Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Х.ҚИЛИЧЕВА, А.НОРОВ

10.02.2017


ДЎСТЛИК ВА МАДАНИЯТ ФЕСТИВАЛИ

Дастлаб икки кун мобайнида вилоятимиз маркази Қарши шаҳрида ташкил этилган фестиваль доирасидаги турли маънавий-маърифий тадбирлар учинчи куни Нишон, Ғузор, Чироқчи ҳамда Яккабоғ туманларида давом этди. Таъкидлаш жоиз, мазкур тадбирлар вилоятимизда бир оила фарзандлари каби яшаб келаётган турли миллат вакилларини битта эзгу ғоя - “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган шиор остида бирлаштирди.

Нишон туманида фестиваль доирасидаги тадбирлар жорий йилда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари боис янгича қиёфа касб этган Пахтазор қишлоғидаги Чўли Бегимқулов номли маданият ва аҳоли дам олиш марказида ўтказилди. Шу куни бу масканда туман ҳокимлиги масъул ходимлари, қишлоқ аҳли, ҳудудда яшаётган турли миллат вакиллари, зиёлилар, фаол ёшлар ҳозир бўлишди. Нишонлик ёш иқтидор эгалари томонидан  тайёрланган тасвирий ва амалий санъат намуналаридан иборат кўргазма тадбир меҳмонларида катта таассурот қолдирди. “Миллий ва диний бағрикенглик – барқарорлик омили” деб номланган давра суҳбатида асосий эътибор юртимизда, хусусан, вилоятимизда юз бераётган ўзгаришлар, миллатлар ўртасидаги тинчлик-тотувлик, динлараро бағрикенглик каби жиҳатларга қаратилди. Сўз олганлар “Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда”, “Диний бағрикенглик – кўпмиллатли ўзбек халқи фазилати”, “Ўзликни англаш, ҳамжиҳатлик ва тотувликни таъминлашда оила, маҳалла, таълим муассасаси ва миллий-маданий марказларнинг аҳамияти” сингари мавзуларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Таъкидланганидек, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, фаровонликнинг муҳим омилларидан саналади. Вилоятимизда ҳам ана шу руҳ ҳукмрон. Хусусан, Нишон туманидаги Пахтазор қишлоғида 6 мингдан зиёд аҳоли яшаётган бўлиб, улар орасида қирғиз, қозоқ, туркман, рус ва татар миллатига мансуб кишилар ёнма-ён, аҳил-иноқликда яшаб келишмоқда.

- Асли тожикистонликман, - дейди шу қишлоқда яшовчи Зарафшон Абдуллаева. – 25 йилдан бери шу қишлоқда яшаб келаяпмиз. 11 нафар фарзандим, 40 нафар неварам, 3 нафар чеварам бор. Ҳаётимдан мамнунман, сабаби, шундай жаннатмонанд юртда, тинчлик-фаровонликда яшаяпман.

Тадбир “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деб номланган концерт дастурига уланиб  кетди.

* * *

Ғузор туманида ҳам фестиваль доирасидаги тадбирлар ўзгача тараддуд билан ўтказилди. Шу куни тумандаги 4-Болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳудудда туманда яшовчи турли миллат вакиллари жам бўлишди. Турли миллатларнинг миллий куйлари янгради, миллий пазандачилиги намойиш этилди.

Тадбир дастуридан ўрин олган “Соғлом она, соғлом бола – миллат бахти” номли кўргазма иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. “Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” мавзусидаги давра суҳбатини вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров очди. Сўз олганлар кечаги ва бугунги кун, дунёнинг айрим ҳудудларида ҳукм сураётган таҳликали вазият, юртимиздаги барқарор  муҳит ҳақида мулоҳаза юритишди.

Тадбир давомида миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби эзгу тушунчалар тилга олинди, туман аҳолиси ҳаёти-фаолияти мисолида бу тамойилларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди. Фестиваль дастуридан ўрин олган байрамона концерт йиғилганларга чинакам айём завқини бахш этиб, барчани ўйин-кулгига чорлади.

* * *

Яккабоғда ҳам шу каби тадбирлар қизғин таассуротларга бой тарзда ўтди. Ташкил этилган расмлар кўргазмасида юртдошларимизнинг кўтаринки кайфияти, бугунидан розилик, эртадан кўнгил тўқлиги, юртимизнинг ҳар гўшасида юз бераётган ўзгаришлар, вилоятимиздаги ободончилик-бунёдкорлик ишлари акс эттирилган ишлар намойиш қилинди. Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров, Республика Байналмилал маданият маркази директори Насриддин Муҳаммадиев, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов фестиваль иштирокчиларини қутлаб, кўпмиллатли мамлакатимизнинг ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатликка, тенгликка асосланган сиёсати ҳақида сўз юритишди. Бунда истиқлолнинг 25 йиллиги тантаналари олдидан ўтказилаётган бу каби тадбирларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбир сўнгида яккабоғлик санъат вакиллари ва истеъдодли ёш ижрочилар томонидан тайёрланган концерт дастури йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

* * *

Чироқчи туманидаги маданият ва дам олиш марказида ҳам фестиваль доирасида кўргазма, “Миллий ва диний бағрикенглик – барқарорлик омили” мавзусида давра суҳбати ҳамда концерт дастури бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари, турли миллат ҳамда элат вакиллари иштирок этишди. 

Тадбир аввалида марказ фойесида тумандаги ёш ва иқтидорли рассомларнинг тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда мустақиллик манзаралари, юртимизнинг бетакрор табиати, кўркам шаҳару қишлоқларнинг бугунги гўзал қиёфаси, унда тотув ва ҳамжиҳат яшаётган турли миллат вакилларининг турмуш тарзи ўз ифодасини топган.

Кўргазма намойишидан сўнг давра суҳбати ўтказилди. Унда сўз олганлар мамлакатимизда истиқлол йилларида тизимли равишда амалга оширилиб келинаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бу борада эришилаётган улкан ютуқлар, аҳоли, айниқса, ёшлар учун яратилаётган шарт-шароит, беқиёс имкониятлар ҳамда бугун вилоятимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида тўхталиб, буларнинг асосий омили юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, дориломон кунлардан шукроналик ҳиссини туйиб яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, аҳил-иноқлик ва ҳамжиҳатликда эканини таъкидлашди. Ўз навбатида, турли миллатга мансуб тадбир иштирокчилари ҳам сўзга чиқиб, ўз дил изҳорларини, фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

- Ўзбекистон – менинг Ватаним, - дейди фестиваль иштирокчиси Сулейман Шигаев, - Мен Чироқчи туманида туғилиб, шу заминда вояга етдим. Туманимизда кўплаб миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, ўзаро дўстона муносабатда яшаб келишмоқда. Шулар қатори мен ҳам шу юртда камол топиб, бир қатор ютуқларни қўлга киритдим. Айниқса, “Ниҳол” Давлат мукофотининг вилоят ва республика босқичларида қатнашиб, ўз истеъдодимни намойиш этганимдан бахтиёрман.

Давра суҳбатидан сўнг ташкил этилган концерт дастури фестиваль иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Айниқса, ёш ижрочиларнинг “Жаннат ўлкам”, “Жон Ўзбекистон”, “Ватан” каби куй-қўшиқлари, тумандаги 2-мактаб ҳамда 15-Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари иштирокидаги “Буратино” ва “Детское время” каби мусиқий чиқишлар барчага хуш кайфият улашди.

Шунинг билан уч кун давом этган “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” дўстлик ва маданият фестивалининг вилоят босқичи ниҳоясига етди. Фестиваль доирасида ўтган тадбирлар шу жиҳатни ифода этдики, юртимизда яшаётган турли миллат вакиллари ўртасидаги бирдамлик, ҳамжиҳатлик, дўстона муносабатлар ҳеч қачон завол топмайди.

Х.ҚИЛИЧЕВА, А.НОРОВ

Суратларда: туманларда бўлиб ўтган тадбирлардан лавҳалар.

С.НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo