Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

28.05.2019


ДЎСТЛИК ВА МАДАНИЯТ ФЕСТИВАЛИ

Маълумки, "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" Давлат  дастурида миллий-маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ролини янада ошириш ва уларнинг аҳоли ҳаётидаги иштирокини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу асосда анъанавий "Ўзбекистон - умумий уйимиз" шиори остидаги маданий-маърифий тадбирлар бу йил янгича руҳ ва мазмунда ҳудудий ва республика босқичларида ташкил этилмоқда.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, миллий-маданий марказлар, мутасадди жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоятдаги олий ўқув юртлари ўқитувчи ва профессорлари, талабалар дастлаб Қарши давлат университетидаги "Инсон манфаатлари - улуғ қадрият" шиори остида турли миллат ва элат вакилларининг профессионал ва ҳаваскор рассомлари, ҳунармандлари, фото, халқ амалий санъати ҳамда ёшлар ижодий кўргазмаси билан танишишди.

"Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик - барқарорлик омили" мавзусидаги давра суҳбатида вилоят ҳокимининг ўринбосари Илҳомжон Арзиқулов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи Умиджон Турсунов, Ўзбекистон "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Дилмурод Қирғизбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло Усмонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ҳар бир миллат ва элатнинг ривожланиши учун ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилгани, юртимизда яшаб фаолият кўрсатаётган турли конфессиялар вакилларининг эътиқод эркинлигига истиқлолнинг дастлабки кунларидан кенг йўл очилгани ва ушбу йўналишда ижобий натижаларга эришилганини таъкидлашди.

Қайд этиш лозим, азал-азалдан юртимизда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик маънавий баркамолликнинг нишонаси сифатида халқимиз қалбидаги энг гўзал фазилатлар қаторидан жой олган. Маълумотларга қараганда, бундан 100 йил аввал ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида 70 га яқин миллат вакиллари истиқомат қилган. 30 йил ўтгач бу рақам 91, 1959 йилда 113, 1978 йилда 123 тага етган. 2011 йилда олинган рўйхатда Ўзбекистонда 137 миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиши кўрсатилган. Бугун улар юртимизда бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда.

Энг асосийси, дунё ва минтақадаги вазиятнинг мураккаблигига қарамай оқилона ички ва ташқи сиёсат ҳамда халқимизнинг кучли иродаси туфайли мамлакатимизда тинч-осуда ҳаёт барпо этилди. Бағрикенгликнинг муҳим омилларидан бири бўлган миллатлараро ва динлараро тотувлик таъминланди.

- Қашқадарёда тожик ва тожикзабон 300 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади, - дейди тожик миллий-маданий маркази раиси Абдурасул Эргашев. - Шу ўринда давлат раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги узоқ йиллик "музлар эриганини" айтишим жоиз. Чегаралар очилиши муносабати билан 20 йилдан бери кўришмаган қариндошлар, дўст-ёрлар билан дийдор кўришдик, юрт айландик. Ҳар икки томон ҳам хурсанд.

Айни пайтда вилоятимизда рус, татар-бошқирд, туркман, тожик, араб миллий-маданий марказлари фаолият юритиб келмоқда. 4 та ўзбек-тожик, 40 та соф тожик, 36 та ўзбек-рус, 2 та соф рус тилида таълим беришга ихтисослашган мактабларда ёш авлодга чуқур билим бериб келинмоқда.

Эътиборлиси, мамлакатимизда ўзаро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ҳукм сураётган ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини асраш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда барча бирдек фаол қатнашиб келмоқда. Бу йўлдаги хизматлари учун тожик миллий-маданий маркази раиси Абдурасул Эргашев "Дўстлик" ордени ҳамда араб миллий-маданий маркази раиси ўринбосари Ниёзмуҳаммад Панжиев "Шуҳрат" медали билан тақдирланганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Фестиваль бошқа халқлар маданияти, урф-одатлари билан танишишда айниқса, ёшлар учун фойдали бўлди. Унинг доирасида ўтган очиқ мулоқотда миллий-маданий марказлар вакиллари билан бир қаторда талаба-ёшлар ҳам ўз фикрларини баён этишди.

- Ҳозирги кунда Қарши давлат университетида туркман миллатига мансуб 64 талаба таҳсил олмоқда, - дейди Мердан Жепаров. - Мен ҳам улар қаторида эканимдан мамнунман. Университетда туркманистонлик талабалар учун алоҳида, ҳамма шароитлари бўлган турар жой мавжуд, яна ётоқхонанинг ярим пули тўланади. Мунтазам равишда спорт мусобақалари, маърифий тадбирлар, саёҳатлар ташкил этиб борилади. Ёшлар марказида урф-одатларимиз кўргазмаларини, концерт дастурларини ўтказиб борамиз. Умуман, ҳаммаси аъло.

Дўстлик ва маданият фестивали кун тартибидаги мавзу руҳига мос - самимий ва мазмунли ўтди. Худди шундай тадбирлар Деҳқонобод ва Чироқчи туманларида ҳам ташкил этилди.

Фестивалнинг якуний қисми Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш марказида ўтди. Бу ерда вилоятдаги таниқли санъаткорлар, ёш истеъдод эгалари, миллий-маданий марказлар қошидаги бадиий жамоалар иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Шу билан бирга, фестивалнинг вилоят босқичи ғолиблари ҳам аниқланиб, махсус номинациялар бўйича тақдирланди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo