Англиядаги энг семиз эркак, агар дўхтурлар унга газли ичимликлар ичишни тақиқласа, полиция чақириш билан таҳдид қилди, деб ёзади LADBible манбаси.
32 ёшли Жейсон Холт ички аъзолари ишламай қолишни бошлагач, июнь ойида шифохонага ётқизилган. Унгача вазни 300 килограммга етган эркак кунига уч литрдан газли ичимликлар ичишни одатга айлантирган. Бироқ, энди дўхтурлар унга ширин ичимликлар ичишни тақиқлаган. Бемор кунига фақат 1,5 литр сув ичиши мумкин, у шундан норози.
"Менинг инсон сифатида ўз ҳуқуқларим бор, мен нимани хоҳласам шуни ичиш имкониятига эга бўлишим керак", дея ғазабланган Жейсон Холт.
Бундан ташқари, бемор ҳамшираларга, агар уни газланган ичимликлар ичишдан маҳрум этишда давом этишса, полицияга мурожаат қилишини айтган.
"Мен уларга доим айтаман: "Нега сизлар менинг ҳаётимни қийинлаштириш ўрнига ичимликларимни бера қолмайсизлар?", дея қўшимча қилган эркак.
Аммо, дўхтурлар унинг талабини бажаришга шошаётгани йўқ. Улар Жейсон Холтга газли ичимликларга муккасидан кетиш унинг ҳаётига зомин бўлиши мумкинлигини тушунтира олишдан умидвор.