Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

06.10.2018


ДЎМБИРАСИН БУЛБУЛ МОНАНД САЙРАТИБ...

Тош шоир Чоршанба ўғли 1909 йилда Оқмасжид қишлоғида туғилди. Қир-адирлар, тоғу тошлар, гулу саҳролар оғушидаги бу қишлоқ аҳолиси эрлари касби-кори чорвачилик бўлса, қиз жувону аёллари чиройли палосу гиламлар, палак-кашталар тикишар, хушхўр қатиқ ва қурутлар тайёрлашнинг моҳир усталари эдилар. Тош қўй-қўзилар, моллар маъраши, отлар дукири, туялар бўкириши, улар оёғи остидан кўтариладиган чанглар шароитида ўниб ўсди. Отаси унга ҳарф танитди, ҳижжалаб бўлса ҳам ўқишни ўрганди. Вақти келиб у ҳам қўлига таёқ олиб, ёш чўпонлар сафига қўшилди. Ҳали серўт қир-адирлар, яйловлар, чорва сув ичадиган булоқлар манзилини яхши билиб олишга улгурмай, бошига кулфат тушди. Олдин отаси Чоршанба бободан, кейин онасидан айрилиб, етим бўлиб қолди. Энди амакиси ва тоғаси қарамоғида яшай бошлади.

Деҳқонободнинг ҳамма жойларида бўлганидек, Оқмасжидда ҳам тўйларда асосан бахшилар хизматда бўлишиб, одамларнинг кўнглини чоғ қилишар, катта давраларда ҳам достонлар куйлаб, термалар айтишарди. Тошнинг амакиси ва тоғаси дўмбира чертиб, достон айтишда қишлоқда номдор эдилар. Улар жиянини ҳам бирга олиб юришар, бахшиларнинг чиқишларидан у ҳам баҳра олиб завқланарди. Бола қалбида бахши бўлишга иштиёқ ана шундай шароитда куртак ёза бошлади. Чўпонликни бошлаган чоғларида ҳали ўзининг дўмбираси бўлмагани учун унинг ўрнини таёғи босди. Уни дўмбирадек чертиб, ёд олган достонларини такрорларди. Тошнинг қувваи ҳофизаси ёд олиш қобилияти кучли бўлганлигидан тўй-базм ва давраларда эшитган достонларни илиб олиб, хотирасига жойлаб борди.

Баҳор-ёз ойларида Яккабоғдаги кўпгина жамоа хўжаликлари қўй-қўзилари, моллари Деҳқонободнинг тоғ бағирларига ҳайдалиб, тўрт-беш ой ўша жойларда боқиларди. Яккабоғлик Хўжақул раис Тошни достон айтиб, мол боқаётган пайтда кўриб қолади. У билан суҳбатлашганда ота-онасиз етим эканлигини билади. Етимга яхшилик қилиш савоб эканлигини билган раис бува уни ўзи яшайдиган Бўтасой қишлоғига олиб келади ва чорвачилик фермасига ишга жойлаштиради. Кўп ўтмай синглиси Зайнабни унга никоҳлаб беради. Тошчўпон йигирма етти ёшида биринчи фарзандини кўради. Ражаб ва Қаюм исмли ўғиллари ҳозир ҳам шу қишлоқда умргузаронлик қилишади.

Иккинчи жаҳон урушидан уч йил ўтиб, Шаҳрисабз туманига келган Тош Чоршанбиев аввал Лайлакон, Даҳяк қишлоқларида яшайди. Хўжаликда, бошқа ташкилотларда ишлайди. Аммо ёшликда кўнгли боғланиб қолган бахшичиликни унутмайди. Тўй-учарларга, халқ оғзаки ижоди ихлосмандлари ҳузурига бориб, қўлига дўмбира олиб, достонлар айтди, термалар тўқиди.

Шу даврда Шаҳрисабзда Зоир шоир Қўчқоров, Китобнинг Қайнарида Абдулла шоир Нурали ўғли, сал нарида – Чироқчининг Тўқморида Азим шоир, Қашқадарёнинг жануби-шарқий кентларида яна бир қанча бахши-шоирлар ижод қилаётган эди.

Тош шоир Чоршанба ўғли ана шу элда танилган бахшиларга яқин бўлиб, улардан ўрганиб маҳоратини ошириб боришни орзу қиларди. Шу ниятда у биринчи бўлиб Зоир шоир билан танишди. Ўртада борди-келди узилмайдиган бўлди. Дастурхон атрофида бахшилар гурунги фақат достонлар, уларни айтиш услублари, ҳар бир бахшининг ижро йўллари ҳақида бўларди. Хонадонда дўмбира оҳангларию бахшиларнинг ёқимли овози янграрди. Иккала шоир бахшининг борди-келдиси, ижодий ҳамкорлиги Тош шоир умрининг сўнгги кунигача давом этди.

Тош шоир Қайнарга бориб, Абдулла шоир билан танишганида “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига эга бўлган кекса бахши саксонга яқинлашиб қолган, аммо қўлидан ҳали созини ташламаган эди. Тош шоир эса энди қирқ беш ёшга етган эди. Абдулла шоирнинг  достончилик ва бахшилик соҳасида берган маслаҳатлари, ҳар бир достонни ўзига хос айтиш йўллари, тингловчиларни ром этиш ҳақидаги йўл-йўриқларига амал қилиши унинг етук бахши бўлиб етишишига катта ёрдам берди.

Шаҳрисабзда Тош шоир Чоршанба ўғли яшаб ижод қилаётганлиги ҳақидаги хабар Тошкентга, таниқли фольклоршуносларгача етиб борди.

- Жуда яхши эслайман, - дейди шоирнинг ўғли, етмиш уч яшар Абдурасул Чоршанбиев. – Тошкентдан икки киши отамни йўқлаб келди. Кейин катта бўлиб билсам, бири Ҳоди Зариф, иккинчиси олимнинг шогирди Мансур Афзалов экан. Улар биринчи бор келганларида отамнинг ҳаёти ва бахшилик фаолияти ҳақидаги барча маълумотларни олиб, отам оғзидан бир достонни ёзиб олиб кетишди. Иккинчи марта улар овоз ёзиб олиш воситаларини ҳам олиб келишди. Улар хонадонимизда бир неча кун бўлишди, отам олдига микрофон қўйиб, бир неча достонларни магнитофонга ёзиб олиб кетишди.

Фольклоршунослар Тош шоир Чоршанба ўғли репертуаридан 1957 йилда биринчи марта  “Нурали” достонини ёзиб олишган бўлса, кейинги йили эса “Авазхон” достони ҳам магнит ленталарига ёзилди.

-“Алпомиш” достони бахшилик оламининг тилсими, калити ҳисобланади, - деган эди бир олим билан суҳбатда Тош шоирнинг ҳамюрти, таниқли деҳқонободлик бахши Қодир бахши Раҳимовнинг фарзанди, ота ишини давом эттираётган Қаҳҳор бахши. – “Алпомиш”ни билмаган инсон ҳеч қачон бахши бўла олмайди. Биринчи ўзимизнинг, ўзбекнинг жонажон достони “Алпомиш”ни билиш керак, ана ундан кейин бошқа достонга ўтилаверади.

Фольклоршунос олимлар аниқлашича, бундан минг йил олдин яратилган ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси “Алпомиш”нинг 40 га яқин варианти 30 нафардан ортиқ бахшидан ёзиб олиниб, магнит тасмаларига битилган. Қашқадарёдан Абдулла шоир Нурали ўғли, Умир шоир Сафаров, Зохир шоир Қўчқоров, Қодир бахши Раҳимов айтган вариантлар ҳам пойтахтдаги фольклор архивида сақланмоқда.

Бундай шарафга Тош шоир ҳам муяссар бўлган. Ўзбек фольклоршунослигининг асосчиси, атоқли олим Ҳоди Зарифов 1960 йилда Тошкентдан келиб, шоир хонадонида ундан “Алпомиш” достонини магнит тасмасига ёзиб олади. Ўша йили жаҳон шарқшуносларининг навбатдаги форуми Москвада ўтказилиши режалаштирилиб, унга ўзбекистонлик бахшилар ҳам таклиф этилади. Ҳоди Зарифов конгрессда “Алпомиш” достонидан парча куйлаш учун Тош шоирни танлайди. Мана-ман деган шарқшунослар ўтирган улкан залда қашқадарёлик бахши ижросида “Алпомиш” достони янграганда Тош шоирга хос сўзга чечанликни, дўмбира чалишдаги маҳоратини кўриб, уни узоқ қарсаклар билан олқишлайдилар.

- Тош шоир Чоршанба ўғли қашқадарёлик таниқли бахшилардан бири эди, - дейди Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраев. – Шоирнинг репертуаридан 20 дан ортиқ достонлар ўрин олган. Институтимизнинг фольклор архивидан ундан ёзиб олинган “Гўрўғлининг туғилиши”, “Келиной”, “Оға Юнус Мисқолнинг қочиши”, “Шоқол”, “Қорақум”, “Алпомиш”, “Нурали”, “Авазхон” каби достонлар, “Қумурсқа”, “Лайлак билан тулки”, “Бой билан алдаркўса” каби эртаклар, кўплаб термалар ва топишмоқлар сақланмоқда.

Филология фанлари доктори Шомирза Турдимов ҳозир Тош шоир Чоршанба ўғли  айтган “Гурўғлининг туғилиши” достонини нашрга тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Унинг номи юртимиздан чиққан машҳур халқ бахшилари қаторида Ўзбекистон Миллий энциклопедияси саҳифаларидан ўрин олган.

1998 йилда филология фанлари доктори Бойназар Йўлдошевнинг “Қашқадарё бадиияти” номли адабий-танқидий мақолалар тўплами чоп этилди. Ушбу китобдаги “Қашқадарё воҳаси оғзаки ижодиёти ва достончилик анъаналари” бўлими 48 бетдан иборат бўлиб, унда ушбу заминда ижод қилган таниқли бахшиларга алоҳида ўрин берилган. Шунингдек, ўнлаб бахши-шоирлар ҳаёти ва ижодий фаолияти таҳлил этилган. Аммо, улар қаторида йирик фольклоршунослар назарига тушган ва халқаро анжуманда ўзини кўрсатган Тош шоир Чоршанба ўғли номини негадир учратмадим.

Қарши Давлат унивеситетида талабаларга таълим бераётган ва Чори Ҳамро, Абдумўмин Қаҳҳоров каби воҳамиздан чиққан йирик фольклоршунослар анъаналарини давом эттираётган тадқиқотчи домлалар бор. Улар Тош шоир Чоршанба ўғли меросига ҳам мурожаат қилиб, унинг бисотидаги достон, терма ва бошқа халқ оғзаки ижоди намуналарини ўрганиб, халқимизга етказадилар, деган умиддамиз.

Илгари сояда қолиб кетган бахшилик санъатига ҳозир катта эътибор берилиб, халқимизнинг қадим оғзаки ижодиёти қайтадан бўй кўрсатмоқда. Термиз шаҳрида бахшилар мактаби очилиб, бўлажак бахши-шоирлар таълим олишмоқда. Қашқадарё бахшилар макони бўлиб, бу заминда ҳам ўзига хос бахшилик мактаблари вужудга келган. Абдулла Нурали ўғли, Қодир каби машҳур бахшилар хотирасига бағишланган беллашувларни ўтказиб туриш эса ёш авлоднинг халқ оғзаки ижодига бўлган қизиқишини оширади, қадим бахшилик санъатининг умри боқий бўлишига замин яратади, деган фикрдаман.

Мўмин АЗИЗОВ, тарихчи-журналист

Report typo