Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

05.06.2018


ДАБДАБАМИ ЁКИ САХОВАТ?

Кенг адирлик бағрига жой ҳозирланган, дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Келиб-кетаётган одамларнинг сон-саноғига етиш қийин. Саҳнада таниқли хонандаларнинг бири қўйиб бири куйлашмоқда.

Тўйда кўпчилик танийдиган диний пешволардан бири сўзга чиқиб, тўй эгасига мақтовларини ёғдирди. Кишининг топган мол-давлатини эл олдига қўйиши, кўпчилик билан баҳам кўриши, ўзгаларга ризқ улашиши ҳам саховат эканини айтиб, тўй эгасининг саховатпеша, қўли очиқлигини         олқишлади.

Қизиғи, орадан маълум вақт ўтиб ўша кишини яна бир тадбирда учратиб қолдим. У энди тўйларда ортиқча исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани,  дастурхонни турли ноз-неъматларга тўлдириб ташлаш одат тусига кириб бораётгани, дабдабавозлик авж олиб кетаётганини танқид қиларди.

Ҳайрон қоласан киши, ундай бўлса, саховат билан дабдаба орасидаги фарқни қандай ажратиш мумкин?

МЕҲМОННИНГ МЕЗБОНГА ДАШНОМИ

Бу тўйнинг довруғи чор атрофга ёйилди. Тўй эгаси томонидан тайинланган жарчилар бир неча кун давомида бозорма-бозор, тўйма-тўй юриб, палончибойнинг катта тўй қилаётгани, кўпкарига, курашга қандай совринлар берилишию Тошкентдан келадиган машҳур санъаткорларнинг исмини номма-ном айтиб, одамларни чорлашди.

Ниҳоят довруғи достон бўлган тўй ҳам бошланди. Узоқ-яқин қишлоқлардан тумонат одам кела бошлади. Тўй бўлаётган хонадонга бориш учун катта йўлдан бурилиб, бир чақиримдан кўпроқ масофага тупроқ кўчадан юриш керак эди. Аксига олиб ўша куни тонгда ёққан озгина ёмғир тупроқ кўпчиган йўлни ботқоққа айлантирди, қўйди.

Тўйга келувчилардан бирининг машинаси, бирининг ўзи лойга ботди. Бу йўлдан юришга қийналиб, изига қайтиб кетганлар ҳам кўп бўлди. Ҳамма жойига лой сачраб, тўйхонага аранг етиб келган бир отахон тўй эгасини ёнига чақиртириб, кўпчилик ичида уқтирди:

- Ўғлим, тўйни боплабсану, ўзинг ҳар куни ўтиб қайтадиган йўлга беш-олти машина тош тўктиришга қийналибсанда. Эсингда бўлсин, тўйни қанча дабдабали қилганинг билан олқиш ололмайсан. Шу харажатнинг озгинасини манави йўлга қилганингда, унинг савоби бошқача бўларди. Кўпчиликнинг дуосини олардинг, невара-чеварангга қадар бу йўлни бобом қилган, деб эслаб юришарди. Ҳали ҳам бўлса шундай қилгин.

МАШҲУР ҲОФИЗ  МАШМАШАСИ

Бу воқеани олийгоҳда дарс берадиган бир ўқитувчи танишим айтиб берган эди:

- Қишлоқда Муҳсин ака деган қариндошимиз бор. Шу киши ўғил уйлантираман деб, икки йил хорижда ишлаб юрди. Қайтадиган куни вокзалга ўзим чиқиб, кутиб олдим. Анча чарчаган, толиққан, бунинг устига даромаднинг ҳам чўғи кам экан. Беихтиёр унга ичим ачишди. Тўй қиламан деб шу ҳолларга тушиб юрибди-да, дея ўйладим.

Эртаси куни Муҳсин акани қишлоққа кузатиб қўйдим. У тўйнинг кунини белгилаб таклиф қилишини, боришим шартлигини қайта-қайта тайинлаб, жўнаб кетди.

