши, плиталар остида ўрнатилган резинали ёстиқчаларининг сиқилиши ва ишлаши натижасида ҳосил бўлган. Ушбу чизиқчаларнинг пайдо бўлиши табиий ҳолат бўлиб, кўприкнинг юк кўтариш қобилияти, транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишига таъсир қилмайди.
Бош муҳандис ижтимоий тармоқда мутахассис маслаҳатисиз эълон қилинган хабарлар ёлғон ва қуруқ, "олибқочар" шов-шувлардан бошқа нарса эмаслиги, бу каби хабарлар тегишли мутахассис билан жойида ўрганган ҳолатда эълон қилинса, мақсадга мувофиқ бўлишини қайд этган.