Қашқадарё одамлари
Одатда орамиздаги одамлар ҳақида танланган респондентнинг саволларимга берган жавоблари, фикрларидан келиб чиқиб, мақола ёзаман. Лекин бу гал бошқача бўлди. Саволлар берилди, аммо деярли 90 фоиз жавобларда "ҳа", "йўқ", "билмадим" ёки шунчаки жилмайиш билан чекланилди. Шунда тушундимки, югуриб эмас, учиб кетаётган замондаги ноёб топилма - сокинлик олами вакиллари билан фақат тилдамас (одатда кам ишлатадиганимиз) кўз ва қалб тили орқали ҳам суҳбатлашишим керак.
Тонг сизни уйғотди (хўроз ёки "будильник" эмас), чуқур нафас олиб бугун об-ҳавони қанақа бўлишини биласизми, ёки осмонга қараб неча соатдан кейин қор-ёмғир қанча муддат ёғишиничи, жониворлар тилини тушунасизми, уларнинг овозини тинглаб очлиги, оғриғи, хурсандлиги ёки қўрқувини била оласизми?.. Ишонасизми, суҳбатдошим, қашқадарёлик чорвадор аёл Назира Алимова юқоридагиларнинг барчасини билади. У саҳарлаб уйғонаркан, ғира-шира ёруғликдан осмон оқ тусга киргунигача бўлган муддат оралиғида турмуш ўртоғига чой тайёрлайди, сигир соғади, бузоқларга қарайди, супур-сидирларини қилиб олади ва тонг билан қадамба-қадам сурувни ҳайдаганича яйдоқ далага отланади.
Нишон тумани Эски Нишон маҳалласида туғилиб ўсган воҳадошимиз отамерос касб бўлган чорвадорликни жуда қадрлайди. Бугунги кунда қишлоғидан қарийб 40 километр узоқликдаги Қирққулоч чўлларида "Нишон" қоракўлчилик-наслчилик МЧЖга қарашли 4-чорвачилик фирмасида турмуш ўртоғи Холмаҳмат Эшмуродов бош чўпон, Назира опа эса ёрдамчи чўпон бўлиб ишлайди. Сурувдаги 600 бошга яқин қўй-қўзиларни биргаликда боқишади.
Асли Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида туғилиб, вояга етган Холмаҳмат ака ота юрти Нишон туманига меҳмонга келганида чорвадорлар оиласининг қизи Назирага кўнгил қўяди ва улар турмуш қуришади. Чорвадорликнинг ортидан 3 нафар ўғил, 1 нафар қизни вояга етказиб, уйли-жойли қилишган. 57 баҳорни қаршилаган Назира опанинг фарзандлари, 12 нафар невараси, келинлари қишлоқда яшайди.
- Чўлда невараларимга мактаб, боғча узоқлик қилади, - дейди у. - Шифохона ҳам узоқ. Шунинг учун болаларимиз қишлоқдаги уйимизда туришади. Ҳар ҳафта биздан хабар олишади, навбати билан биз ҳам қишлоққа бориб-келамиз.
Қирққулоч чўлларининг қоқ ўртасидаги лойсувоқ чорвадорлар уйи ҳашаматдан холи, лекин унда меҳрларга лиммо-лим тўла оила, бир-бирига елкадош бўлган суянчиқлар яшайди.
- Тандирим бор, нон ёпаман, - дейди Назира опа. - Экин ҳам қиламиз, 6 бош сигиримиз бор. Сут-қатиқ ўзимиздан чиқади.
Шеърий китоблар ўқишни, Насиба Абдуллаеванинг қўшиқларини тинглашни ёқтирган чорвадор аёлнинг орзулари ҳам ўзгача, самимий: "Ёшлигимда тикувчи бўлишни кўзлаганман. Лекин отамнинг касбига кўпроқ меҳр қўйдим. Самарқанд, Бухорога зиёратга бориб турамиз. Душанбега меҳмонга бориб келамиз. Шаҳарда яшашни орзу қиламан. Аммо 2-3 кун шаҳарда юрсам дарров кенг яйловлар, тоза ҳавони соғиниб қоламан".
Ҳамкасб қўшниларининг айтишича, 3-4 километр узоқликда яшайдиган Назира опани баъзан кунлаб одамлар билан гаплашмаган вақти бўларкан. Аммо зерикмайди. Нозик жуссасида ўнта паҳлавоннинг кучини жам қилганича меҳнат қилиб чарчамайди. Қўй-қўзилар суруви оша ўткир кўзлари билан узоқларга термулганча борлиқ билан нималарнидир сўзлашгандек бўлади, гўё.
Шу лаҳзада табиат билан сирлашаётган, қўй-қўзи, сигир-бузоқлардан тортиб, қўриқчи итларгача бемалол гапларини уқтира оладиган чўпон аёлдаги маҳорат, тажриба ва билимни қайси китоблардан ўқиб ўрганиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолдим. Одатда чорвадорларнинг ўзига хос бир хислати бўлади: камгаплилик ва тортинчоқлик. Назира опа билан танишгунимга қадар чўпонлардаги тортинчоқликнинг сабабини одамлар билан кам мулоқот, деб ўйлар эдим, бироқ унинг ўтказган бир кунини кузатиб билдимки, улар энг юксак тил - борлиқ тилидаги мулоқотни афзал билишади.
Ўйлаб қолдим, даркор-нодаркор ахборотларга бурканиб ётган даврда хаёлга келганини менинг ҳақиқатим дея росту-ёлғон сўзлайдиган тиллардан, тилимдан уялдим. Ўқидим, уқдим, дунё кўрдим, мол-давлатим мана дегувчи-ю, кўз-кўз қилиб, ким ўзарга югуришдан ортмаётганларга - жон тили, қалб тили, ҳаёт тилини зарра тушунмайдиганларга - ўзимизга ачиндим ва Назира опага чин маънода ҳавас қилдим.
...Қашқадарёда чорвадорлик ҳар кимга таниш соҳа. Майда шохли моллар етиштириш бўйича ҳам вилоят пешқадам. Ўз ҳаётини чўпонлик касбига бахшида этган чорвадор аёл бугун танлаган йўлига собитлиги ва матонати билан роҳатга эришмоқда. Назира Алимова вилоятда чорвадорликнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шу ўринда ундаги ўз ишига бўлган меҳр, садоқат, оилапарварлик, меҳридарёлигу сабр-қаноатга таҳсинлар айтгим келди.
Нилуфар ДАВЛАТ қизи