Орадан ўн кунча вақт ўтиб, Муҳсин ака телефон қилди. Тўй кунини белгилаганини айтиб, таниқли ҳофизлардан бирини тўйда хизмат қилишга чақириб беришимни сўради. Ўша ҳофиз билан салом- алигимиз бор, тўйга гаплашиб беришим мумкин эди. Лекин у хизмат ҳақига озмунча пул олмайди-да... Муҳсин акага шуни айтдим.

“Майли, қанча бўлса гаплашавер, пулини топиб берамиз", деди у. Телефонда гаплашаяпману, кўз олдимдан Муҳсин аканинг ўша кунги "Қариндош, топиш-тутишнинг ҳам мазаси бўлмади, тўйга сал қийналадиган бўлдик-да", деб турган ҳорғин қиёфаси кетмайди. Шу боис насиҳат қилишга,  машҳур ҳофиз учун катта пул сарфлашнинг кераги йўқлигини тушунтиришга ўтдим. Аммо тушунмади, жаҳл қилиб телефонни ўчириб қўйди.

Тўйга барибир ўша ҳофиз келди. Бошқа биров орқали чақиртирган экан. Тўй дабдабали ва тўкин-сочин ўтди. Лекин...

Орадан бир ҳафта ўтмай Муҳсин ака кичик ўғлини ҳам ёнига олиб яна хорижга ишлаш учун кетибди. Анча-мунча қарз бўлиб қолган экан. Бироқ бу сафар кетгунча менинг уйимга келмади. Танишларнинг айтишича, ҳофизни чақиришга унамаганимдан қаттиқ хафа эмиш.

СИФАТ ЭМАС, НАРХ МУХИМ... (МИ?)

Тўй либосларини ижарага бериш билан шуғулланадиган бир тадбиркор опа билан суҳбатлашиб қолдим. У раҳбарлик қилаётган "салон"да битта  келин кўйлакнинг бир кунлик ижара баҳоси 1 миллиондан 10 миллион сўмгача экан.

- Нархни арзонроқ қилсангиз, мижозлар кўпаяди. Сизга арзон нархга бўлса-да, кўпроқ кўйлакни "пуллаш" афзал эмасми? -  дея сўрадим ундан.

- Сиз айтган усулни ҳам синаб кўрганман, - дейди тадбиркор. - Худди мана шу либосларнинг нархини ўн баробаргача арзон қилиб қўйганман. Чунки шунда ҳам менга яхшигина фойда қоларди. Аммо адашган эканман. Тўй бўлаётган қизлар ота-онаси ёки бирор қариндоши билан келади. Келин кўйлаклардан бирини танлаб нархини сўрайди. Унинг нархи 100 минг сўм эканини эшитгач эса ҳафсаласи пир бўлиб чиқиб кетишади. Билдимки, аксарият қизларимиз учун тўй куни қандай кўйлак кийиш эмас, балки неча миллионлик, неча минг долларлик кўйлак кийиши муҳим. Шуни англаб етганимдан сўнг яна нархни кескин кўтардим ва мижозларимиз сони кўпая бошлади.

Ўйлаб кўрсам, тадбиркор опанинг гаплари айни ҳақиқат экан.

"КАПТИВА" МИНМАГАН ОТА

Яқинда бир тўйда тўй эгаси куёв бўлаётган ўғлига дашном берарди:

- Тўртта "Каптива" гаплашиб бердимку, яна иккитасини қаердан топаман  ҳозир, - дея жиғибийрон бўларди у. - Мана, мен ўзим тўй куни келинни олиб келишга эски "Москвич"да боргандим, шунда ҳам боргунча... Қайтишда келиннинг ёнига тўрт-беш нафар кекса аёлларни ўтирғизиб, ўзим олти чақирим йўлдан пиёда келганман. Худога шукур, тўйда "Каптива" минмаган бўлсак ҳам онанг билан қирқ йилдан буён бахтли яшаяпмиз. Бировдан кам бўлганимиз йўқ.

Тўй эгасининг бу гапидан йиғилган меҳмонлар уни олқишлаб, маза қилиб кулишди. Аслида унинг ўзи ҳам бу гапни атайин кулги учун, ҳазил қилиб айтдию, лекин ҳақиқатни гапирган эди. Чинда,    бахтли оилани тўйда нечта машина миниш билан бунёд этиб бўлмайди-ку...

 

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Report typo